Тавсия қиламиз

ЕМОҚ ВА ИЧМОҚ ҲАҚИДА

Мақолалар access_time21-апрел 2017, 18:21

Ҳалок бўлмаслик учун таом тановул қилиш фарздир.  Шунингдек, ичимлик…

Ҳаётий қисса 

Мақолалар access_time9-сентябр 2017, 17:03

Бир камбағал, фақир кишининг бошига оғир ташвиш тушди, қарзлари кўпайиб…

Биласизми?

Биласизми access_time8-август 2017, 13:49

"Фотиха" сураси -> АЛЛОҲнинг қаҳридан сақлайди ...  "Ясин"…

ГЎЗАЛ ХУЛҚ

access_time3-июль, 15:55 visibility300

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

  Ўзининг тадбири билан ишларни тартибга солган, мўътадилликни хулққа чирой этиб берган, инсонни гўзал шаклу шамойил билан яратиб, зиёдаю нуқсондан асраган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Гўзалликда комил ахлоқи билан бизга намуна бўлган Аллоҳнинг қули, суюкли пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсон деган мавжудотни яратар экан, унга - жасадга турлича ҳусн берди. Аммо бу зоҳиран инсоннинг кўринишидир холос. Лекин асосий сийратни ботинда жам этди. Бу эса хулқ деб аталди. Хулқ бирла инсон «инсон» мақомига сазовор бўлди. У бўлмаса ҳолимиз не кечарди, Аллоҳ асрасин. Инсон энг аввал ишни ўзни англамоқдан бошлаши керак. Бу ҳодиса унда рўй бермас экан, ҳеч бир иш ўнгланмайди. Ўзни англамоқ нега келдику не қилмоқ керак эканлигини мазмун-моҳиятини тушуниш ва англашдир. Буларга жавоб топа олиш эса ўзни англамоққа ташланган қадамдир. Англамаган киши эса албатта ўзига жабр қилганлардандир. Зоҳирда нелар мужассам аслида? Биз зоҳирда кўраётган нарсалар жасад холос, яъни қулоқ, бурун, қош, кўз ва бошқа аъзолар. Аслият ичкаридадир ва ботинда не бўлса зоҳирда акс этгай. Сўзимиз бошида айтиб ўтганимиздек, бугун сиз суҳбатдош билан «Гўзал хулқ» ҳақида фикр алмашамиз. Инсонда бир парча гўшт борки бу – қалб деб аталади. Уни подшоҳ деб оладиган бўлсак, унинг амалдорлари, яъни хизматкорлари бор. Булар нафс, шаҳват, ғазаб, ва жасаддир. Жасад қалбни ташқи таъсирдан сақлайди, яъни турли офатлардан ва шикастлардан. Аммо инсондаги гўзал хулқ қалб ҳимоячисидир, қалб мамлакатининг ботиндаги деворидир. Инсон агар унга сайқал бериб тарбият эта олса, гўзал хулқ ҳам ботин, ҳам зоҳир ҳимоячисига айланади. Ва бундай хулққа мисол қилиб ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини оламиз.

Аллоҳ таоло ўзининг суюкли Пайғамбарини мақтаб, у зотта берган улуғ неъматини шундай эслатади: «Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам, 4).

Оиша розийаллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқи Қуръон эди» (Муслим ривояти).

Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан гўзал хулқ ҳақида сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом ушбу оятни ўқидилар: «Афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199). Кейин дедилар: «Гўзал хулқ — алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир» (Анас ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим». Яна айтдилар: «Қиёмат кунида мезоннинг тақво ва ҳусни хулқ турган палласи нақадар оғир бўлади!» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

 

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўпараларига келиб:

— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима?, - деб сўради.

— Гўзал хулқ, дедилар.

У киши сарвари оламнинг ўнг томонига ўтиб яна савол қилди:

— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули?

— Гўзал хулқ, деб жавоб бердилар. Кейин сўл томонларига ўтиб яна:

— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули?, - деб сўради.

— Гўзал хулқ, - дедилар Расули акрам алайҳиссалом. Сўнг орқаларига ўтиб:

— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима?, - дея қайта сўради. Пайғамбар алайҳиссалом у киши томон ўгирилиб:

— Гўзал хулқ, (гўзал хулқ эса) ғазабланмаслигингдир, энди тушундингми?!, - дедилар» (Марвазий ривояти).

 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:

— Бадбахтлик нима, ё Расулаллоҳ?

— Ёмон хулқ! дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

 

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

— Менга насиҳат қилинг, - деди.

— Доимо Аллоҳдан қўрқ!, - дедилар.

— Яна насиҳат қилинг, - деди у киши.

— Ёмонликнинг изидан уни ўчирадиган бир яхшиликни эргаштир!

— Яна насиҳат қилинг.

— Одамларга гўзал хулқ билан муомала қил, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи

васаллам» (Термизий ривояти).

 

Пайғамбар алайҳиссаломдан сўралди:

— Амалларнинг афзали қайси?

— Гўзал хулқ!, - дедилар.

 

Фузайл ибн Иёз айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломга:

— Фалончи аёл кундузлари рўза тутади, кечалари бедор бўлиб, намоз ўқийди. Бироқ

унинг хулқи ёмон: қўшниларига тили билан азият етказади, - дейишди.

Шунда Расули акрам алайҳиссалом:

— Унинг бу ишларида хайр йўқ. У аёл жаҳаннам аҳлидандир, - дедилар».

 

Ҳа, киши қанча эзгу амаллар қилмасин, хулқида ноқислик бор экан амаллар зоедир. Инсонлар бу хусусда, гўзал хулқ аслида қандай эканлиги ҳақида кўп ўйлашмасин. У биз ўйлагандек узоқ масофада ёки қийин бўлган амаллар ортида эмас. Ҳусни хулқ – очиқ юзли бўлишда, озор беришдан тийилишда, хайру саховатли бўлишдадир.

Тафаккур қилинг…

Mehrob.uz матбуот хизмати

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР