Тавсия қиламиз

Ҳанафий мазҳаби усулига оид муҳим савол:

Мақолалар access_time23-январ, 12:06

Ҳанафий мазҳаби усулига оид муҳим савол: Абу Зайд исмли биродар, ҳафизаҳуллоҳ,…

БЕШИКДА ГАПИРГАН БОЛА

Мақолалар access_time7-ноябрь 2017, 09:34

БЕШИКДА ГАПИРГАН БОЛА   Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ…

Жаннат эшиклари уёқда очиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор.

Мақолалар access_time20-май 2018, 18:26

Жаннат эшиклари уёқда очиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор. Таъсири шуки,…

ҒИЙБАТ

access_time29-июль, 12:22 visibility470

        Ислом дини таълимотида ғийбат қилиш биродарининг гўштини ейиш билан қиёсланади. Умуман олганда, тил билан қилинадиган гуноҳларнинг рўйхати кўпдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шаърифларида бармоқлари билан тилларига ишора қилиб саҳобаларига айтган ҳадислари бор. Тил ажойиб бир хилқат ҳисобланади. Унинг жойлашувини кўз олдингизга келтиринг. Қалъанинг деворларига ўхшаш ўттиз иккита тиш билан ҳимояланган. Тепадан идорани билдириб турувчи мия билан бошқарилади. Танглай эса тилнинг томидир. Тил ташқи аъзо ҳам, ички аъзо ҳам эмас. Кўзга, бурунга, қулоққа ўхшаган ташқи аъзо эмас. Жигар, юрак, буйрак сингари ички аъзо ҳам эмас. Ақл жасад билан руҳни бошқариб турганидек, тилнинг жойлашуви ҳам ажибдир. Қинидан чиққан қилич жароҳат етказса, у жароҳатни малҳам билан даволаса бўлади. Аммо тил билан етказилган жароҳатнинг битиши қийиндир.

«Устуҳон эрмаски они рост қилса мумиё».

дейди шоирлар. Суякмаски уни мумиё билан тикласа дейди. Тилнинг жароҳати оғир бўлади. Айнан мана шу тил инсоннинг дунё ва охиратда саодат топишига хизмат қилади. Ва аксики, шу тил кишини дунё ва охиратда хор бўлишига сабабчи бўлади. Тавҳид калимаси тил билан айтилганидек, ширк сўзлар ҳам худди шу аъзо ёрдамида айтилади. Яхши сўзда ҳам тил ижрочи, ёмон сўзда ҳам айнан унинг ўзи ижрочидир. Шунинг учун тилни тийиш, ҳамма ёмонликлардан сақланишнинг калитидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ғийбатнинг ҳиди бўлган экан. Бир куни атрофга ёмон ҳид тарқалди. Шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Бу ниманинг ҳиди эканлигини биласизларми? – дедилар.

— Билмаймиз, – дейишди саҳобалар.

— Кофирлар, мушриклар мусулмонларни ғийбат қиляпти. Шунинг ҳиди, – дедилар.

Аммо бугун ғийбатнинг бадбўй ҳидига бизнинг бурнимиз шундай ўрганиб қолдики, ҳид қаёқда дейишингиз мумкин. Ҳид бор, аммо бурун унга мослашиб бўлган. Масалан, бир корхона, тери ошлайдиган цехга кирсангиз ҳидига чидаб тура олмайсиз. Аммо ўша жойда ишлайдиган одамга бу сезилмайди. Чунки унинг бурни бу ҳидга мослашиб кетган. Ғийбатга ҳам бизнинг бурнимиз ўрганиб қолган. Ғийбат ҳамма ёқни босиб кетди. Нега бундай бўлди биласизми? Чунки унга қарши чора кўрилмайди. Ҳамманинг ғийбатга қўшилиб ғийбат қилгиси келади. Ҳатто ҳақни ҳимоя қилиш учун ғийбат қурол воситасига айланиб қолди. Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биров сўкиниб, аччиқланиб ҳақни ҳимоя қилаётган бўлса, унинг нияти касалдир. Ҳақ бунақа йўл билан ҳимоя қилинмайд». Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ٱدْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِٱلْحِكْمَةِ وَٱلْمَوْعِظَةِ ٱلْحَسَنَةِ وَجَٰدِلْهُم بِٱلَّتِى هِىَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِۦ وَهُوَ أَعْلَمُ بِٱلْمُهْتَدِينَ

яъни: «Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир». (Наҳл сураси, 125-оят)

Ҳеч бир ерда ва вақтда даъват сўкиб ёки ҳақорат қилиниб амалга оширилмайди. Кимдир шунақа қилса, у одамнинг ўзи ҳақдан ташқаридадир. Ҳатто Мусо алайҳиссалом ва унинг акаларига Аллоҳ таоло: «Фиръавннинг олдига боринглар ва унга яхши гапиринглар» деди. Тилни доим яхши сўз ижро этишга чорлаш керак. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: «Агар ҳақни кўрсанг, унга югур. Югуролмасанг юриб бўлса ҳам бор. Агар юра олмасанг, эмаклаб бўлсада бор. Аммо ундан юз ўгириб ортга қайтма». Чунки охирда тарозида юк босадиган нарса ҳақдир. Мана шу ҳақ йўлида эса бизга Аллоҳ таоло ўзи ёрдамчи эканлигининг хабарини бериб қўйди. Банда бу йўлда сабр қилсин, барча машаққатларга чидасин, шукр қилсин. Чунки ҳаққа етишиш осон эмас.

Маъсиятлар лаззати кетди, энди унинг жазоси қолди.

Тоатлар машаққати кетди, энди унинг савоби қолди.

Шунинг учун Мавлоно Жалолиддин Румий айтадиларки: «Гиламни осиб қўйиб таёқ билан урадилар. Нима учун? Уни поклаш учун. Гиламга азоб бериш учун урилмайди. Инсонга ҳам Аллоҳ таоло турли машаққатлар берадики, уни хорлаш учун эмас, балки тозалаш учундир». Агар Аллоҳ таолога маҳбуб бўлган банданинг ҳаёти текис бўлиши керак бўлганида эди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари текис бўлган бўларди. Аллоҳ таоло у зотни инсон бошига тушадиган ҳар қандай бало билан синаб кўрди. Ҳам ул зотни тарбиялади, ҳам умматга сабоқ қилди. Бугун биз тўйлар қиламиз, ҳаммадан маслаҳат оламиз. Аслида ўрнак оладиган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Ул зот ҳам тўй қилганлар, қиз чиқарганлар, ул зот қандай йўл тутган бўлсалар худди шундай қилиш керак. Ахир биз ҳақ йўлда у кишига эргашдик. Нима учун тўй қилишда у кишидан маслаҳат олмаймиз? Бошқа турли масалаларда у кишидан маслаҳат олмаймизда, кимларнидир гапига кирамиз. Шу биз йўл қўядиган энг катта хатодир. Мўмин киши бошига не кулфат келса сабр қилиши керак. Мўминнинг ҳаёти бир текис бўлса, у мўмин ўлганлигини билдиради. Мўмин кишининг ҳаёти бир текис бўлмайди. Ҳудди юрак урганда унинг чизиқлари пасту баланд бўлгандек. Одамларнинг энг касодга учрагани Аллоҳ қолиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолгани бўлади. Ундан ҳам баттарроқ касодга учрагани ўзиям қолиб, одамлар билан овора бўлиб қолганидир. Шунинг учун инсон ижтимоий мавжудотдир. Одамзот ёлғиз яшолмайди. Ким биландир гаплашиб ўтиргиси келади. Суҳбатларда эса доим дунё ҳақида гапирмаслик керак. Ҳар суҳбатда фақат дунё ҳақида сўзланса, бу қалбни ўлдиради. Ҳар биримизга Аллоҳ таоло суҳбатларда ғийбатдан тийилишликни ва тилимизни яхши сўзлар ила зийнатлашимизни насиб айласин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

 

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР