Тавсия қиламиз

“Ҳадиси шариф билимдони” мусобақасининг шартлари тўғрисида асосий тушунча ва маълумотлар

Мақолалар access_time25-апрел 2018, 16:23

“Ҳадиси шариф билимдони” мусобақасининг шартлари тўғрисида асосий…

ИСЛОМ ПОК БЎЛГАН НАРСАЛАРНИ ҲАЛОЛ ҚИЛАДИ

Мақолалар access_time28-май, 19:27

  Ҳайвон гўшти ейиш хусусида ҳукм беришда инсонларнинг бир қисми исрофга…

Ўйин кулги ақлни юксалтирадиган нарса эмас.

Мақолалар access_time28-сентябр 2017, 13:50

Машойихлар айтадиларки, жамиятнинг аъзолари юксалмаса, халқ юксалмаса, жамият…

СИЛАИ РАҲМ 

access_time31-июль, 14:06 visibility454

      Силаи раҳим араб тилидаги ибора бўлиб, ака-ука, опа-сингил ва қариндошлар ўртасидаги боғланиш, борди-келди қилиш маъносида ишлатилади. Зотан, ота-она, фарзандлар, ака-ука ва бошқа қариндошларнинг аҳил ва тинч-хотиржам яшаши дунёнинг файзи баракотидир. 
Силаи раҳмнинг фазилати тўғрисида оят, ҳадис ва ривоятлар кўп. 
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: 
«Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам) дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқинг! Шунингдек, ўрталарингдаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш) дан қўрқинг! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир» (Нисо, 1). 
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан асари қолишини яхши кўрса, силаи раҳм қилсин», деганлар (Муттафақун алайҳ). 
Демак, қариндош-уруғларга яхшилик, ёрдам ва хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини Аллоҳ таоло кенгайтириб қўяди. Шу билан бирга вафотидан кейин яхши ном ва хотира қолади. 
Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ким Роббисидан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли унга яхши кўрсатиб қўйилади», деган (Имом Бухорий «Ал-адаб ал-Муфрад»да ривоят қилган). 
Демак, ким Раббисидан қўрқиб, унинг буйруқларини бажарса, ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида силаи раҳм қилса, умри зиёда қилиниб, ажали орқага сурилади, дейилмоқда. Банданинг ажали орқага сурилиши умрга барака берилишидир. 
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Силаи) раҳм Раҳмон (исми)нинг бир бўлагидир, Аллоҳ (раҳмга) деди: Ким сени (маҳкам ушлаб) боғласа, мен ҳам унга (алоқамни) боғлайман, ким сени узса, мен ҳам ундан (алоқамни) узаман», деб хабар берганлар (Имом Бухорий ривояти). 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу мавзу ила боғлиқ ҳадислари: 
Бухорий ҳам, Муслим ҳам Абу Ҳурайрадан нақл этадилар. Пайғамбарими  соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:  
Аллоҳ бутун жонзодларни ва уларнинг барча аъзоларини яратгандан сўнг, силаи раҳим (Силаи раҳим - бу ерда: аёл кишининг аъзоси, асалдони маъносида ишлатилган.) ўрнидан турди ва Аллоҳга қараб дедики:  
— Эй Рабб, қон-қариндошлик алоқаларининг узилмоғидан асрамоғингни тилайдирганнинг жойи ҳали шу бўлдими?  
Аллоҳ:  
 — Ҳа, шу. Аммо, агар мен қон-қариндошлик муносабатларини мустаҳкамлайдиганларни ёрлақасам-у, уни узганлардан эрса раҳматимни дариғ тутсам, рози бўлғаймисан?  
Силаи раҳим: -Ҳа. Аллоҳ:  
— Сени деб шундай қилгум! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўнгра буюрдиларки:  
— Хоҳласангиз мана бу оятни ўқинг! (Ва ўзлари ўқидилар).  
— Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар.)  
Ҳз. Абу Бакр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:  
 — Зулм қилганларга ва қон-қариндошлик алоқаларини узганларга (яъни силаи раҳим қилмаганларга) Аллоҳ охиратда бўлакча бир азоб тайёрлайди, бу дунёда ҳам тез жазо  беради. Бу икки феъл-атвор (зулм қилиш ва силаи раҳим қилмаслик)дан бошқа, бу ёруғ дунёда жазоси берилишига арзигулик бирон гуноҳ йўқдир.  
Бухорий ва Муслим қайд этадилар:  
 — Қон-қариндошлик, яқинлик алоқаларини узганлар (силаи раҳим қилмаганлар) жаннатга кирмайди. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:  
 — Жаброил қошимга келиб, дедики: «Бугун Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (Бароат Қандили)дир. Бу кеча Аллоҳ Баъни қабиласининг (қўйи кўп бўлган бир қабила) қўйларининг жунлари қанча бўлса (яъни жунларининг қили қанча бўлса) шунча одамни афв этади.
Фақат мушриклар, жаҳлидан тушмаганлар, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар, силаи раҳим қилмаганлар, такаббурлар ва гердайганлар, онасига-отасига қарши борувчилар ва майпараст ичкиликбозларга қайрилиб қарамайди, уларни ёрлақамайди». 
Исбиҳоний Аҳмад ат-Тамамий ал-Бустий шундай қайд этади: 
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида ўтирардик. Шундай буюрдилар:  
— Бугун бу ерда қариндошларидан алоқасини узганлар ўтирмасин!  
Орамизда ўтирган бир ёш ўрнидан турди, холаси билан ораларидан ола мушук ўтган экан, ўшаникига кетмоқчи бўлди. У чиқиб кетишдан олдин холаси билан оралари бузуқлиги учун афв сўради. Расулуллоҳ эса унинг учун Аллоҳдан афв тиладилар. Шундан сўнг у холасиникига бориб келиб, орамизга қайтди.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:  
 — Ичида қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, бундай миллатга Аллоҳнинг раҳмати ёғмайди.  
Абу Ҳурайра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳикоя қилаётган эди. Бир пайт дедики:  
 — Қон-қариндошлик алоқаларини бузганлар ёнимизда ўтирмасин!  
Шу пайт йиғинда ўтирган бир ёш йигит ўрнидан турди, силаи раҳим қилмайдиган бир аммаси бор эди. Ўшаникига кетди. Ярашди. Аммаси ундан узр сўраб келганининг сабабини сўрабди, йигит Абу Ҳурайранинг сўзларини айтибди. Шунда аммаси: «бор, бу гапни охиригача билиб ол!» - дебди. Йигит даврага қайтиб келиб, гапнинг охирини сўради. Абу Ҳурайра шу жавобни берди:  
 — Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, ул табаррук зот шундай деган эдилар:  
 — Миллат ичида қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, унга Аллоҳнинг раҳмати ёғмайди!  
Тобароний ҳадисни бундай қайд этади:  
 — Миллат ичида қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, бу миллатга фаришталар тушмайди.  
Яна Тобароний қайд этади:  
 — Ибн Масъуд бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирарди.  
Дедики:  
 — Худо ҳаққи, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, орамиздан туриб кетсин! Биз Раббимизга дуо ўқимоқчимиз. Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлган жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул бўлмайди. 
Тобароний ва Ҳоким қайд этадилар:  
 — Кимдаки уч нарса бор бўлса, Аллоҳ (қиёматда) унинг савол-жавобини осонлаштиради ва 
унга раҳмат ёғдириб, жаннатига қўяди. 
Саҳоба сўради:  
— Уч нарса нима, эй Аллоҳнинг Расули? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  буюрдики:  
1. Сени маҳрум қилганга сенинг илтифотинг (Сенга бермаганга сенинг беришинг).  
2. Сен билан яқинликни узганларга сенинг силаи раҳим қилишинг.  
3. Сенга зулм қилганларни кечиришингдир. Мана шундай иш қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга 
қўяди. 
Ким икки дунё саодатини ирода қилса, сила раҳмни кўпайтириши керак бўлади. 
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. 

Юнусобод тумани бош имом хатиби Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР