Тавсия қиламиз

БИЛАСИЗМИ:Мия - инсоннинг энг мураккаб...

Биласизми access_time1-июль 2017, 12:06

  Мия - инсоннинг энг мураккаб ва энг кам ўрганилган тана аъзоси. Биз…

Имом-хатиб аҳоли билан суҳбат ўтказди

Янгиликлар access_time22-март 2017, 20:10

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни…

Фалакий ҳисоб билан шаръий вақтларни белгиласа бўладими?

Мақолалар access_time4-июнь 2019, 00:41

Саудиянинг бир минтақасида ҳилол (янги ой) кўрилгани айтилди. Малайзия,…

ИЧКИЛИК, ЗАРАРЛИ ҲАР ҚАНДАЙ НАРСАНИ ЕБ, ИЧИШЛИК ХАРОМДИР

access_time2-август, 16:19 visibility376

Ичкилик, маст қилувчи спиртли моддалардир.

Ичкиликнинг ақл, вужуд, дин ва дунё устидаги зарарлари ҳақида гапириш ёки хотин, эркак ёхуд болалар каби оила аъзоларига нисбатан таҳликаларини изоҳлаш - маълум нарсанинг такрорлашдан бошқа нарса эмас. Руҳий, моддий ва аҳлоқий жиҳатдан ичкиликнинг жамият ва миллатларга бўлган қўрқинчли зарарлари ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин.

Бу хусусда тадқиқотчиларнинг бирининг шу сўзларига бир қулоқ тутинг: "Инсон ҳаёти давомида ичкиликдан ҳам кўра ёмонроқ бир зарба еган эмас! Ичкилик сабабли вужуд хасталикларига учраган ёхуд телба бўлган... Ичкилик сабабли ўз жонига қасд қилган ёки бошқа бирини ўлдирган... Ичкилик сабабли асаб касалликларига тутилган ёки ошқозон, ичак касалликларидан шикоят қилган... Ичкилик сабабли инсоний қиёфасини йўқотган... Ичкилик сабабли алданиб ёки ўз ихтиёри билан бор-бурдини сотган... Охир-оқибат хор-зор бўлиб ўлиб кетган... Шунга ўхшаш бутун фалокатлар ичкилик туфайли содир бўлган... Бутун дунёдаги шифохоналарда тадқиқот ўтказилиб натижалари жаҳон жамоатчилигига эълон қилинса энди муҳаққақки тасвирлаб бўлмас даражадаги даҳшатли бир манзара ўртага чиққан бўлар эди.

Жоҳилият даврида ичкилик ичишлик ҳаддан ташқари кенг ёйилган эди, дастурхонлар ичкиликсиз ёйилмас эди. У давр инсонлари шунчалик ичкиликка берилган эдиларки, луғатларида ичкиликнинг юздан зиёд номи бор эди, шеърларида фақат ичкилик тўла дастурхон тасвирланар эди.

Ислом келиши билан юксак бир аҳлок дастури уларни тарбия қила бошлади ва босқичма-босқич ичкиликни ҳаром эканлигини тушунтириб борди. Масалан: Аввалига маст ҳолда намоз ўқишпикни манъ этди. Кейин зарарининг фойдасидан кўпроқ эканлигини билдирди ва ниҳоят, Аллоҳ таоло ҳар турли маст қилувчи ичкиликки қарши ўзининг сўнгги ва қатъий ояти каримасини нозил қилди:

"Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг қар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизда бузғу адоват солишни қамда сизларни Аллоқни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!" (Моида сураси, 90- 91).

Бу икки ояти каримада Ҳақ таоло ичкилик ва қиморнинг ҳаром эканлигини очиқча билдиргандир. Зеро, уларни бутлар ва фол ўқлари билан биргаликда шайтоний сифатлар деб атаган. Чунки шайтоннинг иши ёмонлик ва мункирдир. Аллоҳ таоло инсонларни бундай ишлардан узоқ туришларини ва ҳазар қилишларини амр этиш билан, бунинг саодатга олиб борадиган бирдан-бир тўғри йўл эканлигини билдиргандир. Шунингдек, ичкилик ва қиморнинг ижтимоий зарарларидан инсонлар орасига гина ва адоват уруғларини сочишлигини, руҳий зарарларида эса: намоз ва Аллоҳ таолога зикр қилишдан тўсишлигини эслатиш билан Аллоҳ таоло мўминларни бундай шайтоний ишлардан воз кечишликка буюради. Мўминлар бу қатъий ва очиқ амрга "Воз кечдик, Аллоҳим! Воз кечдик, Аллоҳим!" деб жавоб берганлар".

Ҳақиқатан мўминлар мазкур оят нозил бўлгандан сўнг кишини ҳайратлантирадиган даражада ҳаракатлар қилганлар. Масалан: қўлида ичкилик тўла қадаҳи бўлган ва ҳатто уни ичаётган одам бу оятни эшитар-эшитмас қадаҳдан оғзини олиб, қолган қисмини дарҳол тўкиб ташлайди.

Дунёдаги мавжуд ҳукуматларнинг деярли барчаси ичкилик жамиятга зарар келтиришига ишонади. Баъзилари Америкадаги каби куч ва қонун йўли билан уни таъқиқлашга ҳаракат қиладилар. Лекин афсуски бу ишни бажара олмаганлар. Ислом эса ўзининг илк давридан бошлаб ичкиликка қарши курашган ва муваффақиятга эришган.

Черков мансублари ҳам ичкилик ҳақида насронийликнинг қарорлари хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзилари Инжилнинг "Ичкиликнинг ози ошқозон учун зарарли эмас" ифодасини далил сифатида кўрсатадилар. Агар бу сўз тўғри бўлиб ичкиликнинг ози ошқозонга ҳақиқатан зарар қилмаган тақдирда ҳам ўша озидан ҳам ҳазар қилиш керак. Чунки ичкиликнинг ози аста секин инсонни кўп ичишликка етаклайди. Бир қадаҳ иккинчисини, иккинчи қадаҳ учинчисини бошлаб инсоннинг ҳалокатига сабаб бўлади. Аммо ичкилик хусусида Исломнинг амри очиқ ва қатъийдир.

МАСТ ҚИЛУВЧИ ҲАР БИР НАРСА ИЧКИЛИКДИР

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонасида биринчи бўлиб ичкиликни ҳаром деб эълон қилар экан, унинг қайси моддадан тайёрланганига қарамаган, балки унинг сўнг таъсирига, яъни маст қилишлигига диққат этган. Инсонлар уни қайси ном билан атаса атасин, қандай моддадан тайёрланса тайёрлансин, маст қилувчи ҳар бир нарса ичкилик ҳукмидадир. (Шунга кўра пиво ва унинг каби ичкиликлар ҳам ҳаромдир)

Асал, тариқ, арпа каби моддаларнинг ачитишлик йўли билан ҳосил бўлган ичкилик ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралганда шундай жавоб берганлар:

"Маст қилувчи ҳар бир нарса ичкилиқдир. Ҳар қандай маст қилувчи ичкилик ҳаромдир" (Муслим).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эса пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларидан туриб бутун инсонларга "Ақлни кетказадиган ҳар бир нарса ичкилик" эканлигини эълон қилдилар (Бухорий, Муслим).

КЎПИ МАСТ ҚИЛУВЧИ НАРСАНИНГ ОЗИ

Ислом, ичилган ичкиликнинг оз ёхуд кўплигига қарамай қатъий "ҳаром" ҳукмини чиқарган.

Исломий ҳукм учун инсонларнинг бу йўлда биргина қадам қўйишларининг ўзи етарлидир. Зеро бу илк қадамдан сўнгра давоми бор ва ичкилик ботқоғига бир ботган киши орқасига қайта олмайди.

Бу хусусда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”. (Бу ҳадисга кўра, маст бўлмаган ҳолда ва эиёфатларда протокол имзолари асносида бир неча қултум ичкилик ичган кимсаларнинг бу ҳаракатлари Исломга зиддир ва қатъиян ҳаромдир.)

Мазкур ҳадисни Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Яна бу ровийлар келтирган бир ҳадиси шарифда айтиладики: "Бир қозони маст қилган нарсанинг бир ҳовучи ҳам ҳаромдир".

ИЧКИЛИК ТИЖОРАТИ

Ислом ичкилик ичишни ҳаром қилиш билан чекланиб қолмай, айни замонда унинг тижоратини ҳам ҳаром сифатида таъқиқлаган.

Ичкилик ишлаб чиқариш, ичкилик сотиладиган маконга эга бўлиш ва бундай бир жойда хизматчи бўлиб хизмат қилиш каби ҳолатлар мусулмон учун қатъиян ҳаромдир.

Шу боис Термизий ва Ибн Можа ишончли манбалардан келтирган ривоятларига қараганда бу нарсалар қаттиқ қораланади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкилик хусусида ўн кишини лаънатлаганлар: Ичкиликни сиққан, ўзи учун сиққан, ичган, ташиган, ўзи учун ташиган, ичирган, сотган, пулини еган, сотиб олган ва ўзи учун сотиб олган кишилар..."

Юқорида эслатганимиз Моида сурасининг ичкилик ҳақида ояти тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Аллоҳ ичкиликни ҳаром қилди. Бу оятдан хабар топиб ёнида ичкилиги бўлган киши энди ундан ичмасин ва уни сотмасин" (Муслим).

Ровийнинг айтишича шундан сўнг барча мўминлар ёнларидаги бор ичкиликларини Мадина кўчаларига тўкдилар.

Ҳаромга олиб борадиган йўлларни тўсишлик учун Ислом мусулмонларнинг ичкилик тайёрланадиган жойларга (агар бу ҳакда аниқ далиллари бўлса) узум сотишларини ҳаром қилган. Бу хусусда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: "Бир яҳудийга, насронийга, ҳатто мусулмон бўлса ҳам ароқ тайёрлайдиган бир кишига сотиш учун узумини сақлаб қўйганлар кўра била туриб оташни тишлаган бўладилар". (Табароний).

МУСУЛМОН АРОҚ ҲАДЯ ҚИЛМАЙДИ

Ароқни сотиб пулни ейишлик мусулмон киши учун ҳаром бўлганига кўра, яҳудий, насроний ёки бошқа бир ғайридинга уни бепул ҳадя қилишлик ҳам ҳаромдир. Мусулмонлар ичкилик ҳадя этиши ёхуд ўзига ичкилик ҳадя этилиши унинг шарафига ярашмайди. Чунки мусулмон киши покдир, пок нарсадан бошқани ҳадя қилмайди ва нопок нарсани қабул қилмайди.

Ривоят қилинадики, бир одам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ичига ароқ қуйиб тарқатиладиган бир хумни ҳадя қилмоқчи бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкиликни Аллоҳ таоло ҳаром қилганлигини хабар берганларида у одам:

- Сотишим ҳам мумкин эмасми?, деди.

- "Ичилишини ҳаром қилган унинг сотилишини ҳам ҳаром қилгандир"

- Яҳудийга ҳадя қилсам бўлмайдими?

- "Уни ҳаром қилган яҳудийга ҳадя қилишликни ҳам ҳаром қилгандир".

- Ундай бўлса нима қилай?

- "Чўлга элтиб ташла", дедилар (Ҳумейди).

ИЧКИЛИК МАЖЛИСЛАРИДАН УЗОҚЛАШИШ

Шу тариқа мусулмон ичкилик мажлисларидан ва ароқ ичувчилар билан бирга ўтиришликдан узоқлашишга буюрилгандир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадики:

"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: "Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган киши устида ароқ бўлган дастурхонда ўтирмасин".

Бу ҳадисни Имом Аҳмад ривоят этган. Айни маънодаги бир ҳадис Термизийнинг ривоятида ҳам мавжуд.

Мусулмоннинг вазифаси динга зид бўлган ҳар нарсани тузатиш, бунга кучи етмаган такдирда эса турган жойидан узоқлашишдир.

Ривоят қилинишича халифа Умар ибн Абдулазиз ароқ ичганларни ва ичмаса ҳам ароқ мажлисида ўтирганларни калтаклашга буюрган эди. Ва яна бир ривоятга кўра бир гуруҳ ароқхўрларни ҳузурига олиб келганларида уларни таёқ билан уришга буйруқ беради. Ораларида рўза тутган бир кишининг борлигини хабар берганларида эса: "Биринчи бўлиб ўшандан бошланглар. Магар бу ҳакда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нима деганини эшитмадингизми? Эшитмаган бўлсангиз эшитинг" деди ва шу оятни ўқиди:

"Ахир Аллоқ сизларга Китобда: "Қачонки Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилган чоғда, бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар", деган сўзларни нозил қилган эди-ку?!" (Нисо сураси - 140).

ИЧКИЛИК ДАВО ЭМАС – ХАСТАЛИКДИР

Бугун бу мисоллар билан Ислом ичкиликка қарши курашишга, мусулмонларнинг ундан узоқлаштиришга, ароқ ичилган ёки бор бўлган ерга қадам босмасликка чақиради ва бу хусусда қатъий ҳукмлар эълон қилади.

Оз бўлса ҳам ичиш, сотиш, сотиб олиш, ҳадя этиш, сиқиш, дўконга ёки уйга келтириш, тўй ва базмларда дастурхонга қўйиш, мусулмон бўлмаган бир меҳмонга такдим қилиши ва ҳар қандай емак ичимликка аралаштириш каби хусусларда Ислом қатъий ҳукм чиқариш билан буларни мусулмонлар учун ҳаром қилган.

Шу ўринда аниқлик киритиш лозим бўлган бир хусус бор: У ҳам бўлса ичкиликнинг дори сифатида қўлланишидир. Бир киши ичкилик ҳақида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради ва Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бу ишдан қайтарди. Шунда ҳалиги одам, ундан дори сифатида фойдаланаман деганда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "У даво эмас, хасаталикдир". (Ибн Хиббон).

Яна Абу Довуд келтирган бир ривоятга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: "Аллоҳ таоло касаллик билан бирга унинг давосини ҳам туширди. Ҳар касалликка бир даво яратди. Даволанинг, аммо ҳаром билан даволанманг".

Имом Бухорийнинг ривоят қилишича Ибн Масъуд маст қилгувчи нарсалар ҳақида шундай деган: "Аллоҳ таоло шифоларингизни сиз учун ҳаром қилинган нарсаларда қолдирган эмас".

Исломнинг ичкилик ва бошқа ҳаромлар билан даволашни таъқиқлаши ақлан ва мантиқан ғоятда тўғридир. Ибн ул-Қайюм айтганидек: "Бир нарсанинг ҳаром қилиниши ҳар йўл билан бўлса ҳам ундан узоқлашиб қочишлик учундир. У нарса даво сифатида қўллашликда ўша нарсани уйда сақлашликка ташвиқ этиш ҳисси мавжуддирки, бу исломий ҳукмларга зид бўлган бир ҳаракатдир.

...Нафслар унга майл этган бир нарса бўлган учун у билан даволанишнинг мубоҳ бўлиши бора-бора унинг шаҳват ва лаззат учун ичилишига сабаб бўлди. Бунинг устига фойдали ва дардларни кетгузгувчи эканига ишонилса аҳвол яна ҳам фожиали тус олади... Бу ҳаром дориларда кутилган шифодан кўра касаллик бор.

Ибн ул-Қайюм бу хусуснинг руҳий жиҳатига диққатни жалб қилиб айтадики: Доринг фойдали бўлиши учун қўллаган киши уни хуш кўриши, фойдалангани такдирда Аллоҳ таоло томонидан бу доридан фойда келишига ишониши керак. Ҳар бир кишига маълумки, ҳаром қилингани учун мусулмон киши ҳеч қачон ичкиликни хуш кўрмайди, баракоти ва фойдасига ишонмайди. Ҳатто мўмин киши қанчалик бақувват иймонга эга бўлса, у нарсадан шунчалик нафратланади, ҳазар қилади... Ундан макруҳроқ нарсани кўрмайди! Шундай бир ҳолатда мусулмон уни қўлласа даво эмас, аксинча дард бўлади. (Аҳмад, Муслим, Термизий).

Шу билан бирга, Исломда заруратнинг ҳам ўзига хос ҳукмлари бор. Масалан: ўз касбида моҳир ва динига қаттиқ боғланган мусулмон бир шифокор томонидан инсон ҳаётини хавф остида қолдирган бир касалликнинг давоси учун ичкилик ёки ичкилик аралашган бир дори тавсия этилса ва бунинг ўрнини боса оладиган бошқа дори бўлмаса (бундай бўлишига ишонмайман) у ҳолда енгилликни таъмин этиш ва қийинчиликларни кетказиш қоидаларига таянган Ислом шариати беморни бу мушкул ҳолатдан қутқариш учун мазкур дорини қўллашни манъ этмайди.

"Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда музтар бўлиб қолса (масалан, очликдан ўлмаслик учун у нарсаларни ейиш билан гуноҳкор бўлмас). Зеро, Парвардигорингиз мағфиратли, меҳрибондир". (Анъом сураси-145).

НАРКОТИК МОДДАЛАР

"Ақлни тўсадиган ҳар нарсага хамр (ичкилик) дейилади. Бу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ичкиликнинг маъносини чегараламоқ ва бу хусусдаги саволлар ва шубҳаларни ўртадан кўтариш учун пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам минбаридан туриб айтган бир очиқ ифодадир. Шу ўринда, инсон ақлини кетказадиган ва инсонни бошқа маҳлуқлардан ажратиб турган энг олий хусусиятидан узоқпаштирадиган ҳар қандай нарса ичкилик мақомида бўлиб, қатъиян ҳаромдир. Аллоҳ таоло ва Расули уни қиёматга қадар ҳаром қилгандир.

Шунингдек, биз наркотик деб атаган - наша, афюн, героин каби инсонни ақлдан оздирадиган моддалар учун ҳам ҳукм айни ҳукмдир. Бу моддалар таъсирини уни қўллаб кўрганлар жуда яхши билишади. Бутун воқеа ва ишларда ақлнинг ҳукмини ўзгартириб юборадиган бу заҳри қотил инсонга яқинни узоқ, узоқни яқин қилиб кўрсатади, уни ҳақиқий дунёнинг мавжуд бўлмаган хаёлий дунёга учириб кетади. Бу моддалардан фойдаланган кишилар ғояси ана шу. Ўзларини, динларини ва дунёларини унутиб хаёл водийларида сайр қилиб юриш учун қўллайдилар .

Бунинг устига наркотиклар вужудларни, асабларни бўшаштириб, соғлиқни издан чиқаради, нафсни чиритади, ахлоқни бузади, иродани йўқ қилади, вазифа шуурини заифлаштиради ва шу тариқа унга мубтало бўлганларни жамиятда паразитга айлантиради.

Ҳа, унинг касофати бу билан чекланиб қолмайди, у кишиларнинг бор-йўқ молу дунёсидан жудо қилиб оилаларни, миллатларни, жамиятларни паришон этади. Наркотик балосига чалинганлар аҳли аёлларининг, фарзандларининг ризқини қийиб, баъзилари эса бор-будини совуриб, ҳеч нарса тополмай қолганда ўғрилик, қотиллик, зино каби ҳаром йўлларга кириб топган ҳаром пулларига у заҳри қотилни олиб ўзларини ҳам, жамиятни ҳам заҳарлайдилар.

"Ҳаром қилишликнинг ҳукми бир нарсанинг ёмон ва зарарли бўлиши билан белгиланади", десак хато қилмаган бўламиз. Зеро, руҳий, ахлоқий, тиббий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан зарарли бўлган бу нарсаларнинг ҳаром бўлиши, шубҳасиз, табиийдир.

Бунинг ҳаромлиги ҳақида, бу зарарли нарсалар содир бўлган вақтдаги Ислом фуқоҳолари "ижмоъ" ҳукмини берганлар. Булардан Шайх ул-Ислом Ибн Таймиййа айтадики: "Ҳаш ҳаш ўти маст қилса ҳам, қилмаса ҳам ҳаромдир... Гуноҳкорлар нашъа завқ бергани учун уни қўллайдилар... Бу айни пайтда маст қилувчи ичкилик билан баробардир. Ичкилик душманликларни қўзғатади, бу эса бўшангликка, зиллатга, мижоз ва ақлнинг бузилишига, шаҳватнинг авж олишига ва ичкиликдан фарқли ўлароқ кишилардаги рашк қилиш туйғусининг йўқолишига сабаб бўлади. Шу боис бундан оз ёки кўп қўллаш жазоси ичкилик ичишнинг жазоси кабидир. (У ҳам бўлса 80 ё 40 даррадир)". ("АЛ-Фатаво" Ибн Таймиййа, 4-жилд., 262-с.).

Бу ҳолда наркотик моддалар қўллаганнинг ҳолати, худди ичкилик ичган киши кабидир. Ҳатто баъзи ҳолатларда янада ёмонрокдир. Шунинг учун ҳам икковининг жазоси бир хилдир. "Ислом шариатининг қоидасига кўра ичкилик, зино ва шунга ўхшаган нафс орзу қилган ҳаромларнинг жазоси: ҳад-дарра уришдир. Ўлимтик каби нафс орзу қилмайдиган ҳаромларнинг жазоси эса: озорлашдир. Наркотик моддалар эса, қўллаган тарафидан орзу қилинади ва осонликча ундан воз кечмайдилар. Қуръони Карим ва суннатда бунинг қўллаганлар ҳақидаги далиллар, бошқа ҳаромларнинг қилганлар ҳақидаги далиллар кабидир". ("Зод-ул Маод , Ибн Қаиюм. ал-Жавзий жилд: 3, сҳ. 115-116).

ЗАРАРЛИ ҲАР ҚАНДАЙ НАРСАНИ ЕБ, ИЧИШЛИК ХАРОМДИР
 

Ислом шариатида собит бўлган умумий бир қоида бор. Мусулмон киши еб, ичишликда заҳар ва шунга ўхшаш тез ёки аста-секин таъсир қилиб ҳалок қиладиган, руҳ ва баданга зарар берадиган моддалар мавжуд бўлган нарсалардан истеъфода этмалиги керак, аксинча, улардан узоқ туриши ва ҳазар қилиши лозим. Чунки, мусулмон ўз ўзининг мулки эмас, балки ўз динининг ва умматининг мулки ҳисобланади. Унинг ҳаёти, саломатлиги, моли ва Аллоҳ таоло унга инъом этган бутун неъматлар бир омонатдир. Бу хусусда ҳаддан ошишлик жоиз эмас. Аллоҳ таоло шундай деиди:

"Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир" (Нисо сураси, 29).

"Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!" (Бақара сураси, 19).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса зарар хусусида: Исломда зарар бериш ва қарши тарафдан зарар кўриш йўқдир - деб марҳамат қилганлар. (Аҳмад, Ибн Можа)

Юқоридаги ҳукмларга асосан айта оламизки, ўнлаб илмий ва амалий далиллар билан исботланган сигарет ҳам ҳаромдир. Хусусан бир табиб томонидан маълум бир кишига сигаретнинг зарарли эканлиги айтилиб, унга чекиш таъқиқлаб кўйилган ҳолда у кишининг чекишда давом этишлиги мутлақо ҳаром ҳисобланади. Тиббий жиҳатдан зарари исботланмаган бўлса ҳам, дин ва дунёга фойдаси бўлмаган бир нарсага маблағ сарф этишлик жоиз эмас. Имом Бухорийнинг ривоятига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам молни фойдасиз ерга сарф қилишни таъқиқлаганлар. Хоссатан сигаретга сарфланган маблағга ўзи ва фарзандларининг эҳтиёжи бўла туриб сигарет сотиб олишлик минг чандон ножоиздир.

Шайх Юсуф Қаразовий

"Исломда ҳалол ва ҳаром" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР