Тавсия қиламиз

Дуоимиз ижобат бўлмаслигининг сабаблари

Мақолалар access_time1-июль 2018, 18:24

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:   “Эй Муҳаммад,…

Абул Муин Насафий ақоид илмида машҳур бўлганлар

Мақолалар access_time16-ноябрь 2017, 12:11

Абул Муин Насафий ақоид илмида машҳур бўлганлар Барчамизга маълумки, Ислом…

ХХVII-Қорилар мусобақаси натижалари эълон қилинди:

Янгиликлар access_time26-апрел 2017, 16:52

МАРҲАМАТ, XXVII РЕСПУБЛИКА ҚОРИЛАР МУСОБАҚАСИНИНГ ҒОЛИБЛАРИ БИЛАН ТАНИШИНГ:…

Мўминнинг ризқи

access_time7-август, 15:58 visibility426

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Ризқ” сўзи араб тилида “ато, эҳсон, туҳфа, неъмат” каби бир қанча маъноларни ифодалайди. “Мухторус сиҳоҳ” луғатида “ризқ” лафзига “махлуқотлар фойдаланадиган нарса” дея изоҳ берилган. Ризқ икки хил – зоҳирий ва ботиний бўлади. Зоҳирий ризқ бадан ва шунга ўхшаш моддий нарсаларни билдирса, ботиний ризқ қалб, нафс, илм ва маърифат кабиларни қамраб олади. Бундан келиб чиқадики, кўпчилик ўйлаганидек, ризқ фақат моддий нарсадан иборат эмас, балки ақл-заковат, зеҳн, иқтидор, қобилият ва илм кабилар ҳам Аллоҳ тарафидан берилган ризқ ҳисобланади. Қуръони каримнинг баъзи оятларида “ризқ” сўзи “ёмғир” маъносида келади. Аллоҳ таоло айтади: “Яна кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида “ўлган” Ерни тирилтирган ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят–ибратлар бордир” (Жосия, 5).

Яна бошқа бир оятда шундай дейилади: “Осмонда эса сизларнинг ризқингиз (Ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган (жаннат) бордир” (Зориёт, 22). Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оятдаги “ризқ”дан мурод ёмғирдир”, дейди. Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ичида ризқ ва неъмат билан боғлиқ “Ар-Раҳмон”, “Ал-Ваҳҳоб”, “Ар-Раззоқ”, “Ал-Босит”, “Ал-Муқийт”, “Ал-Восеъ” ва “Ар-Розиқ” сифатлари мавжуд. “Ар-Раҳмон” сифати мўминга ҳам, кофирга ҳам, яхшига ҳам, ёмонга ҳам баробар ризқ берувчи, “Ал-Ваҳҳоб” неъматларни беҳисоб ато этувчи, “Ар-Раззоқ” барча махлуқотларини ризқлантирувчи, ризқларини яратиб, уларга етказувчи, “АлБосит” хоҳлаган бандасининг ризқини кенг қилувчи, “АлМуқийт” барча моддий ва маънавий ризқларни яратувчи, махлуқотларининг насибасини етказиб беришга кафил бўлган Зот, “Ал-Восеъ” хоҳлаган банданинг ризқини кенг қилувчи, “Ар-Розиқ” эса махлуқотларига ризқ берувчи каби маъноларни англатади.

Ҳар бир соҳада бўлганидек, ризқ борасида ҳам мўмин киши ўз қарашига эга. Ризқнинг манбаи қаерда? Ризқни ким яратиб, уни махлуқотларга ким етказади? Мўмин банда ризқ, неъмат, касб-кор ҳақида қандай эътиқодда бўлиши керак? Ризқнинг келишида касб-кор қанчалик аҳамиятга эга? Келинг, бу саволларга жавобни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан излайлик. Аллоҳ таоло айтади: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир” (Ҳуд, 6). Таржимада “ўрмалаган нарса” деб келтирилган сўз аслиятда “дааббатун” калимаси билан ифодаланади. Ана шу сўз хоҳ эркак, хоҳ аёл, хоҳ ақлли, хоҳ ақлсиз бўлсин, ҳар бир тирик мавжудот борки, ҳаммасини ўз ичига олади. Аллоҳ таолонинг қудрати ва илми бутун борлиқни қамраб олганидек, еру осмонда, сув туби‐ю ер остида қимирлаган жонзот борки, Аллоҳ уларнинг ризқини яратишдан ташқари етказиб беришни ҳам Ўз зиммасига олган. У Зот ўзи яратган маҳлуқотларнинг қаерга бориб, қаерга қайтишлари, қай гўшани макон тутиб, қай тариқа озуқа топишларидан ҳам хабардор. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг ҳузуридаги Китоб – Лавҳул Маҳфузда илгаридан тақдир қилиниб, ёзиб қўйилган. Хусусан, жонзотлар ризқи, миқдори ва унинг қанча бўлиши ҳам ўша Китобда битилган. Айрим уламолар: “Ризқ фақат ҳалолдан бўлади, ҳаром нарсалар бандага ризқ эмас”, дейишган. Аммо аҳли сунна вал жамоа олимлари ушбу оятни далил қилиб, ҳаром нарсалар ҳам бандага ризқ бўлади. Акс ҳолда, умр бўйи ҳаромдан тирикчилик қилганлар (масалан, ўғри, рибохўрлар) ризқдан маҳрум бўлар эдилар, дейди. Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссаломга ваҳий нозил қилинаётганида қалби аҳли-оиласига чалғиганида Аллоҳ таоло унга қўлидаги асо билан бир харсангни уришни буюради. Мусо буйруқни бажарганида харсанг ичидан иккинчи бир харсанг чиқади. Унисини ҳам асо билан урганида учинчи харсанг, учинчи харсангни ҳам урганида уни ичидан митти қурт чиқади. Ана шу қурт оғзида озуқаси бор эди. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни ва қудрати билан қуртнинг: “Мени унутиб юбормай эслаб турган Зот ҳар қандай айбу нуқсондан покдир”, деб айтганини эшитади (“Тафсирур Розий”, “Тафсирул Алусий”). Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқ беради. У Эшитувчи, Билгувчидир” (Анкабут, 60). Анкабут сурасининг 59-оятида сабр қилиб, Аллоҳ таолога таваккул қиладиган зотлар зикр қилинган бўлса, ушбу оятда таваккулга ёрдам берадиган нарса – ризқ хусусида сўз боради. Ибн Уйайна айтади: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирон жонзот ўз ризқини йиғиб, сақлаб қўймайди”. Ҳасан Басрий “ризқини кўтара олмайдиган” иборасини “йиғиб, сақлаб қўя олмайдиган” деб тушунтирган. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мушриклар Маккадаги оз сонли мусулмонларга азият етказганларида, Расулуллоҳ алайҳиссаллом Мадинага ҳижрат қилишни буюрдилар. Аммо улар: “Бизлар учун у ерда уй-жой ҳам, ер-мулк ҳам йўқ”, деб унашмади. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилган экан. Аллоҳ таолонинг ризқ бериши муайян ҳудуд ёки макон билан хосланмайди, балки қаерда бўлишидан қатъий назар, ўз махлуқларига ризқларини етказиб туради. Кўпчилик жонзотлар заифлиги туфайли ўз ризқини топа олмайди ёки йиғиб, тўплай олмайди, қанчадан-қанча жонзотлар егулиги йўқ ҳолда тонг оттиради. Аллоҳ ҳеч бирини ризқсиз қолдирмайди. Чунки Аллоҳ таоло нафақат бандаларининг сўзлари, дуо‐ю илтижоларини эшитади, дунёдаги жамики махлуқларининг нимага муҳтож эканидан тўлиқ хабардор Зотдир.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ризқ бандани худди ажали қидирганидек қидиради”, дедилар. (Ибн Ҳиббон, Баззор ва Табароний ҳасан санади билан ривоят қилган. Имом Табароний келтирган ривоятда: “Албатта ризқ бандани ажалидан ҳам кўпроқ қидиради”, дейилган). Гўдак ҳали она қорнида эканида унга ризқ, ажал, умр ва шу каби нарсалар тақдир қилинади. Дунёга келгач эса, ёзилган ризқи хоҳласа-хоҳламаса, унга насиб этади. Умр паймонаси тўлганда ризқи узилиб, ажал қидириб топади. Худди шундай, ризқи ҳам бандани ажали излаганидек излаб топади. Бу Аллоҳ таоло томонидан азалда битиб қўйилган тақдирдир. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда изланглар! Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради. Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар. (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган). Ушбу ҳадис мусулмонлар учун жуда оғир кечган Табук ғазотида айтилган. Ўшанда мусулмонлар ҳаво ниҳоятда иссиқ, шароит оғирлигидан озуқа, сув ва бошқа масалаларда қийналиб қолишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом сўзлари аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, кейин: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсага буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман”, дедилар. Бундан мақсад шуки, Аллоҳнинг амрига кўра яхши амалларга буюриб, ёмон ишлар, яъни ҳаром амаллардан қайтардилар. “(Ризқларингизни) чиройли суратда изланглар!”, дейишдан мақсад эса ризқни чиройли тарзда, шариат аҳкомларига амал қилган ҳолда, ҳалол йўл билан топишдир. “Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради”. Бу ерда Набий алайҳисаллом Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичиб айтмоқдаларки, ҳар бир бандани ризқи худди ажали каби ортидан таъқиб қилиб юрар экан. Бу нарсани Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтилиши бунинг нақадар муҳим ва айни вақтда шак-шубҳасиз эканини билдиради. “Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” Агар Аллоҳ тақдир қилган ризқ бирон сабабга кўра кечикса, шошқалоқлик, сабрсизлик қилиб, уни ҳар хил гуноҳ ва ношаръий йўллар билан эмас, балки Аллоҳ амрига итоат этиш ва ҳалол воситалар орқали излаш лозимлиги билдирилмоқда. Ризқда танглик юз бериши ҳаром йўлларга ундамасин! Мўмин киши ризқ ҳақида қуйидаги қарашда бўлиши керак: 1 – Ризқ азалда Аллоҳ тарафидан тақдир қилиб қўйилган. Ана шу ризқ бандага етмай қолмайди. 2 – Ризқ ўз эгасини худди ажали каби қидириб юради. 3 – Ризқ келишида касб-ҳунар бир восита бўлиб, унга ортиқча баҳо бериб, касбим орқасидан нон топаяпман, шу ҳунарим мени боқаяпти, деб эътиқод қилиш ширкка олиб боради. Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ белгилаб қўйган ризқ ана шу касб-кор сабабли бандага етиб туради. 4 – Ер ва сув ҳам ризқ келишида воситадир. Аммо кўпчиликда ердан олинган маҳсулотларни “табиат инъомлари”, “табиат бизни боқади” деган нотўғри фикр шаклланган. Аслида ер ҳам, сув ҳам Аллоҳнинг изни билан бандаларга ризқларини чиқаради. Бу иккиси ризқланиш учун бир восита эканини, ризқ эса Аллоҳнинг даргоҳидан нозил бўлишини яхши англаб етишимиз зарур!

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Имом Нававий «РИЁЗУС-СОЛИҲИЙН» китобидан фойдаланилди.

Mehrob.uz матбуот хизмати.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР