Тавсия қиламиз

Зулҳижжанинг ўн кунининг фазилати

Мақолалар access_time27-август 2017, 13:00

– Аллоҳ азза ва жалла Фажр сурасида у билан қасам ичган. – Бу…

Кисва (Каъбапўш) ҳақида...

Мақолалар access_time10-июнь 2019, 22:59

* Кисва – бу Макка шаҳридаги муқаддас Каъбатуллоҳни ёпиб қўядиган…

Qur’on tafsiri kitobi “Sahihul Buxoriy” asarida

Мақолалар access_time26-май 2018, 04:26

       Imom Buxoriy rohimahulloh:”Musulmon…

ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК 

access_time16-август, 15:27 visibility415

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол(дунё)нинг кўплигида эмас. Балки (ҳақиқий) бойлик нафс тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). 
Бойликнинг мезони нима?

Қайси жиҳатларига қараб кишини бой ёки камбағал дейиш мумкин?

Ҳақиқий бойлик қандай бўлади?

Мазкур саволларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадисларидан жавоб топамиз. Ҳақиқатан, агар киши бойлик ва мол-дунёга эга бўлиб, аммо кўзи “оч”, таъмагир, сира тўймайдиган, тинимсиз бойлик тўплашни ўйлайверса, бундай банда ҳақиқий камбағалдир. Чунки у тасарруфида шунча бойлик турганига қаноат этмасдан ўзини муҳтож кўриб, дунёга тўймайди. Аксинча ҳолат бўлса, киши кўп қатори ҳаёт кечирса ёки камбағал бўлса ҳам, нафси тўқ, таъмадан йироқ ва дунёнинг ўткинчи ҳавасларига эътибор бермаса, мана шундай одам ҳақиқий бойдир. Чунки унинг бойлиги бўлмаса-да, кўзи тўқ ва таъмадан саломатдир. 

Ибн Баттол айтади: “Ҳадиснинг маъноси шуки, мол-дунёнинг кўплиги ҳақиқий бойлик эмас. Аллоҳ ризқини кенг қилиб қўйган қанчадан-қанча бандалар ўзлари етишган неъматларга қаноат қилмай, янада кўпайтириш пайида бўлиб, дунё қаердан ва қайси йўлдан келаётганига эътибор бермайдилар. Улар дунёга қаттиқ ҳирс қўйганлари учун худди камбағалга ўхшайдилар. Албатта, ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир. Бу нарса берилган неъматларга қаноат қилиш, борига рози бўлиб, янада кўпайтиришни ўйламай, худди бойлар каби ўзини беҳожат тутишдир”. 

Демак, нафс тўқлиги-қаноат ҳақиқий бойлик саналади. Шу маънода Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлар қаноатли бўлинглар! Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир” (Имом Табароний ривояти). 

Абу Зарр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вaсаллам: “Эй Абу Зарр, бойлик мол-дунёнинг кўплигида деб ўйлайсанми?” дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим. Сўнгра у зот: “Мол-дунёнинг камлигини камбағаллик дейсанми?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа”, деб жавоб бердим. У зот бу саволни уч бора қайтардилар ва сўнгра: “Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам қалбда бўлади. Бойлик кимнинг қалбида бўлса, дунёдан нима насиб қилса, унга зарар бермайди. Камбағаллик кимнинг қалбида бўлса, дунёда қанча бойлиги кўп бўлса ҳам, уни қониқтирмайди. Фақат нафсининг бахиллиги ўзига зарар келтиради”, дедилар. (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган). 

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур саҳобий Абу Зарр ал-Ғифорий розийаллоҳу анҳунинг бойлик ва фақирлик ҳақидаги фикри билан қизиқиб, ундан: “Эй Абу Зарр, бир кишининг мол-дунёси кўп бўлса, у бой ҳисобланадими?” деб сўрадилар. Абу Зарр саволга: “Ҳа”, деб жавоб берди. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг мол-дунёси кам бўлса, у камбағал бўладими?” деб сўрадилар. Абу Зарр у саволга ҳам: “Ҳа”, деб жавоб берди. Бу саволни беришдан мақсад Абу Зарр розийаллоҳу анҳуга ҳамда у киши орқали барча умматларига асл ҳақиқатни англатиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта юқоридаги савол билан унга мурожаат қилганларидан кейин: “Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам қалбда бўлади. Бойлик кимнинг қалбида бўлса, дунёдан нима насиб қилса, унга зарар бермайди. Камбағаллик кимнинг қалбида бўлса, дунёда қанча бойлиги кўп бўлса ҳам уни қониқтирмайди”, дедилар. Инсоннинг бой ёки камбағал экани унинг зоҳирига қараб эмас, балки ботинига қараб баҳоланади. Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам қалбда бўлади. Қалбига қараб банданинг ҳақиқий бой ёки камбағал экани билинади. Кимнинг қалби бой, нафси тўқ ва қаноатли, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи бўлса, унга қанча кўп мол-дунё насиб этса ҳам, зарари йўқ, аксинча, нафси тўқ кишининг қўлидаги бойлик ўзига ва бошқаларга фойда келтиради. Кимнинг қалбида камбағаллик бўлса, зоҳиран бой бўлиб кўринсада, аслида кўзи “оч”, баднафс бўлса, у банда қанча бойлиги бўлмасин, барибир ўзини беҳожат ва бой ҳисобламайди. Чунки ҳақиқий бойлик нафс тўқлигидир. “Фақат нафсининг бахиллиги ўзига зарар келтиради”.
Ана ўша зоҳиран бой бўлиб кўринган банда нафсининг бахиллиги туфайли ҳалокатга учрайди. Сарфлаш лозим бўлган ўринларга бермасдан, ҳаром ишларга аямасдан пул сарфлаш орқали у шундай ҳолга тушади. Фақат бойликнинг ўзи бандани Аллоҳнинг азобидан ҳеч қачон қутқариб қола олмайди. Аммо у сахий бўлса, бахилликдан сақлана олсагина бойлиги наф беради. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчилардир” (Ҳашр, 9).

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

Mehrob.uz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР