Тавсия қиламиз

Ҳажда уч нарсани қилиш қатъиян тақиқланади.

Мақолалар access_time22-сентябр 2017, 21:09

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳажнинг фазилатини баён қилиб, шундай марҳамат…

Руҳ нима?

Мақолалар access_time12-июнь 2019, 22:15

     Руҳ мавзуси илмда ҳам, фалсафада ҳам қадим-қадимдан…

Тафаккур_вақти

Мақолалар access_time9-октябрь 2018, 11:37

Кичик бир сичқон катта туянинг тизгинидан маҳкам ушлаган ҳолда, мағрурланиб…

ТИЛ УЧИДА АЙТИЛГАН ИСТИҒФОР

access_time17-август, 11:48 visibility968

Қўл учида қилинган иш яхши самара бермайди. Тил учида айтилган гап самимий чиқмайди. Чунончи, юракдан айтилган истиғфоргина ҳисобга ўтади. Тил учида истиғфор айтган одам ёлғончи бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки, “Тавба қилдим, Ўзинг кечир”, деб туриб яна маъсият уммонига шўнғиган кимсанинг сўзида субут қолмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб шундай деганлар: “(Аллоҳ яратган мавжудотларга) раҳм-шафқатли бўлинглар! Шунда (Парвардигорингиз тарафидан) сизга раҳм қилинади. (Одамлар хато- камчилигини) кечиринглар! Шунда Аллоҳ (гуноҳингизни) мағфират этади. Бир гапни эшитиб туриб унга парво қилмайдиган (яъни, ваъз-насиҳатга қулоқ солмайдиган) кимсалар ҳолига вой! Билиб туриб гуноҳ қилишда давом этадиган кимсалар ҳолига вой!” (Бухорий, Аҳмад, Байҳақий ривоят қилган).

Айримлар: “Бу кичик гуноҳ ёки кўз илғамас камчилик”, деб бамайлихотир маъсиятга қўл уради. Бироқ қатра томиб-томиб дарё бўлишини, томчи томчилайвериб қаттиқ тошни-да ўйиб юборишини унутиб қўяди.

Қатода шундай насиҳат қилган: “Гуноҳларни давомли қилишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сизлардан олдинги қавмлар Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тап тортмаганлари учун ҳалок бўлган. Улар ажаллари етгунича тавба қилмай юришган, осий ҳолларида ўтиб кетишган”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бизлар айтаётган мана шу истиғфорнинг ўзи истиғфорга муҳтождир”, деган экан.

 

Яъни, тилида “астағфируллоҳ”, деб туриб гуноҳдан қайтмай юргани учун ҳам истиғфор айтиш керак, дейилмоқчи.

ЕТМИШ МАРТА ГУНОҲ ҚИЛГАН ОДАМНИНГ ИСТИҒФОРИ

عنأَِبِنْكٍرالٍّصٍّديِقرِضياللعْنوقَاَؿ:قَاَؿرسٍُؿاللِصلَّىاللعلَيِووسلَّ:ساأَصَّرسناسوػْغَفروإِْفعا ِتٓ

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:

“Истиғфор айтган одам, гарчи (гуноҳга) бир кунда етмиш марта қайтса ҳам, (унда) бардавом эмас” (Абу Довуд, Термизий ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).

Бир одам гуноҳ қилиб, истиғфор айтди. Кейин ожизлик билан яна ўша гуноҳга қўл урди. Ана шунда қайта-қайта истиғфор айтаверса, гуноҳда давомийлик йўқолади. Тарки одат амримаҳол, деган гап бор. Нафс ўрганиб қолган нарсани бирдан ташлаш қийин. Шунинг учун банда аста-секин ўзини ўнглаб борса, орада ҳалиги гуноҳни қайта содир этсаям, кўп-кўп истиғфор айтса, Меҳрибон Аллоҳ Ўз фазли билан банда гуноҳини кечириб юборади.

Бу ҳадисни “Бемалол гуноҳ қилиб, кетидан истиғфор айтиб қўйса бўлди”, деб тушунмаслик керак. Шариатнинг умумий талаби – гуноҳдан қайтиш. Агар атайлаб гуноҳ содир этаверса, ундай одам ёлғончи бўлиб қолади. Қолаверса, қасдан, давомий қилиш билан кичик гуноҳ ҳам каттага айланиши мумкин.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бир киши гуноҳ қилганда, (нима бўлади)?” деб сўради. У зот: “(Гуноҳи) бўйнига ёзилади”, дедилар. Ҳалиги одам: “Кейин истиғфор айтиб тавба қилса-чи?” деб савол берди. Пайғамбар алайҳиссалом: “(Гуноҳи) кечирилади, тавбаси қабул этилади”, дедилар. Кетидан: “Сўнг қайтиб яна гуноҳ қилса-чи?” деб савол берилди. У зот: “Бўйнига ёзилади”, дедилар. Ҳалиги киши: “Гуноҳдан кейин истиғфор айтиб тавба қилса-чи?” деб яна савол ташлади. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Гуноҳи) кечирилади, тавбаси қабул бўлади. Сизлар (истиғфор айтишдан, тавба қилишдан) чарчамасангиз, Аллоҳ учун (мағфират қилиш) малол келмайди”, деб марҳамат қилдилар (Табароний, Байҳақий ривоят қилган).

Аллоҳнинг марҳаматини қаранг, ожиз бандасига шунча имкон берар экан. Фақат бунинг қадрига етиб, вақтида ўзимизни ислоҳ қилсак бўлгани.

Аслида бегуноҳ одамнинг ўзи йўқ. Ҳаммаям хато қилади. Лекин мўмин банда камчиликка йўл қўйса, тезда ўзини ўнглаб олади, Парвардигорига илтижо қилади, истиғфор айтади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласининг ҳар бири жуда кўп хато қилувчидир. Хатога йўл қўювчиларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Гуноҳда бардавом бўлиш билан кичик гуноҳ кичиклигича қолмайди. Истиғфор айтиш билан катта гуноҳ катталигича қолмайди. Қиёмат куни мени учратганда (номаи аъмолида) кўп истиғфор бўлган кишига қандай яхши!” (Табароний, Ибн Шоҳин ривоят қилган).

Катта гуноҳ қилиб қўйган одам тавба қилса, гуноҳи кечирилади. Лекин кичик гуноҳларни тўхтовсиз қилаверса, улар йиғилиб-йиғилиб катта гуноҳга айланади.

Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Банда кичик гуноҳга қўл уради, уни менсимайди, қилмишига пушаймон бўлмайди, истиғфор ҳам айтмайди. Ана ўша гуноҳ Аллоҳ наздида тоғдек катталашиб кетади. Яна бир банда гуноҳ қилади, кейин надомат чекади, истиғфор айтади. Унинг гуноҳи Аллоҳ наздида кичрайиб боради, ҳатто авф этилади”.

Эътибор берганмисиз, катта бир харсанг тошга чакиллаб сув томаверса, кўп ўтмай тошни ўйиб юборади. Агар бир челак сувни тош устига бир зарбда сепсангиз, деярли таъсири бўлмайди. Кичик гуноҳларни давомий қилиш ҳам шунга ўхшайди.

Демак, гуноҳни менсимаган одам маъсият қаърига ботиб бораверади. Ожизлик қилган банда эса тавба, истиғфор билан гуноҳдан покланади, ғам-ғуссадан қутулади, зулматдан ёруғликка чиқади.

Яна бир мисол келтирамиз: кийим кир бўлса, совун ёки кукун (порошок) билан яхшилаб ювилса, топ-тоза бўлади. Худди шунга ўхшаб тавба ва истиғфордан кейин гуноҳлар ювилади. Бунинг учун қалбда холислик, сўзда собитлик, амалда содиқлик бўлиши лозим.

Имом Бухорийнинг   "Адаб ал‐муфрад" китобидан фойдаланилди.

Mehrob.uz матбуот хизмати.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР