Тавсия қиламиз

ЗАМОНАМИЗДА ФАҚИҲНИНГ ВАЗИФАСИ

Мақолалар access_time14-май 2020, 10:10

Тўрт мазҳаб имомлари мутлоқ мужтаҳидлар бўлганлар. Ўз даврининг энг кучли…

ТAВҲИД БAҲСИ

Мақолалар access_time10-август 2020, 16:55

Тавҳид — Aллоҳни бир деб билмоқдир. Тавҳид калимаси: «ЛA ИЛAҲA…

Онасини сотувга чиқарган одам

Мақолалар access_time29-июнь 2017, 17:48

Шодиёналар саройи ... Тўй авжида ...   Тўрига қўйилган ва безатилган…

АЛЛОҲГА НИСБАТАН САМИМИЙ БЎЛИШ

access_time13-сентябр, 16:09 visibility272

Аллоҳнинг китобига, суннатларга ва Аллоҳнинг ўзига банданинг носамимийлиги бандага дард олиб келади. Аллоҳга нисбатан носамимийлик қандай бўлади? Аллоҳга иймон келтирган, Жума намозларига чиқади, барча намозларини ўқишга ҳаракат қилади, аммо намозларини қазо қилиб қўяди. Дангасалик қилиб бомдодга турмайди. Саҳаргача кўчада юради, бомдод вақтида эса ухлайди. Мана шу Аллоҳга нисбатан носамимийликдир. Инсон Аллоҳни танийди, аммо рибодан ўзини тиёлмайди. Биз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидирмиз. У зотнинг хулқи билан хулқланмаслик носамимийликдир. Қуръонни маросимларда, намозларда ўқиб, унинг бирор қисмига амал қилмаслик унга нисабатан носамимийликдир. Бир гапни аҳли илмларга айтиш керакки, улар ҳеч қачон носамимий ва маддоҳ бўлишлари керак эмас. Ҳеч қачон раҳбарлар олдида лаганбардор бўлиб, бойлар олдида бошларини эгишлари керак эмас. Бошингиз намозда эгилсин, Аллоҳ олдида эгилсин, аммо бойлар олдида қаддингиз букилмасин. Раҳбарнинг олдида ҳам худди шундай бўлишлик керак. Чунки сиз имомсиз, аҳли илмсиз, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг меросхўрисиз, аслида ҳамма сизга эгилиши керак, яъни сизга эргашиши керак. Дин шундагина саломат бўлади ва давом этади. Бу хусусда бир ривоят келади. Бу ривоятни Имом Кардарий «Маноқиби ал-Имам Азам» да келтирганлар. Робий ибни Юнус ривоят қилади. Бу киши Аббосий халифалардан Мансурнинг хазинабони бўлган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эллик икки йил умрларини Уммавийлар даврида ўтказган бўлсалар, ўн саккиз йил умрларини Аббосийлар даврида ўтказганлар. Иккала даврда ҳам бу кишининг умрлари қийинчиликларда ўтган. Уммавийлар даврида ибни Ҳубайра Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳни калтаклайди. Шундан кейин Абу Ҳанифа Маккага қочиб кетадилар ва уммавийлар даври тугамагунча Маккадан келмайдилар. Аббосийлар даврида ҳам бу кишига нисбатан тазйиқлар бўлади. Шоҳ Мансур бу кишига қозиликни қабул қилишни буюради. Аммо Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ қозиликни қабул қилмайдилар. Нима учун қабул қилмайдилар? Аммо шогирдлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ибни Ҳасан шайбонийлар қозиларнинг қозиси бўлган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ пул берсалар ҳам, калтакласалар ҳам, яхши гапирсалар ҳам бу лавозимни қабул қилмайдилар. Чунки Абу Ҳанифа золим подшоҳларнинг қўлида зулм асбоби бўлиб қолгиси келмаган эди. Шогирдлари давридаги подшоҳлар Абу Ҳанифа давридаги шоҳларга нисбатан одилроқ эди. Шунинг учун шогирдлари қозилик лавозимида ишлаган дейилади. Бир куни халифа Мансур Имом Моликни, Имом Абу Ҳанифани ҳамда ибни Аби Зебни ёнига чақиради. Ҳалифа уччовларига қараб дейди: 
-  Мен ҳалифаман. Менинг ёмонлигимни ҳам, яхшилигимни ҳам биласизлар. Айтингларчи, мен ўзи бу вазифага лойиқманми?  
Биринчи бўлиб Имом Молик жавоб беради. Зотан Имом Молик Ҳалифа Мансурнинг ёшликдан бирга ўқиб катта бўлган дўсти эди. Имом Молик айтадиларки: 
-  Эй мўминлар амири, сиз бу ишга лойиқ бўлмаганингизда Аллоҳ сизга бу лавозимни насиб этмаган бўлар эди. 
Шариат, ақида бўйича тўғри жавоб бердилар. Ҳалифага ҳам бу жавоб маъқул келади. Сабаби Имом Молик қолганларга қараганда Ҳалифа Мансурни яхшироқ билар эдилар. Иккинчи жавобни ибни Аби Зеб берди. Аммо ибни Аби Зеб қаттиқ гапирди. Дедики: 
-  Дунёнинг мулкини Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Охиратни эса талаб қилган бандасига беради. Тавфиқ сенга яқиндир, агар сен Аллоҳга итоат қилсанг. Агар Аллоҳдан узоқ бўлсанг, тавфиқ ҳам сендан узоқ бўлади. Ҳалифалик эса бутун тақводор мўминларнинг ижмоси билан ҳосил бўлади. Сиз ва сизнинг одамларингиз тавфиқдан ташқаридасиз, ҳақдан адашгансиз. Аллоҳдан саломатлик сўранглар ва илло бу мансабни талаб қилганлардан бўлиб қоласиз. 
Абу Ҳанифа айтадиларки:  
-  Шунда биз Имом Молик билан кийимларимизни йиғиштирдик. Бу жавобдан кейин Ҳалифа Мансур ибни Аби Зебни калласини шу ернинг ўзида олса, қони кийимларимизга сачрамасин деб. 
Шунда Ҳалифа Мансур Абу Ҳанифага қараб: 
-  Сиз нима дейсиз шайх, – деди.
Имом Абу Ҳанифа: 
-  Динининг масъулиятидаги одам ғазабдан йироқ бўлиши керак. Агар сиз ўз нафсингизга насиҳат қилсангиз, жамоатга қарши туролмайсиз. Биз сизнинг ғазабингиздан қўрқиб, сизни мақташимиз мумкин. Иккита тақводор одам сизни ҳалифаликка тавсия ҳам қилиши мумкин. Аммо ҳалифалик омма мусулмонларнинг розилиги билан бўлади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳалифа бўлганларидан кейин олти ой ҳукм қилмаганлар. То Яманнинг аҳлидан одамлар етиб келмагунча, – деб жавоб бердилар.  

Ҳалифа Мансур учала зотга ҳам жавоб берди. Сўнгра хазинабонни олдига чақириб, хазинадан маълум пулни олишни ва учаласига бориб арз қилишни буюрди. Дедики: 
-  Агар Молик пулни олса, ҳаммасини унга бер. Агар Абу Ҳанифа билан ибни Аби Зеб пулни олса, иккаласини ҳам бошини кесиб, менга олиб келасан. 

Робий ибни Юнус биринчи бўлиб ибни Аби Зебнинг ҳузурига келди ва Ҳалифанинг унга пул бериб юборганини айтди. Шунда ибни Аби Зеб: 
-  Мен бу пулларни Ҳалифанинг ўзида бўлишини хоҳламадим, энди у берган пулларни ўзимга раво кўраманми – деб мени ҳайдаб юборди дейди. 

Кейин Абу Ҳанифанинг олдига бордим. Абу Ҳанифа айтдики: 
-  Бу пулингнинг бир дирҳамига ҳам, Аллоҳга қасамки, бўйнимга қилич билан урсанг ҳам қўлимни теккизмайман, – деб у киши ҳам мени ҳайдаб юбордилар дейди.
  
Имом Моликнинг олдига боргандим пулнинг ҳаммасини олди. Ҳамма пулни бериб Ҳалифанинг олдига қайтдим, дейди. Ҳалифа Мансурнинг олдига келиб бўлган воқеани айтиб бердим. Ҳалифа айтдики: 
-  Аллоҳ уларни шундай қилиб асрар эканда. 
 
         Қаранг, имомлар қандай бўлишган. Ўз ишида собит бўлганлар. Калтаклар у кишини чўчитмаган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ сўз эркинлигига, фикр ҳурриятига жуда ҳам қаттиқ турганлар ва ҳимоячи бўлганлар. Доим шунинг тарафида бўлганлар ва ҳақни устун қўйганлар. Барча салафи солиҳларимиз ўз ишларида собит турганлар. Аҳли илм, имом домлаларга шуни айтмоқчиманки, биз улуғ ва шарафли вазифадамиз, эй имом домлалар, эй аҳли илм биродарлар. Майли, сизнинг хизматингиз қадрига ҳамма ҳам етмас, майли мукофотларга лойиқ кўрилмассиз, аммо сиз Роббул Аламийннинг ҳузуридаги ажр ва савоблардан умид қилгансиз. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамд байроғи атрофидан жой олиш умидида бу хизматга киргансиз. Хизматингизда соф туринг, собит туринг. Ҳеч қачон бўйнингиз на бойлар олдида, на бошқалар олдида эгилмасин. Балки фақат Роббул Аламийннинг ҳузурида рукуʼ қилинг, сажда қилинг. Диннинг байроғини юқори кўтариб хизмат қилаверинг. Бу халқнинг тарбияси, халқнинг келажаги аслида сизнинг хизматингизга боғлиқдур. Эртага биз халқимизга дину диёнатни соф ҳолда етказмасак, харом ва ҳалолни фарқлатмасак, ажр ва гуноҳни фарқлатмасак… дунё ҳар хил гуноҳларнинг жазосини бошдан кечирган, Аллоҳ асрасин. Ўзбекистон ўз олдига катта мақсадларни илгари қўйган ва бу мақсадларга етишишни аҳли илмларнинг ўрнисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан юртимизда 300-400 дан ортиқ диний ходимларларга эсдалик нишони берилгани гапимизнинг исботи. Айниқса, ҳаммани хурсанд қилган нарса шу бўлдики, фахрий имомларга, бугун кексайиб ишламаётган, кўп хизмат қилган имомларга ёки жидду жаҳд билан хизмат қилиб маълум сабабларга кўра хизматидан четланилган имомларга ёки туҳмат билан қамалиб чиққан устозларга ҳам бу эътибор кўрсатилди. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати – раҳбаримизнинг кўнглига солгани, халқимизнинг бунга розилиги. Роббул Аламийн доим бу мамлакатни, бу халқни Ўзи ҳимоя қилсин, динига мувофиқ қилсин, ҳидоятга муваффақ айласин. Хусусан, сиз азиз жамоатдан Парвардигор Роббул Аламийн Ўзи рози бўлсин. Кейинги жумага ҳам барчамизни саломат етишишимизни Ўзи муваффақ айласин.

ШАЙХ САЙЙИД РАҲМАТУЛЛОҲ ТEРМИЗИЙ 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР