Тавсия қиламиз

ЯХШИ ГУМОНДА БЎЛИНГ!

Мақолалар access_time28-май 2019, 14:41

Уч дўст кечаси йўлда кетаётиб, йўл четида бир кишининг ўра қазиётганини…

Ўзингизни Қуръони Карим билан даволанг

Мақолалар access_time8-май 2020, 17:58

ИСЛОМДА САЛОМАТЛИК Ўзингизни Қуръони Карим билан даволанг Қуръони Карим…

Ҳазрат Фотиманинг вафоти

Мақолалар access_time9-июль 2017, 21:24

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди. Ҳазрат…

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ЎРГАНИЛИШИДА ШИЖОАТ

access_time15-сентябр, 14:31 visibility247

Қуръони карим, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизнинг бошимиздаги тождир; чунки у улуғ Аллоҳнинг биз бандаларига юборган китобидир. Парвардигорнинг биз инсонларга кўрсатган буюк илтифоти, улуғ неъмати ва энг табаррук эҳсони, энг тотли ҳадясидир. Биз у подшолар подшосининг бу шоҳона илтифотини қайта-қайта ўпиб бошимизга кўтаришимиз, юзимизга, кўзларимизга суртишимиз, унга энг буюк ҳурматда бўлишимиз талаб этилади. 
Унда ўтган умматларнинг ҳаётидан чиқариладиган сабоқлар, келадиганлари ҳақида хабар бор. Унинг ичида бизга қаратилган амрлар, таъқиқлар бор. Биз уларни яхшилаб ўрганиб, ҳар бирига бекаму кўст риоя қилган тақдиримиздагина Аллоҳ таолонинг розилигига эришишимиз мумкин. Бу ҳукм ва таъқиқлардан қочиб қутулишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ, танбаллик, эринчоқлик узрли сабаб бўлолмайди. Руҳимизнинг, жисмимизнинг, моддий ва маънавий инқироз, безовталикларимизнинг давоси, чораси Қуръондир. Шахс, оила, жамият, уммат ва ниҳоят бутун инсоният унга амал қилган тақдирдагина ҳузур-ҳаловат ва саодатга эришади; бизни давримиз буҳронларидан қутқарувчи нажоткор Қуръондир.
Бу қадар қимматли, дунё ва охиратимиз учун ниҳоятда аҳамиятли бўлган китобни муносиб даражада ўрганиб ва ўргата оляпмизми? Афсуски, йўқ. Қуръон уйларимизда ғариб ва афтода, бўйни эгик ҳолатда турибди; янги авлодга Қуръонни тушунтирадиган тафсирлар йўқ, борлари ҳам кутубхонамизнинг токчаларида чанг босиб ётибди. Аксариятимиз уни ҳатто ўқишни ҳам билмаймиз; ўқишни биладиганларимиз ҳам тажвид қоидаларига, Қуръон мутолаа қилишнинг ўзига хос одобига риоя қилмаймиз ёки яхши ўқишни билганимиз билан унинг мазмун-моҳиятини тушунмаймиз, кўпчилигимиз эса исломий амрларга амал қилмаймиз, Қуръони каримга зид ҳаёт кечирамиз. Буюк олим Ҳасан Басрий разияллоҳу анҳу айтадики: «Қуръони карим, Аллоҳ таоло томонидан ундаги ҳукмларга риоя қилиниши, ундаги аҳкомга мувофиқ яшаш учун нозил қилингандир. Ҳолбуки, халқ уни фақат чиройли қироат ва тиловат этишга амал қиляпти» .
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳам шунга яқин бир гап ривоят қилинади. Демак, сўзни қуруқ ўқиш ва ёдлаш билан кифояланиб қолишлик, маъносини англамаслик, ваъзхонлик ёки қироатхонликка берилиб, Қуръони каримда Аллоҳ жалла жалалуҳу баён қилган ҳукмларни бажармаслик жуда таҳликали ва ниҳоятда хунук бир касалликдир. Бу касалликдан ўзимизни халос этишимиз керак, қадрли ўқувчилар! Машҳур мутасаввиф олим Абу Абдурраҳмон Муҳаммад ибн Ҳусайн ас-Суламий (вафоти ҳижрий 412/ милодий 1021 йил) бу борада жуда самарали бир усул мавжудлигини қайд этиб, жумладан, шундай дейди: «Бизга таълим берган устозларимиз айтадиларки, улар ўн ояти карима (ёки бир ашри шариф) ўргандиларми, асло кейинги сабоққа ўтишмас, аввал ўша ўрганган ўн оятларига тўла амал қилишар, кейин эса таҳсилни келган жойларидан давом эттиришар экан. Биз ҳам мана шу усулга амал қилдик. Шу тариқа Қуръони каримни ва унинг ҳукмларига риоя қилишни (аҳкомига тобеъликни) баравар (параллел равишда) ўргандик» . 
Жаҳолат фалокатдир, амалсиз илмни эса охиратда жазоси муқаррар бўлган гуноҳ деб билинг, муҳтарам ўқувчилар! Кўзингизни очинг, эринчоқлик ва нодонликни енгайлик; Аллоҳу таолонинг азиз китобини завқ-шавқ билан, сўзларининг мағзини чақиб, ундаги ҳукмларни ҳаётимизга тадбиқ этган ҳолда бағримизга босайлик, Қуръони каримни бошимизга тож, ҳаётимизга раҳнамо қилайлик. Ҳаётимизнинг яхшиланиши, нажот топишимиз, нусратимиз, иззатимиз, бахту саодатимиз Қуръонни яхши тушуниб, яхши амал қилишимиздадир.

Маҳмуд Асъад Жуъшон

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР