Тавсия қиламиз

МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА ЮКСАК ЭЪТИБОР

Мақолалар access_time27-апрел 2018, 14:48

Дастлаб Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш билан…

2017 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори

Янгиликлар access_time26-май 2017, 14:44

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2017 йилги закот, фитр…

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:

Мақолалар access_time20-май 2018, 04:04

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:   1. Жинсий алоқа. Бу рўзани бузувчи…

ИККИ ДИРҲАМГА ТЎЙ

access_time29-сентябр, 18:16 visibility637

Салафи солиҳлар илму тақвонинг ҳар қандай бойликдан афзал эканини яхши англаганлар. Қизларини турмушга беришда безори бойдан кўра тақводор камбағални устун қўйганлар. Улар тақводорлар икки дунёда ҳам кам бўлмаслигига ишонганлар.
  Улуғ олим Саъид ибн Мусайяб тобеъинларнинг пешқадами эди. Мўминларнинг амири Абдулмалик ибн Марвон ўзининг ўғлига, тахт вориси Валид ибн Абдулмаликка Саъиднинг қизини сўраб совчи қўйди. Саъиднинг қизи ҳуснда ҳам, илмда ҳам тенгсиз, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билишда бошқа аёлларни ортда қолдирган қиз эди.
  Саъид ибн Мусайяб ҳеч иккиланмай, халифанинг таклифини рад этиб, унга узр айтди. Жаҳли чиққан Абдулмалик бунинг учун Саъидни юз дарра урдирди. Лекин Саъид сўзида қатъий тураверди, чунки Валид беодоблиги билан танилган эди.
  Буюк олим Мадинага қайтгач, унинг шогирдларидан бири Абдуллоҳ ибн Абу Вадоа устозининг зиёратига келди. Саъид ундан ҳол-аҳвол сўраган эди, хотини вафот этганини айтди. Саъид ундан сўради:
— Яна уйланмайсанми?
— Менга ким ҳам қизини берарди? Икки-уч дирҳамдан бошқа ҳеч нарсам бўлмаса!
— Сени ўзим уйлантириб қўяман.
— Жиддий айтяпсизми?
— Ҳа.
  Саъид ибн Мусайяб шундай деб, унга ўзининг қизини никоҳлаб берди. Шундай қилиб, улуғ тобеъин куёв танлашда динда ўзи билан тенг бўлган тақводор фақирни бой амирдан устун қўйди, ўша фақирнинг дини туфайли ишонч ва хотиржамликка эришди.
  Ҳикояни куёв Абдуллоҳ ибн Абу Вадоа давом эттиради: «Саъиднинг ҳузуридан чиққанимда қувончим ичимга сиғмас, нима қилишимни билмас эдим. Уйимга кетдим. Кимдан қарз олиб туриш ҳақида ўйлардим. Масжидда шомни ўқиб, уйга қайтдим. Чироқ ёқдим. Рўза тутган эдим, ифторлик учун дастурхонга нон билан зайтун қўйдим. Шу пайт эшик тақиллаб қолди. «Ким?» дедим. «Саъид», деган овоз келди. Бу қайси Саъид бўлди экан деб, ҳеч топа олмадим. Ўзим таниган ҳамма Саъидларни кўз олдимдан ўтказибман-у, лекин чақирган Саъид ибн Мусайяб бўлиши мумкинлиги умуман хаёлимга келмабди. Чунки у қирқ йилдан бери уйи билан масжид орасидаги йўлдан бошқа ерни кўрмаган эди. Чиқсам, эшигимда Саъид турарди.
— Эй Абу Муҳаммад, — дедим мен — Одам жўнатсангиз, ҳузурингизга ўзим борардим-ку?
— Йўқ, ҳузурингга келишимга сен ҳақлироқсан, — деди у.
— Лаббай, қулоғим сизда, — дедим.
— Сен бўйдоқ эдинг, бугун эса никоҳландинг. Энди тунни ёлғиз ўтказишингни хоҳламадим. Мана бу сенинг аёлинг...
  Қарасам, унинг ортида қизи ҳам турарди. Саъид қизининг қўлидан тутиб, эшикдан ичкарига олиб кирди. Ҳаёси кучли қиз уялганидан йиқилиб тушай деди-ю, эшикни зўрға тутиб қолди. Мен нон билан зайтун қўйилган идишни олиб, қиз уни кўриб қолмасин деб, сояроқ жойга қўйдим. Сўнг ҳовлига чиқиб, қўшниларимни чақириб чиқдим. Улар келиб, «Нима гап?» дейишди.
— Бугун Саъид ибн Мусайяб қизини менга никоҳлаб берган эди. Кеч бўлганда эса уни қизини уйимга олиб келди.
— Саъид қизини сенга узатдими?
— Ҳа.
— Қиз шу ердами ҳозир?
— Ҳа.
  Қўшниларим ичкарига кириб, қизнинг уйда ўтирганини кўришди. Тезда онамга ҳам хабар бердик. Онам келиб, «Уч кунгача уни тарбия қиламан. Шунгача қўлини ушласанг, юзингга қарамайман», деди.
  Мен аёлимнинг олдига уч кундан кейин кирдим. У тенги йўқ гўзал эди, бунинг устига Аллоҳнинг Китобини ёд олишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини билишда, эрнинг ҳаққини танишда пешқадам эди.
  Орадан бир ой ўтди ҳамки, на Саъид бизникига келди, на мен уникига бордим. Бир ой ўтгач, Саъидникига борсам, у ўз ҳалқасида ўтирарди. Унга салом берган эдим, алик олди. Лекин одамлар кетгунича менга ҳеч нарса гапирмади. Сўнг:
— Қизимнинг ҳоли қандай? — деб сўради.
— Жуда яхши, эй Абу Муҳаммад. Дўст суюнадиган, душман куйинадиган ҳолатда.
— Унинг бирор иши сени шубҳага солса, асоинг ёнингда, — деди у.
  Мен уйга қайтиб келсам, Саъид ортимдан йигирма минг дирҳам бериб юборибди..»..
  Улуғ тобеъининг қизидан қанчалик хотиржамлигини қаранг! У қизини камбағал, йўқсилга берганига парво ҳам қилмади, чунки у қизини Аллоҳдан қўрқадиган, хотиннинг ҳаққини биладиган, унинг ҳурматини жойига қўядиган тақводор инсонга топширган эди.

"Солиҳлар гулшани" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР