Тавсия қиламиз

ТИК ТУРИБ ПЕШОБ ҚИЛИШДАН ҚАЙТАРУВ

Мақолалар access_time4-июль 2017, 12:30

 Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтдилар:   "Кимки…

БИЛАСИЗМИ:Мия - инсоннинг энг мураккаб...

Биласизми access_time1-июль 2017, 12:06

  Мия - инсоннинг энг мураккаб ва энг кам ўрганилган тана аъзоси. Биз…

Тавба сураси, 118 оят тафсири

Мақолалар access_time10-июнь, 11:47

Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб,…

БИДЪАТЛАР – БEШ ТУРЛИКДИР!

access_time7-октябрь, 18:36 visibility85

Фақиҳларимиз бидъатни беш турга бўлганлар.

Буларнинг биринчиси – вожиб бидъатдир. Яъни қилиш вожиб бўлган бидъатдир. Бунга уламоларимиз «Наҳу» илмини ўрганишни мисол қилиб келтиришади. Нима учун Наҳу илмини ўрганиш вожиб бидъат? Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллaмнинг даврларида бу илм бўлмаган.  Бу илмга биринчи бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида асос солинган. Абул Асвад ад-Дуали розияллоҳу анҳу ва бошқа наҳвий уламолар бу илм йўлида хизмат қилганлар. Бу илмни аслида ўрганишлик бидъат аммо вожиб бидъатдир. Вожиблиги шундаки, агар инсон шу илмни ўрганмаса, Қуърон ва суннатни ўрганолмайди. Қуръон ва суннатни ўрганиш вожибдир. Вожибга олиб борадиган йўл ҳам вожибдир, деган усулий қоидага кўра Наҳу илмини ўрганиш вожиб бўлади.  

Бидъатларнинг иккинчи тури – ҳаром бидъатдир. Бунга мисол қилиб, қадария, муржиъа, ва хавориж фирқаларини ўрганишлик ва уларда бўлишликни уламоларимиз ҳаром бидъат деб келтиришган.

Бундай фирқалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида хавориж ундан кейин бошқа фирқалар чиқди. Бу фирқалар нега ҳаром бидъат дейилди? Чунки бу фирқаларнинг қарашлари Исломга ва унинг қоидаларига зид эди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Хавориж ва муътазилийлар мазҳаби бўйича амаллар иймоннинг бўлаклари ва амални тарк қилувчи иймондан чиқади. Бу масалада хавориж ва муътазила орасида фарқ бор. Хаворижлар амални тарк қилувчи иймондан чиқиб, кофир бўлишини айтишса, муътазилийлар эса, у иймондан чиқади, лекин кофир бўлмайди балки иккисини орасида бўлади дейишади. Бу билан улар «манзила байна ал-манзилатайн», яъни «икки мартаба орасида мартаба» ақидасига суянадилар. 

Муржиийлар амалга ҳожат йўқ, нажот топишнинг йўли тасдиқ холос дейишади. Демак, муржиийлар аввалги икки тоифадан кескин фарқ қилади. Хаворижлар” деб аталган тоифа анъанавий исломдан – аҳли суннат ва жамоатдан илк ажралиб чиққанлар гуруҳи бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни “дажжол малайлари” ва “дўзах итлари”, деб атаганлар ва доимо огоҳлантирганлар. Бу фирқалар Исломга энг кўп зарар етказган фирқалар бўлди.  

Бидъатнинг учинчи тури – мустаҳаб бидъатдир. Бу бидъатга мисол қилиб уламоларимиз мадрасалар ташкил қилиш, таровеҳ намозларини жорий қилишни келтирадилар. Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг даврларида мадрасалар йўқ эди. Аммо кейинчалик пайдо бўлди. Таровеҳ намозлари эса Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида юзага келди. Аммо бу бидъатни инсон тафаккур билан ўйлаб кўриши керак. Мадраса қуришни бидъат деб бундай файзли иншоотлар қурилиши тўхтатиб қўйилса, топганимиздан кўра кўпроқ нарса йўқотамиз. Мадрасасиз дунёни бир тасаввур қилиб кўринг, Аллоҳ асрасин. Шунинг учун ҳар бир бидъат тури ҳақида чуқур мулоҳаза юритиш керак.  

Тўртинчи бидъат эса – макруҳ бидъатдир. Бу бидъатга уламоларимиз мисол қилиб, масжидларга ҳаддан ортиқ зеб беришни келтирганлар. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжидларга безак берилмаган. Бу ҳам кейинчалик пайдо бўлган бидъатлардан биридир.  

Бешинчи бидъат бу – мубоҳ бидъатдир. Бу бидъатга намоздан кейин қўл бериб кўришиш, ейиш, ичиш, ва кийим кийганда чиройли бўлишга интилишни киритганлар. Аммо бундай бидъатга рухсат берилган. Чунки бу ишларни қилишда гуноҳ ҳам савоб ҳам  йўқдир. Аммо меъёрида бўлган ҳар қандай амал гўзалдир. Лекин юқорида зикр қилинган амалларни урфга айлантиришдан сақланиш керак. Баъзи жойларда кишилар бомдод намозидан кейин ҳалқа ҳосил қилиб, саломлашиш маросимини ўтказадилар. Бу бидъат амалдир. Шунинг учун инсон ҳаёти давомида ҳар бир амалига эътиборли бўлса, ҳаёти осойишта ва гўзал бўлади.


Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР