Тавсия қиламиз

Эрни эр қиладиган хам, қаро ер қиладиган ҳам...

Мақолалар access_time27-январ 2019, 09:28

Бир хотин эрининг бошқа бир аёлни яхши кўришини билиб қолиб, ўша аёлни топиб…

ИСТИҚЛОЛИНГ МУБОРАК, АЗИЗ ВАТАНИМ!

Мақолалар access_time31-август 2017, 11:13

ИСТИҚЛОЛИНГ МУБОРАК, АЗИЗ ВАТАНИМ! Инсон ўз тарихини ўзи яратади, дейдилар.…

ҚАЛБ ХУРСАНД БЎЛИШИ САБАБЛАРИ

Мақолалар access_time29-апрел 2019, 18:55

 Аллома ибн ал-Қайюм қалбни шодлантирадиган бир қанча масалаларни айтиб…

ҚАСАМ ИЧИШ...

access_time13-октябрь, 16:27 visibility116

Қасам уч турлидир: кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У ила гуноҳкор бўлади. Ўшанда ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш аксинча бўлса, қасам беҳудадир. Бунда афв этилиши умид қилинади. Агар келажак нарсага қасам ичса, қасам боғланади. Мана шу қасамдагина қасамхўр бўлса, каффорат ўтайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам. 

Қасам «Аллоҳ» лафзи билан ёки Роҳман, Роҳийм ва Ҳақ каби исмларидан бири билан ёхуд Аллоҳ таолонинг қасам ичса бўладиган иззати, жалоли, кибриёси, азамати ва қудрати каби сифатларидан бири билан бўлади. 

Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан ва раҳмати, илми, ризоси, ғазаби, аччиғи ва азоби каби урфда қасам ичиб бўлмайдиган сифатлари билан бўлмайди. Кишининг «Ла амруллоҳи», «Ва аймуллааҳи», «Ва аҳдиллааҳи ва мийсақиҳи», дейиши, «қасамки», «онтки», «ашҳаду», деганидан кейин «биллааҳи»ни айтмаса ҳам, «Зиммамда назр, ямин, аҳд бор», деганида «Аллоҳ учун», демаса ҳам қасамдир. 

Агар фалон нарсани қилса у кофир эканлигини айтса, агар кофир бўлмаса ҳам, ўтган замонга боғладими ёки келасига, барибир қасамдир. 

«Савганд михўрем ба Худой» ҳам қасамдир. «Ҳаққан», «Аллоҳнинг ҳаққи-ҳурмати», «Савганд хўрам бо Худой» ёки «Ба талоқи зан», деса ёки агар фалон ишни қилса, унга Аллоҳнинг ғазаби, аччиғи ёки лаънати бўлишини айтса, ёхуд «Фалон ишни қилсам, мен зинокор ёки ўғри, ёхуд ароқ ичувчи-ю, рибохўр бўлай», деса, қасам бўлмайди. 

Қасам ҳарфлари «вов», «бо» ва «то»лардир. Гоҳида «Аллоҳи ла афаъланна»дагига ўхшаб у яширин суратда ҳам ишлатилади. 
Биз «қасам» деб таржима қилган сўз араб тилида «ямин» деб келган.
«Ямин» сўзи «ўнг томон», «ўнг қўл» маъноларини англатади. Арабларда қасамга «ямин» сўзи ишлатилишининг сабаби, уларнинг одатлари бўйича кишилар ўзаро қасам ичишганларида бир-бирларининг ўнг қўлидан тутиб туриб қасам ичишар экан. 

«Ямин» шаръий истилоҳда қуйидагича таърифланади: 

«Аллоҳ таолонинг исми ёки У Зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкидлаш яминдир». 

Бошқа бир таърифда: 

«Хабарни Аллоҳнинг зикри ёки таълиқ ила кучлантириш яминдир», дейилган. 

Қасамнинг сабаби – қасам ичувчи ўзининг ростгўйлигини тингловчига таъкидлашни ёки ўзини бир нарсани қилиш ёки тарк этишга мажбурлашни қасд қилишидир.

Қасам иккига тақсимланади: Аллоҳ таолонинг исми ила бўлган қасам ва У Зотдан бошқа билан қасам. 

Биринчи турдаги қасам Қуръони Каримда зикр қилинган:
Аллоҳ таоло: 

«Осмону ернинг Робби ила қасамки, албатта, у (ваъда) худди сиз нутқ қилаётганингиз каби ҳақиқатдир», деган (Зарийаат сураси, 23-оят).

Ҳанафий ва моликий мазҳаблари бўйича, киши бир нарсани тўғри деб гумон қилиб қасам ичса-ю, нотўғри чиқиб қолса, унинг айтганлари «беҳуда қасам» бўлади. Бу ҳолатда унга на гуноҳ ва на каффорат бўлмайди. 

Тил ўрганиб қолганидан ўйламай-нетмай ичиладиган қасамга ҳам «беҳуда қасам» дейилади. Айниқса, арабларда «қасам» лафзи осон чиқади. Сўз орасида ҳам «Валлоҳи», «Биллааҳи», «Таллоҳи», деб юбораверишади. Бунда қасам ичиш нияти умуман бўлмаса ҳам, тил ўрганиб қолган бўлади. 

Туркий халқларда ҳар нарсага «Худо урсин», деявериш ҳам шунга ўхшайди. 

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирлари билан йўлда кетаётиб, ов қилаётган кишиларнинг олдидан ўтиб қолишди. Шунда: 

«Аллоҳга қасамки, урдим», «Аллоҳга қасамки, хато қилдим», деган овозлар эшитилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кетаётган киши: «Қасамхўр бўлишдими?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ, овчиларнинг қасами беҳуда бўлади. Каффорат ҳам, уқубат ҳам йўқ», дедилар. 

Демак, беҳуда қасам кечирилгандир, унинг учун ҳеч қандай гуноҳ ҳам, жазо ҳам йўқ. Лекин мусулмонлик одоби кўп қасам ичмасликни тақозо қилади.


«Фиқҳ илми» китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР