Тавсия қиламиз

ФИДЯГА ОИД САВОЛ – ЖАВОБЛАР

Мақолалар access_time8-май, 14:15

Савол: ҳаж ибодатида «ҳажжи бадал», яъни бошқанинг ўрнига ҳаж…

Ер юзидаги энг бахтли одам – Сизсиз

Мақолалар access_time31-июль 2017, 12:31

Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхшилик ва ёмонлик, бахтлилик ва бахтсизликни…

ЖОҲИЛНИНГ ОЛТИ СИФАТИ

Мақолалар access_time13-июль 2020, 17:42

  Ҳакимларнинг баъзилари айтишди: "Жоҳил киши олти хислат билан…

ҚАБР АЗОБИДАН ХАЛОС ЭТУВЧИ БАЪЗИ САБАБЛАР

access_time30-октябрь, 17:15 visibility1594

Мусулмон киши қабр азобини вожиб қилувчи ҳар қандай ишдан узоқ юрмоғи, ҳар куни уйқудан олдин холи қолиб нафсини ҳисоб-китоб қилмоғи, тавбага шошилмоғи, гуноҳ ишга қайтмасликка жазм этмоғи лозим. Шуни ҳам билиб олсинки, солиҳ амалларни бажариш бу азобдан қолиш қолишнинг бирдан-бир йўлидир. Қуйидагилар қабр азобидан халос этувчилар сирасига киради:

Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш.
Имом Термизийнинг “Жомеъ”ларида Фазола ибн Убайднинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисида бундай дейилган: “Ҳар бир маййитнинг амали муҳрлаб, ёриб қўйилади. Бироқ Аллоҳ йўлида чегара пойлаб ўлган маййитнинг амали Қиёматгача ўсиб бораверади ва у қабр фитнасидан омон қолади” (Бу ҳадис ҳасан саҳиҳдир).

Насоийнинг “Сунан”ларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобидан бўлмиш Рошид ибн Саъддан ривоят қилинишича, бир киши деди: “Эй Расулуллоҳ, мўминларга нима бўлдики, шаҳиддан бошқа барчаси қабрларида фитнага дучор бўладилар?” Набий дедилар: “Унинг боши узра чақнаб турган Қиличларнинг фитнаси етарлидир”.

Миқдом ибн Маъди Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар: “Шаҳид учун Аллоҳнинг ҳузурида олтита хислат бор: қонининг илк томчисидаёқ мағфират этилади; қабр азобидан паноҳ топади; “энг катта қўрқинч”дан ҳам омон қолади; бошига улуғворлик тожи қўйилади. Унинг бир дона ёқути дунё ва ундаги бор матодан яхшироқдир; ҳури айнлардан етмиш иккитасига уйлантириб қўйилади; яқинларидан етмиш кишини шафоат қилади” (Ибн Можа ва Термизий ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Бир кеча-кундуз қўриқчилик қилиш бир ой нафл рўза тутиб, тунлари ибодат қилишдан афзалдир” (Имом Муслим ривояти).

Агар қўриқчилик қилаётиб ўлиб қолса, қилиб юрган амалларининг савоби унга давомий етиб туради, ризқи ҳам ҳозирлаб қўйилади ва фитнaчидан омонлик топади.

Мулк сурасини ўқиш. Абу Умар ибн Абдул Бар айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай саҳиҳ ривоят бор: “Бир сура борки, ўзи ўттиз оятдан иборат, аммо соҳибининг гуноҳлари мағфират этилади. Бу сура Мулк сурасидир”.

Абд ибн Хумайднинг “Муснад”ларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши бир одамга айтдилар: “Мен сенга бир ҳадисни туҳфа қилайми? Сен ундан жуда хушнуд бўласан?”. У киши деди: “Бўлмасам-чи”. Айтдилар: “У ҳолда Мулк сурасини ўқи, уни ёдлаб ол ва аҳлингга, фарзандингга, уйингдаги ёш болаларга ва қўшниларингга ҳам ўргат. Зеро, у баҳслашувчидир. Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида у қорининг фойдаси учун баҳслашади ва мунозара қилади, Роббидан унга жаҳаннам азобидан нажот беришини талаб қилади. Аллоҳ қабр азобидан у туфайли нажот беради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен бу сура умматим орасидаги барча кишиларнинг қалбида бўлишини истайман”.

Ибн Можанинг “Сунан”ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ҳадис келтирилган: “Ким қорин оғриғидан ўлса, шаҳид бўлади, қабр фитнасидан омон қолади. Ва устига (эртаю кеч) жаннатдан ризқ бериб турилади”.

Таҳоратли юриш. Бу ҳам қабр азобидан нажот берувчи сабаблардандир. “Наводирул усул”да Ҳаким Термизий ривоят қиладилар: “Бизга отам раҳматли айтиб берган эди: “Абдураҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир куни Мадина масжидида эканимизда олдимизга Расулуллоҳ алайҳиссалом чиқдилар ва дедилар: “Кеча ажойиб туш кўрдим... Қабр азоби ўраб олган кишини таҳорати азобдан қутқариб қолди”.

Тавҳидни эътироф қилиш. Бу ҳам қабр азобидан қутулишнинг бирдан-бир чораси эканлигига асло шубҳа йўқ.

Баро розияллоҳу анҳунинг машҳур ҳадисларидан бирида мўмин бандани икки малак сўроқ қилиши ҳақида бундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уни ўтқазадилар ва “Роббинг ким?” деб сўрайдилар. У дейди: “Роббим — Аллоҳ”. Айтадилар: “Дининг нима?”. “Диним — Ислом”. Айтадилар: “Сизларга юборилган бу киши ким?”. У дейди: “У Аллоҳнинг Расулидир”. Айтадилар: “Ўзинг нима амал қилдинг?”. У дейди: “Аллоҳнинг Китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва уни тасдиқ қилдим...”.

Шу чоғда Аллоҳ таоло айтади:

يُثَبِّتُ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا بِالْقَوْلِ الثَّابِتِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ ۖ وَيُضِلُّ اللَّهُ الظَّالِمِينَ ۚ وَيَفْعَلُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ 

"Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур" (Иброҳим сураси, 27-оят).

 

"Тадорик" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР