Тавсия қиламиз

ЖУМА КУНИНИНГ СИРЛАРИ

Мақолалар access_time30-август 2019, 12:16

    Жума кунининг бошқа кунлардан афзаллик жиҳатлари жуда кўп.…

АТМОСФЕРА ҚАТЛАМЛАРИ

Мақолалар access_time26-октябрь 2020, 16:46

Коинот ҳақида Қуръон оятларида хабар берилган далиллардан бири - осмоннинг…

Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳнинг амри

Мақолалар access_time9-октябрь 2018, 12:27

Қуръони Каримда ота-онага қандай муносабатда бўлиш лозимлиги баён қилинган…

Жамоат намози

access_time14-ноябрь, 13:59 visibility820

  Беш маҳал намозда имом билан бирга жамоат бўлиши учун имомдан ташқари икки киши лозим бўлади. Жума намозининг жамоати учун эса уч киши лозим бўлади. Демак, беш маҳал намоз учун имом билан бирга 3 киши, жума намозида эса имом билан бирга 4 киши бўлса, жума намозининг жамоати ҳозир бўлган бўлади. Жума ва икки ҳайит намозларини жамоатсиз адо этиб бўлмайди, яъни бу намозларни ёлғиз ўқиш мумкин эмас. Беш маҳал намоз учун жамоат бўлиши суннати муаккада бўлиб, вожиб ҳукмидадир, яъни узрсиз кишилар беш маҳал намозни масжидда жамоат билан адо этишлари таъкидланган суннатдир. 

Агар икки киши намозни жамоат бўлиб ўқимоқчи бўлса, имом чап тарафда туради, иқтидо қилувчи эса имомнинг ўнг тарафида, бир қадам орқада туради. Иқтидо қилувчилар икки кишидан кўп бўлса, имомнинг ортидан саф тортадилар. 

Аёллар намозни жамоат қилиб ўқимайдилар, имомликка ўтмайдилар. 

Масжидда жамоат намози ўқиб бўлингандан кейин кеч қолиб келган кишилар борасида икки ҳолат бор. Биринчиси: агар масжид маҳалла ичида жойлашган бўлиб, шу масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлгандан сўнг жамоатга кеч қолиб келган кишиларнинг ҳар бири намозини жамоат қилмай, ёлғиз ўқийди. Иккинчиси: агар масжид катта йўл бўйида жойлашган бўлиб, масжиди муарро, яъни йўловчи масжидлар бўлса, бу масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан кейин ҳам йўловчилар бирин-кетин масжидга кириб келишлари доимий тарзда, одатий ҳолга айланган бўлса, у ҳолда бундай масжидда жамоатга кеч қолганлар намозини жамоат қилиб ўқишлари жоиз. Лекин кейинги жамоатнинг имоми аввалги жамоатнинг имоми турган меҳробдан бошқа жойда туради. Бу масалада шуни билмоқ лозимки, кейинги жамоатга етиб олишдан умидвор бўлиб, аввалги жамоатга қасддан кеч қолиш макруҳи таҳримийдир. 

Таҳоратли киши узрли кишига иқтидо қилмайди, қори одам қироати намозга яроқли кишига – омий кишига, қироати тажвидга мувофиқ бўлмаган кишига иқтидо қилмайди. Рукуъ ва сажда қилишга қодир бўлган киши имо-ишора билан намоз ўқийдиган кишига иқтидо қилмайди. Фарз ўқийдиган киши нафл ўқиётган кишига ёки бошқа фарзни ўқиётган кишига иқтидо қилмайди. 

Таҳорат олган киши таяммум қилган кишига, аъзоларини ювган киши эса масҳ тортган кишига, нафл ўқийдиган киши фарз ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиздир. 

Бу ерда изоҳ бериб ўтиш лозим бўлган масала шуки, иккинчи жамоат макруҳ деган масалани кўпчилик яхши тушуниб олмай, турли ноқулайликлар пайдо қилиши мумкин. Биз бу масалани бундан ўн йилча аввал зикр қилганимизда бироз тушунмовчиликлар бўлган. Алҳамдулиллаҳ, энди бу масалани тушуниб етадиган вақт келди. Аслида бу янги масала эмас, барча фиқҳ китобларимизда бор. Бу масаланинг энг муҳим жиҳати шуки, ундан мақсад жамоат намозининг фазлини кўтариш, жамоатга тарғиб қилишдир. Масалан, иккинчи жамоат макруҳ бўлса, ҳамма ўша биринчи жамоатга улгуришга ҳаракат қилади, ишини, кун тартибини шунга қараб режалаштиради. 

Масалан, бозордаги тижоратчилар иккинчи жамоат макруҳлигини билса, намозга эртароқ ҳаракат қилади, биринчи жамоатдан кеч қолсам бўлмайди деб, масжидга вақтида етиб боришга интилади. 

Китобларимизда бунга далиллар жуда кўп. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга қолса, ўрнимга бошқа кишини имомчиликка ўтказиб, жамоатга келмаганларнинг уйига ўт қўйган бўлардим», деганлар. Шунингдек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу «Агар Мадинада жамоатга кеч қолсак, намозни алоҳида, ёлғиз ўқиб олардик», деганлар. 

Зафар Аҳмад Усмоний роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Иълоус-сунан» китобларида бу ҳадисни шарҳлаб, шундай деганлар: «Агар иккинчи жамоат қилиш мумкин бўлганда эди, Пайғамбар алайҳиссалом бу гапни айтмаган бўлар эдилар. Биринчи жамоатга кечиккан одам иккинчи жамоатга келиб ўқир эди. Ундай бўлса, нима учун у зот унинг уйига ўт қўяман дейдилар?» 

Демак, иккинчи жамоат бўлмагани учун жамоатга келмаган одамларга шундай муносабат кўрсатилган.

Жума ўқиладиган ҳар бир жомеъ масжид – имоми, муаззини бор расмий жомеъ масжидда иккинчи жамоат қилиб ўқиш макруҳдир. Иложи борича жамоатга кеч қолмаслик керак. Жамоатга кеч қолганларнинг ўзлари алоҳида жамоат қилишга ҳаққи йўқ.

 

...Биродарлар, аслида жамоатга келмасликнинг ўзи катта бир айб ҳисобланади, жамоатга кеч қолиш ҳам битта айб. Жамоатга кеч қолган одамлар алоҳида, яна битта жамоат қилса, яшириши лозим бўлган айбини ўзи очаётган бўлади. 

Аммо муарро масжидлар бундан мустасно. Масалан, Маккаи мукаррама билан Мадинаи мунавваранинг орасида йўлда жуда кўп масжидлар бор. Уларда жума ўқилмайди, чунки бу йўловчилар учун қилинган масжиддир. Уларнинг расмий имоми йўқ, у ерга расмий муаззин тайинланмаган. Йўловчилар йўлда тўхтаб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, жамоат қилиб намоз ўқиб кетаверади. Ўтган жумада айтилган намозхоналар ана шундай масжидлар ҳукмидадир. Ана бу масжидларда ҳар қанча жамоат қилса бўлади. Хуллас, аслида бу жамоат намозининг қадрини кўтариш учун жорий қилинган масаладир. Бу масала фиқҳий китобларда батафсил баён қилинган. 

Бу масаланинг асл моҳиятини яхши тушунмаган одам анчагина ихтилофларга, баҳс-мунозараларга сабаб бўлишган. Умуман, биз юқорида иқтибос келтирган китоб – «Иълоус-сунан» китобигача ҳанафий мазҳаби уламолари, бу мазҳабнинг баъзи ҳукмлари анчагина танқидларга учраган. Аммо шамшири ҳанафий  деб ном олган мазкур китоб ёзилгач, ҳанафийларда ҳадис йўқ, далил йўқ, улар ҳадисдан далил келтиришмаган каби танқидлар барҳам топди. Зафар Аҳмад Усмоний роҳимаҳуллоҳ устозлари ва тоғалари Ашраф Алий Таҳонавийнинг ишларини давом эттириб, 17 жилддан иборат мазкур китобни ёзганлар. Устоз бу китобда илк бор ҳанафий мазҳабида келган ҳар бир масаланинг ҳадисдан далиллари борлигини исботлаб берганлар.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР