Тавсия қиламиз

Абитуриентлар учун дуолар тўплами

Мақолалар access_time29-июль 2017, 12:45

Саноқли кунлардан кейин олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади.…

СИЙРАТ ВА СУВРАТ

Мақолалар access_time20-июнь 2017, 19:51

Ҳаким зот бошдан кечирганларини ҳикоя қилади: – Мен бир улуғ зотни…

РИЗҚ ҲАҚИДА КЎНГЛИНГИЗ ХОТИРЖАМ БЎЛСИН!

Мақолалар access_time20-январ 2018, 19:36

Ҳар бир банданинг ризқи Аллоҳ тарафидан белгилаб қўйилган. Инсон онаси қорнидалигидаёқ…

Қизиққонларнинг адашиши 

access_time17-ноябрь, 16:18 visibility70

Террорчилик муаммоси билан бир қаторда кўриб чиқишни тақозо этадиган масалалардан бири – радикализм, яъни қизиққонлик қилиш, кескин чоралар кўриш ҳолатидир. Радикализм қайсидир соҳада қатъий, туб, туйқус ўзгаришларни ҳимоя қилиш, ана шунга эришиш мақсадида қизиққонлик билан, кескин ва муросасиз сиёсат олиб бориш деганидир.  

Радикал кучлар у ёки бу соҳада туб ислоҳотларга кескин, тажовузкорона, кўп ҳолларда куч ишлатиш йўли билан эришишга интилади. Ҳаётдаги ҳар қандай ҳолатларга бўлгани каби, Исломнинг ушбу муаммога муносабатининг мезони ҳам Қуръони карим кўрсатмалари ҳисобланади. Қизиққонлик ҳар қандай кўринишда Аллоҳ таоло мусулмонларга Қуръони карим орқали амр этган тафаккур тарзи ва ҳаётнинг ахлоқий қонунларига мувофиқ келмайди. Аллоҳ мўминлар эгаллаши лозим бўлган руҳий сифатларни кўрсатар экан, кишиларни юмшоқ қалбли, эзгуликка, ҳар қандай можаро ва ихтилофли вазиятлардан холи, ҳатто ўзига душманчилик кайфиятида турганларга ҳам яхши муносабатда бўлишга буюради.  

Пайғамбарлар Мусога (а.с.) ва Ҳорунга (а.с.) Аллоҳ таолонинг амри ана шундай вазиятларда чин мусулмонларга ўзини қандай тутишда тўғри йўлни кўрсатганига мисол бўлади:  

«Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки (у «Мен худоман», деб) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса» (Тоҳа, 43-44).

Фиръавн буюк Парвардигорнинг иродасини инкор этиб, ўзини худонинг ердаги тимсоли деб эълон қилган энг бешафқат ҳукмдорлардан бири эди. Фиръавннинг мустабид ҳукмронлиги диндорларни (Бани Исроилни) шафқатсиз жабр-ситам ва зулмга гирифтор қилди. Бироқ Аллоҳ ана шундай душманлик вазиятида ҳам Фиръавнга панд-насиҳат қилиш учун юборилган пайғамбарларига «унга юмшоқ сўзланглар», деб буюради. Улуғ Парвардигор тинч муносабатлар ўрнатиш, чиройли панд-насиҳатлар олиб боришни, ихтилоф, кескин фикр айтиш ва ғазабнок шиорлар, норозиликнинг тажовузкор кўринишларидан тийилишни амр этади.

Қуръони карим мусулмонларга хулқ-атворнинг ҳамда, агар одамларнинг қалблари хусумат лва нафрат билан тўлиб-тошган бўлса ҳамки, улар билан муомала қилишнинг Худога хуш келадиган томонларини кўрсатувчи кўплаб мисоллар келтиради. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) хулқларини таърифловчи ояти карималардан бирида шундай деб марҳамат этилади:  

«(Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон,159).

Муросасиз, кескин йўл тутиш, қизиққонлик қилиш радикализмнинг алоҳида хусусиятларидандир. Хулқ-атворнинг бу кўринишини барча радикал кучларнинг нутқларида, матнларида ва намойишларида кузатиш мумкин. Айни пайтда ғазаб ва шафқатсизлик Парвардигор таъқиқлаган хулқ қирраларидир. Мусулмонларнинг руҳий сифатларини баён этаркан, Аллоҳ таоло марҳамат этади:  

«(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон, 134).

Аслини олганда, мусулмон киши ҳар қандай ҳаётий синов ва воқеа бўлмасин, ғазабини ёки бадхоҳлигини намойиш қила олмайди. Зеро, ҳақиқий мусулмоннинг ягона мақсади ўзининг чиройли ибрати билан бошқа одамларни иймонга ва илоҳий амр-фармонларга бўйсунишга чорлашдир. Бироқ одамларни иймонли қилишга, Парвардигор уларни ҳидоятга йўллаб қўйгандагина, имкон бўлади. Биз нималар қилмайлик, одамларга қандоқ ҳақиқатларни тушунтирмайлик, уларнинг қалблари фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Буюк 

Холиқимиз бу муҳим ҳақиқатни мусулмонларга тушунтириб, марҳамат қилади:  
«Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус, 99).

Шунинг учун мусулмоннинг Парвардигор олдидаги ягона мажбурияти одамларга иймон ҳақидаги ҳақиқий билимларни етказиш ва уларни Ҳаққа тинч йўл билан даъват қилишдир. Улуғ Парвардигорнинг амр-фармонларига бўйсунаркан, ҳар бир киши одамларни динга ҳам, мусулмонларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги мажбуриятларини бажаришга ҳам мажбурлаш йўқлигини ва бундай қилиш мумкин эмаслигини чуқур англаб етиши керак. Фақатгина чиройли панд-насиҳатлар ва маслаҳатларга ижозат этилади. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) амр қилиб айтади:  

«Биз улар айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг устида (дину иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг!» (Қоф, 45).

Мусулмонлар Исломнинг асл қоидаларини босим ёки зўрлик қилмасдан тушунтиришлари лозим. Улар Аллоҳ таоло олдида шунга масъулдирлар. Мусулмонлар, ҳатто энг бешафқат худосизларга нисбатан ҳам, чиройли панд-насиҳатлар ва яхши муомала қилишлари керак. Шундай экан, ҳар қандай радикализм, яъни кескин чоралар кўриш тўғрисида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Радикализм мусулмонларга юклатилган вазифаларга бутунлай зид келадиган усулларни кўзда тутади ва уларни ўз ҳаракатларида қўллайди. Аслида радикализм Исломнинг ташқарисида пайдо бўлган ва унга анча кейин кириб келган мафкуравий оқим ва сиёсий стратегиядир. Радикализмнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш чоғида шу нарса аниқ кўринадики, бу ҳодиса ўтмишда коммунистлар ва худосизлар фойдаланган ҳамда Қуръони карим:  

«Ўшанда кофир бўлган кимсалар дилларига қизиққонликни-динсизлик қизиққонлигини солганларида...» (Фатҳ, 26) дея таърифланган усул ва шиорларнинг ўзига хос «йиғиндиси» бўлиб, унинг Ислом ахлоқига ҳеч қандай алоқаси йўқ.  

Барча мусулмонлар Қуръони каримнинг руҳияти ва моҳиятига зид келадиган ҳар қандай кўринишдаги шафқатсизлик, ғазаб туйғулари ва ихтилофли муносабатлардан мутлақо қочишлари, ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳ таоло белгилаб қўйган эзгулик, сулҳпарварлик ва мулоҳазакорлик йўлидан боришлари учун Парвардигорлари ҳузурида масъулдирлар.  

Мусулмонларнинг маънавий етуклиги, диний бағрикенглиги, тинчликсеварлиги ва камтарлиги бутун инсониятга намуна бўлиши ва Исломнинг ахлоқий кўрсатмалари одамлар қалбида ҳайратланиш туйғулари уйғотиши даркор. Мусулмонлар фақатгина ахлоқий йўналиш бўйича ибрат бўлиб қолмасдан, ҳаётнинг барча жабҳаларида, фан ва маданиятда, санъат ва нафосатда, ижтимоий қурилишда ҳам улуғ Парвардигор томонидан нозил қилинган диний таълимотнинг муносиб вакиллари сифатида намуна кўрсатишлари керак. Кишиларни иймонга, динга даъват қилиш, Исломга ёт бўлган худосизлик мафкураларига қарши кураш Парвардигор йўл қўйган усулларга қатъий риоя этган ҳолдагина олиб борилиши лозим. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг бошқа кишилар билан муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақида мўминларга очиқ хабар бериб қўйган:  

«(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур» (Наҳл, 125).

«Ислом террорни лаънатлайди» китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР