Тавсия қиламиз

Ўзбекистон раҳбарлари — руководители Узбекистана

Мақолалар access_time24-июль 2017, 17:27

Ўзбекистон раҳбарлари — руководители Узбекистана 1). Файзулла Убайдуллаевич…

ОДАМЛАРНИНГ НАСАБИГА ТИЛ ТЕККИЗИШ

Мақолалар access_time28-сентябр 2017, 14:23

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:  "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:…

ГЎЗАЛ ХУЛҚ

Мақолалар access_time20-июль 2020, 11:18

  Саййидимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ”Аллоҳ гўзалдир,…

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙХИССАЛОМНИНГ МИНБАРЛАРИ

access_time25-ноябрь, 11:18 visibility808

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида устун вазифасини ўтовчи хурмо дарахтининг ёғочлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида мазкур ёғочлардан бирининг ёнида туриб гапирганлар. Баъзи вақтларда узоқ муддат туриб қолар эдилар. Шунда баъзи саҳобалар устида ўтириладиган бирор нарса ясаб беришмоқчи бўлишиб, у зотдан бунга рухсат сўраганлар:

عن جابر بن عبد الله أن امرأة قالت يا رسول الله ألا أجعل لك شيئا تقعد عليه فإن لي غلاما نجارا قال «إن شئت» فعملت المنبر. رواه البخاري.

  Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл: “Эй Аллоҳнинг Расули, устига ўтиришингиз учун сизга бирор нарса қилиб берайми, менинг дурадгор қулим бор”, деди. У зот: “Агар (шуни) хоҳласанг (майли)” дедилар. Ҳалиги аёл минбар қилиб берди”. Бухорий ривоят қилган.

  Келгуси жумъада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келинган минбар устида хутбага чиққанлар. Шу пайт олдин унинг ёнида хутба қилинадиган хурмо дарахти ёғочидан ёш боланинг йиғисига ўхшаш овоз чиққан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб ўша ёғочнинг олдига бориб уни ушлаганларидан сўнг у тинчланган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олдин унинг ёнида бўладиган зикрдан айрилганига йиғлади”, деганлар.

  Ҳасан Басрий қачон шу ҳадисни ривоят қилса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидан кетганига эртага сўроққа тутилмайдиган бир ёғоч йиғлади-я, биз йиғламаслигимиз мумкинми?” дер ва йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур минбарлари ҳижратнинг сакккизинчи йилида ясалган. Минбарнинг учта поғонаси бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада оёқларини иккинчи поғонага қўйиб минбарнинг устида ўтирганлар. Кейинчалик Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутбада ўтирган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб юзасидан иккинчи поғонага ўтириб оёқларини энг пастки биринчи поғонага қўйиб турган. Умар розияллоҳу анҳу раҳбар бўлганларида эса хутбада ўтирган пайтда биринчи поғонага ўтириб оёқларини ерга қўйиб турган. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам олти йилга қадар шу ҳолат давом этган. Сўнгра у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойга минбар устига ўтирадиган бўлган.

  Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу мазкур поғонларнинг тагидан яна поғоналар қўшдирган ва минбарнинг поғоналари тўққизтага етган. Раҳбарлар хутбада ўтирганда мазкур минбарнинг еттинчи поғонасида, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларининг энг қуйи биринчи поғонасида ўтирганлар. Ушбу минбар олти юз йилдан ортиқ вақт давомида Масжиди Набавийда шундай ҳолатда турган. Ҳижрий 654 (1256-милодий) йилда содир бўлган масжид ёнғинида минбар ҳам куйиб кетган. Ушбу воқеадан сўнг ҳижрий 658 йилда унинг ўрнига Яман подшоҳи Малик Музаффар томонидан ясаттирилган минбар ўрнатилган. Аммо кейинчалик яна бир неча марта бошқа-бошқа минбарлар қўйилган. Масжиди Набавийга охирги қўйилган минбар ҳижрий 998 йилда Султон Мурод учинчи Усмоний томонидан юборилган минбар бўлган. Бу минбар мармардан ясалган бўлиб, гўзал нақшлар билан безатилган, тепасида тўртта устунли қуббаси ҳам бор. Ушбу минбарнинг эшиги ҳам бўлиб, эшигидан ташқарисида учта, ичкарисида тўққизта поғонаси бор. Ҳозирда ушбу минбар Масжиди Набавийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ўрнида турибди.

  Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар ҳақида шундай деганлар: “Уйим ва минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ бор”. Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан нимани ирода қилганлари тўғрисида турли хил маънолар айтилган:

1. Баъзи уламолар мазкур жойга доимий равишда раҳмат ёғилиб турганлиги ҳамда бу ерда ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикри бўлиб турганлиги эътиборидан бу жой, яъни уйлари билан минбарларининг ораси худди жаннат боғларидан бир боғ кабидир, деганлар.

2. Баъзи уламолар эса “Уйим ва минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ бор” деганлари бу ерда қилинган ибодатлар соҳибини жаннатга олиб бориши эътиборидандир, дейишган.

3. Баъзи уламолар эса бу ер охиратда жаннатга кўчириладиган муборак ердир, шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жаннат боғларидан бир боғ деганлар.

  Аллоҳ таоло барчаларимизга жаннат боғларидан бир боғ бўлган жойда такрор-такрор ибодат қилиш бахтига муваффақ қилиб, уйи ва минбари орасида жаннат боғи бўлган зотнинг шафоатидан насибадор қилсин.

“Динимиз аҳкомлари” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР