Тавсия қиламиз

Муҳаммад Али Собунийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Мақолалар access_time15-май 2017, 16:06

Жамил ибн Мустафо ўғли Муҳаммад Али Сабуний 1930 йил илм ва уламолар юрти…

Тошкент шаҳридаги “Дорус Салом” жоме масжидида Рамазон таровати

Янгиликлар access_time9-май 2019, 01:10

Муборак Рамазон ойи юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда, ўзгача тароват ила давом…

Тавба сураси, 117 оят тафсири

Мақолалар access_time10-июнь 2021, 10:19

Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул…

Етим бола асрасак, оғиз-бурнимиз қон бўлмайди!

access_time30-ноябрь 2021, 16:00 visibility560

Аллоҳ таоло ҳар кимнинг тақдирини ҳар хил яратган. Кимдир ота-она қарамоғида улғайса, яна кимдир оила бошлиқларисиз вояга етади. Бундай ҳолда асло ўксимаслик керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким етимни кафиллигига олса ва уни ўз таомига шерик қилса, ғамхўрлик кўрсатса, у одам, албатта, жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Етимга кафил бўлиш уни ўзининг боласи қилиб олиш дегани эмас. Жамиятимизда фарзанд кўрмаган оилаларнинг Меҳрибонлик уйларидан бола асраб олаётганларига гувоҳ бўламиз. Аммо етим бола асраб олиб, уни халқдан яшириб, худди ўзиникидек кўрсатадиганлар ҳам йўқ эмас.

Айримлар асраб олганликларини ҳатто боланинг ўзидан ҳам яширадилар. Бу ишни боланинг кўнгли ўксимасин, халқ орасида гап-сўз кўпаймасин, деган турли важлар билан қилишади. Лекин бу динимиздаги етимпарварлик қоидаларига зиддир. Етимни кафилликка олиб, уни ўз боласидек асраб-авайлаб, то ўз кунини ўзи кўрадиган бўлгунича ғамхўрлик қилиш керак. Бу билан етим болани катта бўлгандан кейин ҳайдаб юбориш керак дегани эмас.

Жумҳур уламолар Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Моликлар: «Етим балоғатга етганидан кейин ундан ўз ёрдамингизни тўхтатиб қўйманг. Токи у ўзини эплаб олсин», дейдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса етимнинг мустақил яшай оладиган ёшини йигирма беш деганлар. 

Халқимизда: «Етим қўзи асрасанг, оғзи-бурнинг мой бўлар. Етим бола асрасанг, оғзи-бурнинг қон бўлар», деган мақол бор. Бу мақол нотўғри ва динимизнинг чақириқларига зиддир. Чунки бир мақол деб, бутун бошли динимизнинг юксак амрларига ва чақириқларига қарши борилмайди. Шу боис етимни асраб олдингизми, уни чиройли тарбияланг. Унга шахсий мақсадларингиз йўлида ишлаб берувчи кишидек қараманг. Етим бу жамиятга сиз берган тарбия орқали киради. Бу тарбия яхши бўлса, у ўз ўрнини топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энг яхши уй етимга яхшилик қилинган, энг ёмони эса, етимнинг қалби ўкситилган уйдир» дедилар (Имом Термизий ривояти).

Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР