Тавсия қиламиз

Манфаат мезони

Мақолалар access_time14-апрел 2017, 17:30

Холис ният билан қилинган, кўпчиликка манфаати тегадиган ишларда инсонга…

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ВАКИЛИ 

Янгиликлар access_time21-июнь 2017, 02:46

2017 йил 20 июнь куни Сурхондарё вилоятида имом-хатиблар йиғилиши бўлиб…

НОЗИК МУОМАЛА ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time13-декабр 2020, 12:22

Эй, фарзанд!  Жинсий қўшилувдан олдин «Бисмиллоҳ» айтиш…

САЛАВОТ – САОДАТ КАЛИТИ!

access_time30-ноябрь 2021, 16:21 visibility1661

Тазкия

Оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биз умматга яхшиликлари жуда кўп. Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга амр этган. Бунга имкони бўлмаган киши ёмонликдан йироқ бўлиши шарт.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига қилган яхшиликларини тасаввур қилиш қийин. У зот инсонларни зулматдан нурга, ёруғликка олиб чиқдилар. Биргина мана шу хизматлари туфайли бутун башарият Набий алайҳиссалом олдида қарздордир.

У зотни танимаслик, у зотга салавот айтмаслик ҳаётимизни рангсиз, умримиз маъно-мазмунсиз, мантиқсиз қилиб қўяди. Пайғамбаримиз бизга яхшилик қилганларидек, биз ҳам у зотга яхшилик қилишимиз керак. Агар бунга қодир бўлмасак, салавот айтишимиз керак. Бу зиммамиздаги қарздир. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56-оят) деб марҳамат қилган.

Бу оятга биноан ҳар бир мусулмон киши, умрида бир марта бўлса-да, Расули акрам алайҳиссаломга салавот айтиши фарздир. Муҳтарам зотнинг муборак исмлари зикр қилинганда, уни эшитган одам бир марта салавот йўллаб қўйиши суннати муаккададир. Бир мажлисда кетма-кет Расулуллоҳнинг номларини эшитганимизда, ўзимизга осон шаклда салавот айтишимиз мустаҳаб бўлади.

Бир киши машойихнинг ҳузурига келиб: “Мен ўзимни саодатли эканимни қандай биламан?” деб сўради. Шунда у: “Салавот айтасизми?” деди. У: “Ҳа, албатта, ҳар куни салавот айтаман”, деди. Машойих: “Унда сиз бадбахт эмассиз”, деди. Ҳалиги: “Бунинг далили нима?” деб сўраганида, улуғ зот юқоридаги ояти каримани тиловат қилиб берди.

Ҳа, Аллоҳ таоло бадбахт бандасини ҳеч қачон Ўзи ва фаришталари билан бир ояти каримада зикр қилмайди: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Ояти каримада салавот айтиш “истимрор”, яъни музорий – ҳозирги замон давом феъли шаклида келмоқда. Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари Набий алайҳиссаломга доимий тарзда салавот айтади, сизлар ҳам – эй мўминлар, салавот айтишдан тўхтаманг, дейилмоқда.

Салавоти шариф тўғрисида уламолар китоблар битишган. Улардан бири Муҳаммад Жазулийнинг машҳур “Далоилул хойрот” асаридир. Бу китобнинг ёзилишига бир воқеа сабаб бўлган. Бир куни Муҳаммад Жазулий раҳимаҳуллоҳ сувсизликдан қийналаётган бир қишлоқдан ўтаётганида таҳорат қилмоқчи бўлади. Аммо сув топа олмайди, қудуқлар қуриган экан. Қандай сув топишни ўйлаб ўтирганида, бир аёл қудуқ ёнига келиб, нималарнидир ўқийди ва қудуққа қарайди. Шунда қудуқдан сув тошиб чиқади. Буни кўрган Имом Жазулий лол қолади. Таҳорат олгач, ўша аёлдан сўрайди: “Нима деб дуо қилдинг?” Аёл: “Дуо қилмадим, салавот айтдим”, дейди.

Бу ҳодиса Имом Жазулийнинг мазкур китоби ёзилишига туртки бўлади. Бу асар тўлиғича Расулуллоҳга салавот айтишга бағишланган.

Салавоти шарифнинг фойдалари ҳақида аллома Ибн Қайюм Жавзий алоҳида асар битган. Унда салавотнинг қирқдан ортиқ дунёвий ва ухровий фойдаларини санаб ўтилган.

Қачон бир банда салавот айтса, Аллоҳ таоло бир фариштани унга муваккал қилади.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари ёнида ўтириб то қиёматгача салавот айтган банда ҳақида Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ, умматингиздан Абдуллоҳ Иброҳим ўғли сизга салавот айтур, салом йўллар” деб, мурожаат қилиб туради. Яъни бирор киши ҳар сафар салавот айтганда ўз отасининг исмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида зикр қилинишига сабабчи бўлади.

Демак, биз салавоти шарифни нафақат мушкулларимиз осон бўлиши учун, айни пайтда бугун тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган турли муаммолар, хусусан, оилавий келишмовчиликлар, фарзанд тарбиясида оқсоқликлар, таълим ва бошқа масалаларимиз ҳал бўлиши учун ҳам тинимсиз салавот айтишимиз керак. Салавот туфайли оғиримиз енгил, узоғимиз яқин бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят). Ушбу оятда: “Сизлар мени бир марта зикр қилинглар, мен эса сизларни ўн марта эслайман”, дейилмаган. Аммо ҳадиси шарифда: “Ким менга бир марта салавот йўлласа, Аллоҳ таоло унга ўн марта салавот йўллайди” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилинган.

Салавот Аллоҳдан бўлганда, дуо маъносини йўқотиб, раҳмат маъносини касб этади. Фаришталардан бўлса, истиғфорни англатади. Салавот мўмин бандалар томонидан бўлса, дуодир. Нима учун Аллоҳ зикр қилинганида бирга-бир бўляпти. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтганимизда, бизга Аллоҳ таоло ўн марта салавот йўллайди. Буни шундай тушуниш мумкин: «Гўё Аллоҳ таоло: “Эй бандам! Сен менга бир марта сано йўлласанг, мен сенга бир марта сано йўллайман. Агар сен Расулимга бир марта салавот йўлласанг, мен сенга ўн марта салом йўллайман. Чунки Муҳаммад алайҳиссалом Менинг ҳузуримда бутун махлуқотларнинг энг карамлисидир”. Яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган Аллоҳнинг муҳаббати, У зотнинг ҳузурида мартабаси юқори эканини кўрамиз. Ўн салавот йўллаш ўнта кичик гуноҳнинг кечирилишига сабаб бўлади.

Салавоти шариф айтилганда тил намланиши баробарида қалб ҳам уйғоқ бўлиши керак. Қалб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат билан лиммо-лим тўлиши зарур. Салавот айтишда мақсадимиз фақат саноқ бўлиб қолмасин. Ҳар сафар Расулуллоҳнинг ҳузурларида тургандек, у зотни кўраётгандек салавот йўллайлик.

Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадив ва ъала али саййидина Муҳаммад!

 

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР