Тавсия қиламиз

Закотнинг тўғри бўлиш шартлари

Мақолалар access_time22-июнь 2017, 19:50

1. Ният.  Закотнинг тўғри бўлиб Закот ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт…

Қурбонлик ҳукмлари

Мақолалар access_time28-август 2017, 12:39

Ушбу оят қурбонликнинг вожиб амал эканига далилдир: “Бас, Раббингиз…

Доктор Иброҳим Каримнинг кашфиёти

Мақолалар access_time8-ноябрь 2021, 15:31

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Биогеометрия соҳаси фанини ривожлантириш учун…

ГУНОҲНИ ТАРК ҚИЛУВЧИ НАФЛ ИБОДАТ ҚИЛУВЧИДАН ПЕШҚАДАМДИР

access_time2-декабр 2021, 16:56 visibility782

Ҳадислардан маълум бўладики, гуноҳдан сақланувчи мужоҳада қилувчининг даражасига етади. Бир ҳадисда Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг беш гапимни ким қабул қилиб олади, ким уларга амал қилади ва ким уларни ўзгаларга ҳам ўргатади?" дедилар.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки, “Мен қиламан”, дедим. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутдилар ва ўша беш нарсани санаб айтиб бердилар:

"Ҳаром ишлардан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзинг учун яхши кўрган нарсани одамлар учун ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кўп кулма, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради" (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ўйлаб кўрадиган нарса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда бир муҳим насиҳатни қилаётиб шундай дедилар:

اتق المحارم تكن أعبد الناس

Яъни: "Ҳаром ва гуноҳ ишлардан сақлан, одамларнинг энг кўп ибодат қилувчиси бўласан".

Бундан маълум бўладики, гуноҳни тарк қилиш, инсонни энг катта обид қилиб қўяди. Нега ва қандай? Шу тарздаки, инсон қачон Аллоҳ учун гуноҳ ва ҳаром ишларни тарк қилса, аниқки, фарзлар ва вожибларни ҳеч қачон тарк қилмайди. Чунки, фарз ва вожибни тарк қилиш ҳам гуноҳ ва ҳаромдир. Шунга кўра, гуноҳни тарк қиладиган киши фарзлар ва вожибларга албатта амал қилади. Шунга кўра, ким бўлса ҳам гуноҳни тарк қилса, у фарзлар ва вожибларни албатта адо қилади. Шу тарзда унинг номаи аъмолига бир тарафдан фарзлар ва вожибларни адо қилгани ёзилган бўлади. Иккинчи тарафдан гуноҳлар буткул бўлмайди. Шу тарзда у банда энг кўп ибодат қилувчига айланади. Шунингдек, у гуноҳдан сақланса, у ҳолда унга Аллоҳ ила ришта пайдо бўлади. У ришта уни нафллар ва зикрларни ҳам адо қилишга ундайди. Шу тарзда у обидлар ичида ўзининг бир хос обрўсини тиклаб олади.

Шунингдек, бошқа бир ҳадисда Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من سره أن يسبق الدائب المجتهد فليكف عن الذنوب

Яъни: "Кимни мужтаҳид, меҳнаткашдан ўзиб кетиш хурсанд қилса, у ҳолда гуноҳлардан тийилсин", дедилар (Ибн Муборак, «Аз-зуҳд», 12-бет).

Бу ҳадисни шарҳ қилаётиб машҳур ҳадис шарҳловчиси Аллома Абдуррауф Муновий шундай дейдилар:

"Чунки, гуноҳларнинг ёмонлиги маҳрумликни пайдо қилади, расволикни қолдиради, зарар ва зиён келтиради. Шунингдек, гуноҳлар кишани яхшилик тарафга юриш ва хизматга шошишдан тўхтатади. Гуноҳларнинг юки яхши ишларнинг осонлиги ва тоатда ғайратни ман қилади. Диннинг икки қисми бор, бири гуноҳни тарк қилиш, иккинчиси тоатларни бажаришдир. Гуноҳни тарк қилиш қийинроқдир. Шунга кўра, ким гуноҳни тарк қилса, ҳақиқий пешқадамлар ва жидду-жахд қилувчилардан бўлади" (Файзул Қодийр, 2/31).

Қаранг! Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳдан сақланувчини меҳнаткаш, мужтаҳидга тенг қилиб қўйдилар. Шунга кўра, кимки гуноҳдан сақланса, у ҳолда у нафллар ва зикрларга одат қилувчининг ажри ва мартабасига етади.

Ҳазрати Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:

ما عبد العابدون بشيء أفضل من ترك ما نهاهم الله عنه

Яъни: "Обидлар Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилишдан кўра афзалроқ бирор ибодатни қилмаганлар" (Жомеъул-улум вал-ҳикам, 96-бет).

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: "Бир шубҳали дирҳамни олишни тарк қилишим, мен учун юз минг дирҳамни садақа қилишимдан кўра яхшироқдир", дедилар. Шу тарзда айтиб-айтиб, у киши олти юз минггача санадилар (Жомеъул-улум вал-ҳикам, 96-бет).

Ҳазрати Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ: "Мен хоҳлайманки, майли, фарз ва витр намозидан ташқари бирор нафл ўқимайин. Закотдан бошқа бирор садақа бермайин. Рамазон рўзасидан бошқа бирор рўза тутмайин. Фарз ҳаждан бошқа бирор нафл ҳаж қилмайин. Лекин бутун куч-қувватимни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланишга сарф қилайин", дедилар (Жомеъул-улум вал-ҳикам, 96-бет).

Бу барча сўзлардан ҳам шу нарса маълум бўладики, инсон гуноҳдан сақланишга катта эътибор қаратиши лозим. Агар инсон фарзларга кифояланиб олса ва бутун куч-қувватини гуноҳлардан сақланишга сарф қилса, у ҳолда бу унинг учун нафллар, зикрлар ва вазифалардан афзалдир.

 

Муфтий Шуъайбуллоҳ Хон МИФТАҲИЙ

"Биз гуноҳдан қандай сақланамиз?" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР