
ИҒВОГАРНИ АЛЛОҲ СЕВМАС!
Шундай тоифа инсонлар бўладики, эшитган гапини текширмасдан, рост ёки ёлғонлиги ҳақида ўйламасдан, қалби ва ақлига қулоқ солмасдан сўзлайди. У бу ишини енгил ҳисоблайди.
Бундай кишилар ҳақида Аллоҳ таоло оят нозил қилган: «Ўшанда сиз у (бўҳтон)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у (бўҳтон)ни ўзингизча енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир» (Нур сураси, 15-оят).
Бу оят машҳур “Ифк ҳодисаси” сабабли нозил бўлган эса-да, унинг ҳукми ва далолати қиёматга қадар давом этади.
“Ифк” сўзининг маъноси гапни бошқа тамонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдиришдир.
Ифк ҳодисаси Ойша онамиз розияллоҳу анҳога нисбатан уюштирилган бўлса-да, бундан Пайғамбаримиз ва барча мўминлар ларзага тушганлар. Ифк ҳар қандай шахсни, жамиятни ташвишга солиши турган гап. Зеро, Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, ҳақни ботилдан ажратди. Иғвогарларни хор ва ноумид қилиб, мўминларни азиз этди. Муҳими, мўмин банда бу каби оятлардан хабардор бўлиб, ўзини қайси тарафда туриши зарурлигини англаб етиши керак.
Айниқса, ижтимоий тармоқлар ривожланган бугунги давримизда ҳақ даъвосини қилиб, аслида, машҳур бўлиш илинжида ёки кимнингдир ноғорасига ўйнаб, мамлакат зиёлилари ва уламоларини обрўсизлантиришга уринаётган кимсалар ўзларининг жирканч мақсадларига етишиш учун ҳар хил бўҳтон ва иғволарни тарқатадилар. Бундай ишларни қилиш ёки хайрихох бўлиш улкан хатодир.
Баъзан динимиз равнақи учун шу соҳада турли роликлар тайёрланади, уламолар билан суҳбатлар уюштирилади. Шу роликлар ва суҳбатлар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларга жойлангач, уларнинг остига турли изоҳлар ёзилади. Баъзан суҳбат қилиб берган олим шаънига ярашмайдиган турли гаплар ёзилади. Ахир, билмаган, танимаган одам ҳақида изоҳ қолдириш катта гуноҳ, унга нисбатан ҳақорат, ғийбат, туҳмат, иғво-ку.
Бундай кишилардан бўлиб қолишдан Аллоҳ асрасин!
Манбалар асосида “Минор” жоме масжиди
имом ноиби Наврўжон ТЕМИРОВ тайёрлади.