Тавсия қиламиз

Қуръони карим таърифи

Мақолалар access_time26-апрел 2017, 16:14

  Буйруқ майлидаги, «Иқраъ» - «Ўқи» -…

ҲАР БИР ЛАХЗА БАХТДИР!

Мақолалар access_time22-июль 2019, 12:13

Қачон толеим куларкин? Бу савол барчамизда бўлиши табиий. Савол шу даражада…

ДУО КУЧИ (таъсирли воқеа)

Мақолалар access_time18-январ 2018, 14:57

Кичик бир болакай денгиз бўйида кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирарди. Бир…

Қуръонда номи келган 5 шаҳар

access_time14-декабр 2021, 09:56 visibility229

 

Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони карим – бениҳоя илмлар манбаи бўлган  ҳақиқий хазина. Унда кўплаб ҳодисалар хабари берилган. Ана ўша воқеа-ҳодисаларнинг айримлари бўлиб ўтган шаҳарларнинг номлари ҳам айтиб ўтилган. Ўша шаҳарлардан бештасининг номи тарихда ҳам машҳур.

1. Маккаи мукаррама.

 

Маккаи мукаррама – ер юзидаги покиза ва энг муқаддас шаҳар. У Саудия Арабистонида жойлашган. Маккада Каъба сайёрамиздаги жамики мусулмонларнинг қибласи бўлган Аллоҳнинг уйи бор. Макка ҳақида Раббимиз Фатҳ сурасининг 21-оятида “У зот Макка водийсида сизларни уларнинг устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан тўсган зотдир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
(Ҳудайбия сулҳининг ўзи мўминлар учун катта зафар, ғалабадир. Ўша зафар якунланиш арафасида бир гуруҳ мушриклар фитна қўзғаб сулҳни бекор қилишга уриниб кўришди. Лекин Аллоҳ таолонинг инояти билан фитна содир бўлмади, қон тўкилмади)”, деб марҳамат қилган.

2. Мадинаи мунаввара.

Мадинаи мунаввар (Ясриб) – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилган шаҳар. Унда Оламлар сарвари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак равзаи шарифлари бор. Мадина Саудия Арабистони ҳудудидаги шаҳар. У Маккадан 430 чақирим шимолда. Бу муборак шаҳар ҳақида Тавба сурасининг 101-оятида: “ Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам. Улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз билурмиз. Албатта, уларни икки марта азоблаймиз. Сўнгра улкан азобга қайтарилурлар. (Ушбу ояти каримада аъробийларнинг ва аҳли Мадина аҳлининг баъзи мунофиқлари ҳақида сўз кетмоқда. Улар шу даражада мунофиқликда устадирки, ҳатто Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам уларнинг мунофиқ эканликларини билмайдилар. Мунофиқлигини фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади)”, деб марҳамат қилинган.

3. Қуддуси шариф.

Қуддуси шариф – сайёрамиздаги энг сирли макон. Мусулмонлар учун бу шаҳар энг буюк ҳодиса Исро ва Меърож кечалар содир бўлган жой ҳисобланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойининг 27 куни Қуддуси шарифдаги Масжидул Ақсодан меърожга кўтарилганлар. Масжидул Ақсо Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинаи мунавварадаги Масжиди Набавийдан кейин учинчи ўриндаги муқаддас масжид саналади. Бу шаҳар ҳақида Моида сурасининг 21-оятида: “Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг, бас, зиён кўргувчига айланасиз», деганини эсла”, дейилган.

Ояти каримада муқаддас ер дейилганда Қуддуси шариф назарда тутилган.

4. Вавилон (Бобил).

Бу шаҳар Ироқнинг қоқ марказида бўлган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 102-оятида: “Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари имонга келди, имонлиларнинг имонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади.

Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима – кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтон одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидланмоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар)”, деб марҳамат қилган.

5. Ирам.

Аллоҳ таоло Фажр сурасининг 6–8-оятларида: “Сен Раббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми? Баланд устунли «Ирам»га. Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга”, деб марҳамат қилган. Бу шаҳарни Од қавми бино қилган бўлиб араб ярим оролидаги Яман ва Уммон султонлиги орасида жойлашган.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР