
Қўли шол бўлди
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чап қўли билан овқат еяётган кишини кўриб: “Ўнг қўлинг билан егин”, дедилар. У: “Қўлимдан келмайди”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энди қўлингдан келмайди”, дедилар.
Ровий айтади: “Шундан сўнг у қўлини оғзига олиб боролмади”.
Бу ҳадисда ҳеч бир узрсиз шаръий ҳукмга хилоф иш тутган кишини дуойи бад қилишга далил ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига бўйсунмасликнинг оқибатидан огоҳлантириш бор.
Ҳадисдаги кишининг номи Буср ибн Роъилиъйр эди. У ўнг қўли билан овқат ейишга салоҳиятли соғлом киши бўлса ҳам, такаббурлиги сабаб: “Кучим етмайди, қўлимдан келмайди”, каби ўринсиз узрларни айтди. Шу воқеадан сўнг у қўлини оғзига олиб бора олмади.
"Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўъжизалари" китобидан.