
Хурмонинг шохи дарахтдан пастга тушиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди
14-Мўъжиза
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Саҳобаларингиз нима дейишмоқда?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида шох-шаббалар ётарди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенга бир оят-аломат кўрсатайми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан бир шохни чақирдилар. У ерга чизиқ тортиб ариқча қилиб келди ва саждага борди, сўнг бошини кўтарди. Кейин унга қайтишни буюргандилар, шох яна қайтиб кетди.
Омирий: “Эй Омир ибн Саъсаъа оиласи! Аллоҳга қасам, у айтган ҳеч бир нарсани ёлғон демайман”, деди.
Бошқа ривоятда бундай келтирилади:
«Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Сени Аллоҳнинг элчиси эканингни қандай биламан?” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу хурмо шохларидан бирини чақирсам ва у келса, менинг пайғамбар эканимга гувоҳлик берасанми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо шохини чақирдилар, у дарахтдан тушиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом олдиларигача сакраб-сакраб етиб келди.
Сўнг унга: “Қайт”, дедилар, у яна жойига қайтиб кетди.
Аъробий: “Сен Аллоҳнинг элчиси эканингга гувоҳлик бераман ва имон келтираман”, деди».