Тавсия қиламиз

НАФС ТАРБИЯСИ

Мақолалар access_time23-март 2021, 14:25

Аллоҳ бир оятда шундай огоҳлантиради: — Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар…

АЛЛОҲ ТАОЛО ХАТОНИ КЕЧИРАДИР

Мақолалар access_time23-июль 2018, 13:25

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта,…

Омонат зое қилинадиган бўлса, Қиёматни кутавер...

access_time13-апрел, 16:52 visibility93

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: 
-  Қиёмат қачон бўлади? – деб сўрайверди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 
-  Омонат зое қилинадиган бўлса, Қиёматни кутавер – дедилар.
  Ҳалиги савол сўраган одам яна сўрадики: 
-  Уни зое қилиш қандай бўлади?
-  Агар иш эгасидан бошқанинг қўлига тушса, унда Қиёматни кутавер – дедилар.

Кўриб турганимиздек, Қиёматнинг қойим бўлиши омонатга боғлиқ қилиб қўйиляпти. Омонат ҳам худди Қуёш, Ой, Ер каби айни бир маконда жойлашяпти. Агар Қуёш, Ер, Ойлар ғойиб бўлса, Қиёмат қойим бўладигандек, омонатнинг ғойиб бўлиши, яъни омонатга хиёнатнинг кўпайиши ҳам Қиёматни тезлаштиради. 

Омонатнинг турлари жуда кўп. Улардан:
1.  Мол-дунё ва ваъдалар омонати. Бу омонат орамизда энг кўп тарқалган омонат туридандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мусулмон, бошқа мусулмонлар унинг қўлидан ва тилидан омонда бўлса, ўша мусулмондир” . (Бухорий ривояти).  

«Мўмин эса – одамлар уни қонларига ва молларига оманатли деб билсалар, у мўмин бўлади» (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий мўмин одамларнинг омонатларини зое қилмайдиган кишидир деб таъкидлайдилар. Аммо ҳозирги кунда омонат бериш энг нозик масалалардан бири ҳисобланади. Чунки одамлар ўртасидан ишонч кўтарилди. Мол-дунё омонатга бериш уёқда турсин, ҳаттоки бир-бирига ёрдам сифатида қарз бермайдиган, уйига борса меҳмон қилмайдиган даражагача иш бориб етди. Бунинг ҳаммаси ишончнинг йўқлигидандир. Ваҳоланки, меҳмондорчилик, мусулмонлар учун қандай гўзал амаллардандир. 

Бизнинг динимизда мусофир одамнинг битта ҳаққи бор. Яъни ўзга диёрга бориб қолса, кўчада қолмаслик ҳаққи. Аммо бу ҳақ ҳозир батамом йўқ бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам омонатдорликлари жуда юксак даражада эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонларига мушриклар суиқасд қилар экан, Али розияллоҳу анҳуни ўринларига қолдирдиларда, «Агар менга нимадир бўладиган бўлса, менинг олди-бердиларимни эгаларига қайтар. Уларни қайтармагунингча мана шу ерда қоласан» дедилар.

Умар ибни Ҳаттоб ҳам бу борада юксак сифат эгаси бўлганлар. Мусулмонлар форс ерларини заб этиб, у ердаги бойликлар ва қимматбаҳо тақинчоқларни Умар розияллоҳу анҳуга олиб келишди. Умар розияллоҳу анҳу уларнинг баъзиларини қўлларига олиб дедилар:
-  Агар бу нарсалар халққа берилаётган бўлса, улар бундан рози бўлаётган бўлсалар, улар эминликдадир. 
Шунда Али розуяллоҳу анҳу айтдиларки:
-  Эй мўминлар амири! Агар сиз иффатингизни сақласангиз, одамлар ҳам иффатини сақлайди. Агар сиз иффатингизни сақламасангиз, маишатга берилсангиз, одамлар ҳам маишатга берилади. Халқ подшоҳининг йўлида бўлади – дедилар.

2.  Нарсани сотиш ва сотиб олиш омонатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Содиқ савдогар, ростгўй савдогар Пайғамбарлар, сиддиқлар, ва шаҳидлар билан бирга Қиёмат куни ҳашр қилинади» дедилар (Ибни Можа ривояти).

Бу ҳар бир савдогарга қилинган нидодир. Ислом Осиёга омонатдорлик эвазига тарқалди. Мусулмонлар қайси ўлкаларга савдо-сотиқ ишлари билан боришса, маҳаллий халқнинг бирор нарсани ёки ҳаққи қолиб кетса, келаси боришда бу ҳақни албатта қайтарганлар. Омонатга ҳеч қачон хиёнат қилмаганлар. Ва борган ерларидаги маҳаллий халқнинг муҳаббатини қозонганлар ва Исломнинг муҳаббатини уларнинг қалбига ҳам жо қилганлар. 

3.  Сирларни сақлаш омонати. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир киши бир гапни гапираётганда атрофига қараб қўйса, у гап омонатдир” дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти). 

Ишониб айтилган сирни сақлай олиш ҳам омонатдорликнинг гўзал намунасидир. Ҳар бир одам ўз сирининг соҳиби бўлиши керак. Агар айрим сирлар ўртага чиқадиган бўлса, оилалар ва жамият бузилади.

 

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТEРМИЗИЙ

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР