
Дарахт танасининг инграши
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Жума кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир дарахт ёки хурмо устида туриб хутба қилардилар. Бир куни ансорлардан бўлган киши: “Эй Аллоҳнинг расули! Сизга бир минбар ясаб берайликми?” деди.
– Ихтиёрларинг, – дедилар. Улар минбар ясаб бердилар. Жума куни келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбар томон кетдилар. Шунда хурмо дарахти худди ёш бола бақиргани сингари овоз чиқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, уни қучоқладилар. У овутилаётган бола сингари инграб овоз чиқарарди.
Туфайл ибн Убай ибн Каъб отасидан ривоят қилиб деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у вақтларда масжид айвондан иборат бўлганида ўша дарахт тўнкаси устига чиқиб хутба қилардилар. Саҳобалардан бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули! Сизга бир минбар ясаб берайликми? Жума кунлари унинг устига чиқиб, хутба қиласиз ва уни одамлар эшитади”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, дедилар.
Минбар қуриб битказилгач, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган жойга қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиш учун дарахт тўнкаси олдидан ўтганлари ҳамон у “оҳ” тортди ва ёрилиб, бўлиниб кетди.
Бу овозни эшитиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушдилар ва уни қўллари билан силаб, яна минбарга чиқдилар.
Масжид бузилганида Убай ибн Каъб ўша тўнкани уйларига олиб кетди. У тўнка чириб, ёғоч қуртлари еб битирмагунча у зотнинг уйларида сақланди».