Тавсия қиламиз

РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ 

Мақолалар access_time24-март 2021, 19:33

РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ  I.  Лозим рўза.    Лозим рўза иккига:…

Бидъат-хурофотлар!

Мақолалар access_time23-март 2019, 11:50

    Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал Ислом динини тўлиқ…

Бир инсонга «Шуни ҳам билмайсанми?» дейиш осон! 

Мақолалар access_time1-ноябрь 2017, 13:32

Ибратли ҳикоя. Бир йигит ёшгина қизга уйланди. Кунларнинг бирида  уйига…

ЁШЛИГИМ БEҲУДА ЎТМАЯПТИМИ?...

access_time14-апрел, 14:21 visibility357

Ёшлик беҳуда ўтказилса, киши учун ўйин-кулгудан бошқа ҳеч нарса бермайди. Бу беҳуда ўтказилган вақтнинг уволини эса катта бўлганимиз сари билиб бораверамиз. 

Ёшлик – умрнинг баҳоридир. Унда нима етиштирилса, меваси келгусида албатта бўй кўрсатади. Мен ёшман, ҳали бу ишни қилишга анча вақтим бор деб, ўтирмаслик керак. Тарих гувоҳки, ёш бўлишига қарамасдан буюк ишларни қилганлар оз эмас. Шулардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли саҳобалари Усома ибни Зайд розияллоҳу анҳудир. Рим империясига қарши бўлган жангда Усома ибни Зайд қўшинга амир бўлган. Ваҳоланки, бу қўшинда ундан  катта саҳобалар бор эди. Усома розияллоҳу анҳу ўшанда ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган эди. Буюк мутафаккир, саркарда, шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур отасининг ўрнига Фарғона улусининг ҳокими бўлганда ўн икки ёшда бўлган. Амир Темурнинг учинчи фарзанди Мироншоҳ Мирзо Хуросон ҳокими бўлганда ўн тўрт ёшда эди. 1453- йилда Истанбулни фатҳ қилган Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ йигирма уч ёшда бўлган. Асрлар давомида фатҳ қилиниши орзу қилиб келинган бу шаҳарни эгаллаган Муҳаммад Фотиҳ ёш бўлишига қарамай буюк ишни амалга оширган. Ҳазрати Алишер Навоий етти ёшида Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарини ва Имом Бухорийнинг олти мингдан ортиқ ҳадисларини ёддан билганлар. 7-8-ёшларида ғазал ёза бошлаганлар. 15-16-ёшларида эса туркий ва форсий тилда ижод қилувчи шоир сифатида дунёга танилганлар. Алишер Навоий ўсмирлик даврларида эллик минг байтдан ортиқ ғазални ёд олган эдилар. Зайд ибни Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиблари бўлганлар. Ўн етти кунда сурёний тилини ўрганганлар.  

Мисол келтираверсак, бундай инсонларнинг сафи жуда кўп. Аммо бизнинг олдимизда турган вазифа ҳозирги ва келажак авлодни аждодларга мос руҳда тарбиялашдир. Аввало оиладаги муҳит тўғри, катталарнинг ўзи илмга ошиқ бўлиши, бундай оиладан салоҳиятли ёшларнинг чиқишига замин яратиб беради. Ишдан келиб яна кўчадаги муаммолар билан банд бўлиб қолманг. Болаларингизни ўқиши ва тарбиясига вақт ажратинг. Айрим ота-оналар борки, телефондан бошини кўтармайди. Ундай муҳитда ўсган боладан нимани ҳам кутиш мумкин. Бундай ота-оналар ўзининг ва болаларининг ҳам вақтини, ёшлигини зое қилувчилардир.

Уйда агар ота-онанинг қўлида китоб бўлса, болалари ҳам улардан ўрнак олади. Китобга, илмга муҳаббат қўяди. Болам ҳали ёш деб, 23-24-ёшга кирган болангизни пайпаслаб уйда олиб ўтирманг. Уларнинг мустақил яшашлари, мустақил фикрлай олишлари учун шароит ва имкон яратиб беринг. Бу ёш авлод ҳам ҳеч бўлмаса бир марта виждонини қийнаб «Мен шу аждодларга мос авлод бўлдимми?» деган саволни ўзига бериб кўрсин. Ақлини, жисмоний куч-қувватини элнинг, юртнинг равнақи учун ишлатсин. Шунда ҳам ўзига ҳам элига ёрдам қилган бўлади.

 

Саййид Раҳматуллоҳ ТEРМИЗИЙ

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби