
Қўйнинг қўли гапирди
Хайбар ғазоти куни яҳудий Зайнаб бинти Ҳорис, Салом ибн Мишкамнинг хотини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қўйнинг пиширилган, заҳарланган қўлини ҳадя қилди. Бундан олдин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қўйнинг қайси жойи кўпроқ ёқиши ҳақида суриштирганди. Унга қўйнинг қўли кўпроқ манзур экани айтилди. Шундан сўнг у қўлга янада кўпроқ заҳар аралаштирди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўйнинг қўлини энди тишлаганларида гўшт ўзининг заҳарланганини айтди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) луқмани оғизларидан чиқариб ташладилар ва: “Менга бу ердаги яҳудийларни тўплаб келинглар”, дедилар. Улар тўплангач: “Сизлардан бир нарса сўрасам, ростини айтасизларми?” дедилар. “Ҳа”, дейишди.
– Бу қўйни заҳарлаган эдингизми?
– Ҳа.
– Бунга сизларни нима мажбур қилди?
– Агар ёлғончи бўлсанг, сендан қутуламиз ва агар ростгўй бўлсанг, сенга зарари тегмайди, деб ўйладик, – дейишди.
Саҳиҳ ҳадис. Бухорий ва Абу Довуд ривояти.