Тавсия қиламиз

АСЛ БОЙЛИК КЎЗ ТЎҚЛИГИДИР

Мақолалар access_time10-сентябр 2017, 17:26

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай…

Мени йиғлатган  иборалар...

Мақолалар access_time3-феврал 2018, 14:12

Магистр  талабаларига бир савол  берилди. "Ота ким?"…

#МУАТТАР_СИЙРАТ

Мақолалар access_time16-март 2021, 12:10

ҚУРАЙШ ҚАБИЛАСИНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА НИСБАТАН АДОВАТИ…

САХОВАТ ВА ЭЗГУ АМАЛЛАР АЙЁМИ

access_time6-май, 18:10 visibility318

Муносабат

 

Асрлар оша халқимизнинг онгу шуурига эзгулик ғоялари билан сингган, одамларни меҳр-оқибат, хайру саховат амалларини бажаришга ундаган муқаддас динимиз сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида янада равнақ топиб боряпти.

Айниқса, ҳар йили Рамазон ва Қурбон ҳайитлари юртимизда Президентимизнинг махсус қарорлари асосида кенг нишонланаётгани мўмин-мусулмонларимизни жуда хушнуд этиш баробарида чин маънода уларга байрам кайфиятини бағишлаб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, тинчлик ва осудаликнинг қадрига етишга ундамоқда.

Куни кеча қабул қилинган “Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори ва унда белгиланган чора-тадбирлар режаси сўзимизнинг яққол тасдиғидир.

Шу йил 26 апрель куни ўтказилган туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида давлатимиз Раҳбари Рамазон ойи муносабати билан юртдошларимизга беш кун дам берилишини маълум қилдилар.

Бу қувонарли ҳол бўлиб, Рамазон ҳайитига оид муқаддас динимизга таълимотимизга ҳамоҳангдир. Чунки ҳайит кунлари хурсандчилик қилиш, бу айёмни байрам кайфиятида ўтказишнинг савоби улуғ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида, у (мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу икки кун қандоқ кун?» – деб сўрадилар. Улар: «Биз жоҳилият даврида шу кунлари ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо (Қурбон) ва Фитр (Рамазон ҳайити) кунларини берди», – дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).  

Рамазон ҳайити жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро  ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос эзгу хислатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда, кўтаринки руҳда ўтказилди. Муборак ойнинг биринчи жумасида давлатимиз Раҳбари Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, пардозлаш ишларини кўздан кечирдилар.

Қарийб тўрт йил олдин муҳтарам Юртбошимиз “Ҳазрати Имом” мажмуаси ёнида тамал тошини қўйиб берган марказ бугун тобора чирой очиб, ҳудуд кўркига гўё узукка қўйилган кўздек ярашиб боряпти. Ўтган давр мобайнида давлатимиз Раҳбари бу жойга бир неча марта ташриф буюриб, қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирган эдилар.

Президентимиз марказга қилган сўнгги ташрифлари чоғида: “Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қураяпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”, – дея таъкидладилар.

Энг муҳими, давлатимиз Раҳбари марказда юртимизда фаолият юритаётган барча имом-хатиблар, ноибларнинг тизимли тарзда малака оширишини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидладилар. Демак, имом домлаларимиз учун ҳам бу ер маърифат маскани бўлиб қолади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ходимлари ҳам бу ерга келиб, имом-хатибларимизнинг малакаларини оширишга кўмаклашиши марказнинг янада гавжум масканга айланишини таъминлайди.

Рўза – тенги йўқ ибодат. Бу ойнинг маънавий фойдаларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу билан бирга, бу ой соғлиқ жиҳатидан ҳам жуда фойдали эканини замонамий тиббиёт исботлади.

Рўза иммун тизимини мустаҳкамлаб, тугунлар фаолиятини яхшилайди. Иммун тизимини ҳимоялашда иштирок этувчи ҳужайралар сони кўпаяр экан. Рўза ортиқча вазн ва унинг асоратлари олдини олади.

Шунингдек, рўза туфайли тўқималар ва ҳужайраларда заҳарли моддалар тўпланишининг олдини олар экан. Рўза сабабли ошқозон-ичак касалликлари бартараф этилар, ҳазм фаолияти яхшиланар экан. Буларнинг барчаси анча йиллар аввал башорат қилинган “XXI асрда дунёнинг энг кучли табиблари рўйхатидан мусулмонларнинг рўзаси жой олади”, деган сўзнинг амалдаги инъикосидир.

Рўза тутиш туфайли инсон соғлиғини тиклаб олади. Рўзада инсоннинг ошқозон ва ҳазм қилиш аъзолари дам олади. Ошқозон яхши ҳазм бўлмай қолган таомлардан тозаланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар” (Имом Бухорий ривояти), деб тавсия қилганлар.

Араб табибларидан Ҳорис ибн Калда “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”, деган.

Бу йилги Рамазон ойи давомида юртимизда виждон эркинлиги тўлиқ таъминланаётганининг амалдаги исботига ҳар қадамда гувоҳ бўлдик. Республикамиз бўйлаб жами 2085 та масжидда, шу жумладан, Тошкент шаҳридаги 224 та масжидда 27 кун мобайнида таровиҳ намозларида Қуръони карим хатм қилинди. Ҳар таровиҳ намози ортидан, хусусан, Қадр кечасидаги хатми Қуръонлардан сўнг юртимиз бундан-да тинч, осойишта, халқимиз турмуши яна ҳам фаровон ва маъмур бўлишини Яратгандан тилаб хайрли дуолар қилинди.

Қувонарлиси, барча масжидларимизда юртимиздаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида таҳсил олган талабалар Қуръони каримни тик оёқда хатм қилиб бердилар. 40–50 ёшни қоралаган кишилар яхши эслашади: истиқлолнинг дастлабки йилларида юртимиздаги масжидларда Рамазон ойида қорилар етишмас, Миср, Саудия Арабистони ва Туркиядан ҳофизи Қуръонлар таклиф этилар эди.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, бугун қориларимиз нафақат юртимизда таровиҳ намозларига хатмларга ўтяпти, айни пайтда чет давлатлардан тушаёган таклифларга биноан Россия ва Америка Қўшма Штатларида яшаётган мусулмонларни Каломуллоҳдан баҳраманд этишмоқда.

Аслида Рамазон Қуръон ойидир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримни Қадр кеасида нозил қилганини бундай баён этади: «Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят). Сўнгра 23 йил давомида Жаброил алайҳиссалом турли сабабларга кўра Қуръонни оят-оят, сура-сура қлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилиб турди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Қуръони карим Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан нозил бўлган. Таврот Рамазоннинг олтинчи кечасида нозил бўлган. Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазоннинг илк кечасида нозил бўлган. Инжил Рамазоннинг учинчи кечасида, Забур эса ўн иккинчи кечасида нозил бўлган. Бу ойнинг номи Қуръонда Рамазон, Тавротда Хад, Инжилда Сад, Забурда эса Қурбат дейилган».

“Хад” дейилишига сабаб шуки, бу ойда гуноҳлар устига чизиқ тортилади, маҳв бўлади. Инжилда “Сад” дейилишига сабаб – бу сўз гуноҳлардан покланишни англатади. Забурда “Қурбат” дейилишининг сабаби эса банда бу ойда Раббисига яқинлашади.

Имом Раббоний бундай дейдилар: «Қуръоннинг бу ойда нозил бўлиши Рамазоннинг улуғланишига сабабдир».

Бу ой – баракот ойидир. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларини ўзида жамлаган. Рамазон ойи Қуръон билан боғлиқ бўлгани учун хайриётлар билан тўлиб-тошган. Яхшиликлар, баракотлар бу ойга жамланди. Бир ойда келган баракотлар, яхшиликлар бандага йил давомида кифоя қилади. Мусулмонлар бу ойда илоҳий файз-баракотларга кўмилиб қоладилар.

Ким Рамазоннинг яхшиликларидан, баракотидан олиб қолса, йил бўйи ана шу яхшиликларга кўмилиб яшайди. Ким Рамазон ойини ёмонлик билан ўтказса, йил бўйи хайрсиз яшайди. Яхшилик ва баракот Аллоҳ таолодандир.

Бу йилги Қадр кечаси жуда кўтаринки руҳда ўтди. Айнан шу куни юртимиздаги 350 та жоме масжидда Қуръони карим хатмлари ниҳоясига етди. Шу жумладан, Тошкент шаҳридаги барча масжидларда Каломуллоҳнинг хатм дуолари қилинди.

Қадр кечаси – умрлар, ажаллар, ризқлар ёзиладиган кундир. Ҳар йили Қадр кечасида тақдирлар белгиланади.

«Албатта, Биз Уни (Қуръонни) Қадр кечаси нозил қилдик. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббининг изни билан барча ишлар учун тушади. У то тонг отгунича салом бўлиб туради» (Қадр сураси).

Аллоҳ таоло Қуръони каримни Қадр кечасида нозил қилди. Шу кеча фаришталар бандаларига Аллоҳнинг саломини етказадилар. Духон сурасининг дастлабки оятларида ҳам Қуръон Қадр кечасида нозил бўлгани ҳақида сўзланади. Бу оятлар Қадр кечасининг улуғлигини ифодалайди.

Қадр кечаси Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссалом умматига туҳфасидир. Бу софларни танлаб олиш кечаси, ютуққа эришиш кечаси, мағфират кечаси, жаннатга кириш кечасидир. Бу ана шундай буюк кечадир. Бу кеча Аллоҳ таоло даъватчиларга, жидду-жаҳд қилувчиларга, намозхонларга, рўзадорларга, суннат байроғини кўтарганларга ва тавба қилувчиларга салом йўллайди.

Қадр кечасининг фазилатлари жуда кўп. Жумладан:

1. Шарофатга эришиш кечаси. Аллоҳ таоло уни Қадр сураси билан шарафлаган.

2. У кеча 83 йил ва 4 ойдан яхшидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Рамазон кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай ой кириб келдики, унда минг ойдан афзал бир кеча бор. Ким ундан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Фақат маҳрум кишигина унинг яхшилигидан бебаҳра қолади», деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

3. Мағфират кечаси. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар (Муттафақун алайҳ).

4. Ер куррасига азиз меҳмонлар ташриф буюради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қадр кечаси Рамазоннинг 27 ёки 29-кечасидир, бу кечада ер юзидаги фаришталар майда тошдан ҳам кўп бўлишади», деганлар (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳузайма ривояти).

5. Жаброил алайҳиссалом янгидан тушадилар.

Жаброил алайҳиссаломнинг тушишлари Аллоҳнинг қуйидаги оятига биноандир: «Унда фаришталар ва Руҳ (Жаброил алайҳиссалом)  Роббининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар» (Қадр сураси, 4-оят).

Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Умму Айманнинг ҳузурига бориб, Расулуллоҳни эслаб, Жаброил алайҳиссалом келмай қўйганлари учун йиғлашар эди.

6. Келгуси йилги ризқлар ва ажаллар нозил бўлади.

«Унда (Қадр кечасида) ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур» (Духон сураси, 4-оят). Фаришталар Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотлари учун Лавҳул Маҳфузда битиб қўйган ризқ ва ажаллар мажмуасини дунё осмонига олиб тушадилар.

7. Муборак кечадир. Аллоҳ таоло бундай деган: «Биз уни (Қуръонни) муборак кечада нозил қилдик» (Духон сураси, 3-оят).

Қадр кечаси Жаброил алайҳиссалом етмиш минг фаришта билан бирга Ер зига тушадилар. Фаришталар бутун Ер юзига тарқаладилар. Ким Қадр кечаси бир рўзадорни тўйдирса, Жаброил алайҳиссалом ўша мўмин билан кўришадилар.

Қадр кечаси фаришталар мўминларнинг ибодатларига шоҳид бўлиш учун ерга тушиб, мўминларнинг ҳаққига тасбеҳ айтадилар. Аллоҳ таолога айтган эътирозлари учун узр изҳор қилиб, истиғфор айтадилар.

Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бани Исроилда ўтган Шамъунул ғозий ҳикоясини айтиб берганлар. Шамъунул ғозий кофирлар билан минг ой жанг қилган экан. Уруш асбоби – туянинг бўйнидаги юнгидан тўқилган арқон экан. У очликни, чанқоқни билмай, тинимсиз жанг қиларди. У зот Аллоҳнинг валийларидан бири бўлган экан. Кофирлар уни йўқ қилиш учун аёлидан фойдаланишган. Аёлига кўп мол-дунё ваъда қилиб, унинг ёрдамида Шамъунул ғозийнинг ухлаб ётган вақтида қўл-оёғини боғлашди. Сўнг аъзоларини кесиб, уйнинг устунига боғлаб кетишди.

Шунда унинг қалбига: «Мендан сенга нима ёрдам керак?» деган илҳомий сўз эшитилди. У: «Менинг аъзоларимни ўз ҳолига қайтаргин!» деб дуо қилди. Аъзолари аста-секин аслига қайтди. У яна Аллоҳ йўлида кофирларга қарши жангга чиқди. Буни эшитган саҳобалар кўзларига ёш олиб, «Қанийди биз ҳам шундай савобли амал қила олсак!» дейишди. Шунда ваҳий нозил бўлиб, Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир», деган оятни ўқиб бердилар ва: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Мусулмонлар Қадр кечасида бедор бўлиб, ибодат қилиб чиқишса, Шамъуннинг минг ой қилган амалидан афзал бўлади, ўшанинг савобича ажр берилади. Қадр кечасида ўқилган икки ракат намоз учун Шамъуннинг минг ойлик жангидан кўра кўпроқ савоб берилади», дедилар.

Мусо алайҳиссалом ўз муножотларида: «Аллоҳим, Сенга яқин бўлсам», дедилар. Аллоҳ таоло: «Менга Қадр кечасида бедор бўлганлар яқиндир», деди.

 Ойша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қадр кечасида бедор бўлсам, қайси дуони ўқийин, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳумма, иннака ъафуввун, туҳиббул афва фафву ъанни» (яъни: «Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв этгин!») дегин. Бу кечада таровеҳ, қазо, нафл намозлар ўқилади. Таровеҳни жамоат билан ўқиган одам кечани қоим қилган кишининг насибасини олади», дедилар.

Айнан Қадр кечаси яширинган кечалар, яъни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида – “Ъитқум минан нийрон” даҳасида бир гуруҳ уламоларимиз Америка Қўшма Штатларига жўнат кетдилар.

Америка Қўшма Штатларидаги “Ал-Бухорий” Ислом маркази вакилларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари билан онлайн учрашувидаги таклиф ва илтимосига биноан шу йилнинг 20 апрель–2 май кунлари ўзбекистонлик бир гуруҳ имом-хатиблар Америка Қўшма Штатларида бўлишди.

Улар кўплаб штатларда бўлишиб, Огаё штатидаги Синсиннати шаҳрида қурилаётган «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжидига тамал тошини қўйиб бердилар. Мазкур масжид миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилмоқда. Шунингдек, ўзбекистонлик меҳмонлар Филадельфия шаҳрида бунёд этилаётган янги «Масжид ал-Бухорий» ислом маркази ва масжидини бориб кўришди.

Рамазон саховат ойидир. Шу боис бу ойда хайру саховат амаллари янада кўпаяди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.

Хайрли, савобли ишлар ҳақида сўз кетганда, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ўтказиб бир сўз дейиш мушкул. Ҳадиси шарифда: «Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт. Унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади», дейилган.

Аслида, мазкур оят ва ушбу ҳадис мўмин киши учун улкан имкониятлар эшигини очиб беради. Шу бои иложи борича бу ойда кўплаб хайрли амаллар бажарилади.

Аллоҳ таоло халқини ўйлаб, одамларнинг оғирини енгил қиладиган инсонларга улуғ ажрлар ваъда қилган. Қуръони каримда: «Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар» (Бақара сураси, 274-оят), деб марҳамат қилинган.

Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасига мувофиқ, Рамазон ойида ва ҳайит арафасида кўплаб кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, етим-есирлар, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмакллашдик.

Муборак ой муносабати билан хонадонларда ташкил этилган ифторлик тадбирларида аҳоли, хусусан, ёшларга қўлга киритилаётган ютуқларимизнинг асоси бўлган осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, турли ёт ғоялардан таъсиридан эҳтиёт бўлиш шарт эканини тушунтирдик.

Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари аҳил-иноқ, ҳамжиҳат яшамоқда. Рамазон ойи давомида маҳаллаларда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлада фаол иштирок этдик.

Эзгулик ва хайру саховат ойида баъзи сабаблар билан юз кўришмас бўлиб кетган оилаларни муросага келтириш савоби улуғ амаллардан. Шу боис имом-хатибларимиз, оинойиларимиз ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида нотинч, ноқобил оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, турли низолар оқибатида уришганларни яраштиришга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг натижасида жуда кўплаб оилаларни ярштиришга муваффақ бўлдик.

Рамазон ойи давомида кунлари соим (рўзадор), тунлари қоим (бедор) бўлганимизнинг ажри сифатида Рамазон ҳайити мукофот куни экани ҳадиси шарифда баён этилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ойи фазилатлари ҳақида гапира туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганларини эшитган: «Фитр кечаси бўлганда бу кеча “Мукофот кечаси” деб номланади. Фитр куни бўлганда Аллоҳ азза ва жалла фаришталарни шаҳарларга юборади, улар ерга тушадилар ва кўчаларнинг бўйида туриб олиб, инсон ва жиндан бошқа барча Аллоҳ азза ва жалла яратган нарсалар эшитадиган овозда нидо қилиб: “Эй уммати Муҳаммад, кўп савоб берадиган ва катта гуноҳларни мағфират қиладиган карамли Роббингиз томон чиқинг”, дейдилар. Қачон инсонлар намозгоҳларига чиққанларида, Аллоҳ азза ва жалла: “Эй фаришталарим, ижарага ёлланган кишининг ишини бажаргандаги мукофоти нимадир?” дейди. Улар: “Илоҳимиз, Хожамиз, унинг мукофоти ҳақини тўлиқ берилишидир”, дейдилар. Шунда Аллоҳ: “Мен сизларни гувоҳ қиламанки, эй фаришталарим, албатта Мен уларнинг Рамазон ойининг рўзасини тутганлари ва кечаларини қоим қилганлари савобини Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим», дейди» (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Мухтасар айтганда, муборак ой давомида қилган хайрли амалларимизнинг мукофоти бериладиган ҳайит куни Буюк Раббимиздан юртимизни тинч-осойишта, осмонимизни мусаффо, халқимиз турмушини бундан-да фаровон қилишини сўраймиз. Илоҳим, янаги йилги Рамазонларгача эсон-омонликда, бағрибутунликда етиб олиш барчамизга насиб этсин.

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР