
Туя йиғлаб, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилди
Абдуллоҳ ибн Жаъфар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ортларида бир уловга мингашиб кетдик. Шунда менга бир ҳадисни айтдилар, ҳануз уни ҳеч кимга айтганим йўқ.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қазои ҳожат қилмоқчи бўлсалар, хурмо дарахти панасига ёки бирор мўлжалга етиб боришни яхши кўрардилар.
Бир куни ансорлардан бирининг боғига кирдилар. Олдиларига шовқин солиб, кўзлари ёшланган туя келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўриб ачиндилар, кўзлари ёшланди ва елкасини силаб-сийпадилар. Туя тинчланди.
– Бу туянинг эгаси ким? – дедилар.
Ансорлардан бир йигит келиб: “Менинг туям, эй Аллоҳнинг расули!” деди.
– Аллоҳ сени уларнинг хўжайини қилиб яратгани бу ҳайвонлар хусусида Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Туя менга шикоят қилди, сен унга дам бермабсан ва уни қийнабсан, – дедилар».
Саҳиҳ ҳадис. Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти.