Тавсия қиламиз

РИЗҚДАГИ БАРАКАНИНГ ОМИЛЛАРИ

Мақолалар access_time22-июль 2019, 12:08

1. Таомни биргаликда ейишда барака бор (Ибн Можа). 2. Бисмиллоҳ билан ейилган…

Бу гуноҳ кичикми ёки каттами?

Мақолалар access_time5-феврал 2018, 18:34

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: Ҳакимул…

#МУАТТАР_СИЙРАТ

Мақолалар access_time15-март 2021, 09:54

ОШКОРА ДАЪВАТ “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъватни)…

ҲАР ОН ТИЛИМИЗ ШУКР БИЛАН НАМЛАНСИН!

access_time13-июнь, 10:09 visibility411

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ

"Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз" (Бақара сураси, 152-оят).

Банда Аллоҳ таолони эслаётганида билсинки, Раббул оламийн ҳам уни эслаётган, шукр келтираётганда эса Аллоҳ таоло унга зиёда қилаётган бўлади. Шукр доимо ўзига зиёдаликни боғлайди.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло қасам билан, ҳатто таъкид калималари ила келтиради:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

«Ва Роббингиз сизга: "Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир", деб билдирганини эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Инсон ношукрлик даражасига тушиши учун, албатта, Раббисини унутган бўлиши керак. Аллоҳ таолони танимаган, бу дунёга келишининг асл моҳиятини тушуниб етмаган банда Раббимизнинг берган неъматларига шукр келтиришни билмайди. Агар банда бу дунёнинг моҳиятини, синов эканлигини, охират абадий ҳаёт эканлигини, ўзининг ижтимоий мавжудотлигини, яшар экан, бошқаларга манфаат етказиш кераклиги асл мусулмончиликнинг чақириғи эканлигини билса, у бандалигига шукр келтирганлардан ҳисобланади. Раббисини таниган ва неъматларни қадрига етган бўлади. Шокир бўлиш учун неъматларни Аллоҳ таоло рози бўладиган йўлга сарфлаш керак. Баъзи неъматлар бор, «Алҳамдулиллаҳ» ёки «Ўзига шукр» десангиз, унинг шукри соқит бўлади. Аммо айрим неъматлар борки, унга ҳисобсиз шукр айтсангиз ҳам шукр ўрнига тушмайди. У неъматларни Ўзининг йўлига йўллаш билан шукрини келтиришимиз мумкин. Масалан, фарзанд неъматини олиб кўрайлик. Неъмат олиб қўйилса, инсонлар унинг қадрига ета бошлайди. Лекин биз қадрига етишимиз учун Аллоҳ таоло тинч яшаб турган ҳаётимизни олиб қўйишини, соғлигимизни, ақлимизни, ризқимизни олиб қўйишини кутиб ўтиришимиз керак эмас. Фарзанднинг тепасида туриб фақат шукр айтсангиз, унинг шукри қойим бўлмайди. Фарзандни соғлом, зеҳнли, фаҳм-фаросатли, солиҳ ёки солиҳа қилиб тарбиялаш унинг шукри бўлади.

Биз дунёга инсон қилиб юборилдик, инсон эса Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси, яъни ўринбосаридир. Биз бу дунёга ўринбосар бўлиб келар эканмиз, битта вазифа умумий қилиб берилди. Бу вазифа дунёни обод қилишдир. Ватан туйғуси инсонга берилди. Ватанни севиш ҳисси фитратимизга қўшилди. Буларнинг ҳаммаси шукрнинг эвазига бўлади. Инсон агар ношукр бўлса, Аллоҳ таоло ундан неъматларни олиб қўяди. Банда неъматларни исроф қилса, ўйламасдан сарфласа, яъни «пулни ўзим ишлаб топяпман, уни хоҳлаганимча сарф қиламан» деса, хато қилади. Чунки пул ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати, аммо бу неъмат бошқа неъматлардан фарқ қилади. Бу неъматнинг савол-жавоби қаттиқ бўлади. Ҳар қандай неъматнинг саволи битта бўлса, пул, мол-дунёнинг саволи иккита бўлади. Ўша молни қаердан топганимизга ва қаерга сарфлаганимизга жавоб берамиз. Мол-дунё ҳам Аллоҳ таоло берган буюк неъматлардан саналади. Бу буюк неъматни яхшироқ фаҳмлашимиз учун уни беҳуда сарфлаш ҳаром эканлигини тушуниб олишнинг ўзи кифоя.

Мусулмон одам ҳеч қачон худбин бўлмайди. У нима неъматни қўлга киритса, бошқалар билан баҳам кўради ва бошқаларда ҳам шу неъмат бўлишини хоҳлайди. Биз фақат ўзимизнинг тинчлигимизни ўйлаб ёнимиздаги қўшниларимизнинг нотинчлигига бепарво бўлмаймиз. Биз ҳар доим бизда бўлган тинчлик нотинч бўлиб турган, ҳаловатини йўқотган халқларда ҳам доимий бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз. Бундай тинч ва фаровон ҳаётга банда Аллоҳ таолони таниши, унга доимий шукр қилиши билан эришади.

Нафас олиш ҳам буюк бир неъмат. Уни қайтариб чиқариш эса иккинчи неъматдир.

Агар ҳар бир неъмат учун жойида шукр айтиш керак бўлса, олган ва чиқарган нафасимизга ҳам шукр айтган бўлардик. Ҳолбуки, бунга имкониятимиз йўқ. Инсон агар неъматга лойиқ шукр айтолмаса, унинг узрини келтириб ўтади. Унинг узри эса Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Шукрдан ҳам, тоат-ибодатдан ҳам манфаат оладиган асли ўзимиздир. Аллоҳ таоло бизни ибодатга ва шукр айтишга буюради. Аммо бизнинг бу ибодат ва шукр айтишимиздан Аллоҳ таолога ҳеч қандай манфаат йўқ. Манфаат ҳар доим ўзимиз учун бўлади. Шундай экан, келинг, ҳар он тилимиз шукр билан намлансин.

 

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР