Тавсия қиламиз

ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Мақолалар access_time27-ноябрь 2019, 16:13

Орифи биллоҳ шайх Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:     "Ўзи…

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:

Мақолалар access_time20-май 2018, 04:04

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:   1. Жинсий алоқа. Бу рўзани бузувчи…

МАККИЙ ВА МАДАНИЙ СУРАЛАР

Мақолалар access_time2-июль 2020, 10:41

Қуръон суралари икки қисмга бўлинади: Биринчи қисм маккий суралардир. Иккинчи…

ФАРЗАНДИНГИЗ СОЛИҲ ВА САЛОҲИЯТЛИ БЎЛСИН!

access_time20-июнь, 10:41 visibility91

Тарбия барча даврларда энг муҳим мавзулардан ҳисобланиб келган. У вожиб ўрнини эгаллайди. Чунки Қуръон ва суннат шуни талаб қилади. инсоннинг дунё ва охиратдаги ҳаёти ва ҳолати тарбияга боғлиқ. Тарбия ота-она ва устозлар зиммасига вожиб ўлароқ юкланди.

“Тарбия” ва “мураббий” сўзлари турмушимизда жуда кўп ишлатилинади. Қуръони каримда Фотиҳа сурасининг дастлабки оятида Аллоҳ таоло Ўзининг “Рабб” сифатини зикр қилади: «Оламларнинг Раббиси бўлган Аллоҳга ҳамд ва мақтовлар бўлсин».

“Тарбия” ва “мураббий” сўзлари “Рабб” сўзи билан бир ўзакдан олинган. Демак, энг улуғ, энг биринчи мураббий Аллоҳ таолодир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инсоният муаллими ва мураббийидирлар. Мураббийлик осон иш эмас. Айнан тарбия инсоннинг келажакдаги ҳаёти қандай бўлишини белгилаб беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: «Ҳар бир туғиладиган бола фитратда туғилади», дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Фитрат бу соф табиат, деганидир. Демак, ҳар бир туғиладиган бола соф табиат соҳиби бўлади. Худди оппоқ қоғозга нимани ёзсангиз, шу билан тўлганидек, бола ҳам соф табиат ила туғилади. Унга қандай муносабатда бўлсангиз, қандай маънавий озуқа берсангиз, шуни билан тўлиб боради.

Агар ота-она мусулмон бўлса, болани ҳам мусулмон қилиб тарбиялайди. Юқоридаги ҳадис инсон тарбиясида ота-онанинг ўрни нақадар юксак эканлигини кўрсатади. Уларнинг фарзанд тарбиясида масъулияти юқори эканлигини англатади. Бировнинг гуноҳини биров бўйнига ололмайди, аммо ота-она фарзанд учун дунёда ҳам, охиратда ҳам жавоб беради.

Тарбия икки хил бўлади: 1) фитрий тарбия; 2) касбий тарбия.

Фитрий тарбия фарзандга ота-онасидан қон ва сут билан, яъни насл орқали ўтади. Ота-онадаги хулқ ва феълларнинг баъзилари фарзандда намоён бўлади. Касбий тарбия эса, ота-она боласини ўқитиши, устозларнинг шогирдига таълим ва тарбия бериши билан юзага келади. Буюк аллома Имом Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» асарлари фарзандни тарбия қилиш, инсоннинг одобланиш, ахлоқланиш борасида ўрганиб чиқиладиган жудам муҳим қўлланма ҳисобланади. Бу китобда инсоннинг одоб-ахлоқига доир бир нечта ҳадислар жамланган. Ҳар бир ота-она мана шу асарни ўқиб, унга амал қилса, уйидаги аҳллари ва болаларини ҳам бу асар билан таништириб, унда келтирилган ҳадислар ила болаларини тарбияласа, уларнинг эртанги куни порлоқ бўлади, буюк шахс сифатида камол топади.

Ота-она фарзандини доим кузатиб туриши керак. Болани фақат хавфлардан асраш учун эмас, балки уни эртанги ҳаётини йўлга қўйиб олиши, бугунги кунда авж олиб бораётган турли оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ҳам кузатиб бориши лозим.

Ислом дини ота-онанинг зиммасига фарзанднинг ҳаққини юклади, худди фарзанднинг зиммасига ота-онанинг ҳақларини юклагандек. Шуларни ўргансак, барча ҳақлар маълум манзилларга қўйилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, фарзанд туғилганда, аввало, унинг қулоқларига азон айтиш суннатини олайлик. Бу битта манзилдир. Сўнгра ота-она болага чиройли исм қўйишга масъул бўлади. Агар фарзанд катта бўлганида ўз исмининг хунуклигидан норози бўлса, ота-она бу учун гуноҳкор бўлади. Кейин боланинг сочлари олинади, садақа қилинади, улуғ инсонлар боланинг танглайини кўтаришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болалар танглайини хурмо билан кўтариб қўйганлари ҳақида бир нечта ривоятлар бор. Бу бизнинг диёримизда ҳам урфга айланиб бормоқда. Бола туғилганининг еттинчи кунида унга ақиқа қилиш ҳақида ҳадислар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир туғилган бола ақиқасига гаров қилингандир. Туғилганининг еттинчи кунида унинг ҳаққидан жонлиқ сўйилади», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло бутун борлиқни олти кунда яратди, еттинчи куни эса ҳаммасини жамлади. Ўша куни жума эди. Бу кун жамланиш ва байрам куни бўлди.

Инсон боласи ҳам дунёга келганида унинг умри сониялардан дақиқаларга ўтади, дақиқалардан соатларга, соатлар кунни ташкил қилиб, ўша кунлар еттита бўлгандан кейин боланинг яшаб қолиши эҳтимоли аниқ ва катта бўлади. Ана шунинг шукронасига ота-она бола туғилганнинг еттинчи кунида ёки бошқа хоҳлаган кунларида, имкони етса, боланинг номидан бир жонлиқ сўйиб, гўштини тақсимлаб, ақиқа қилишади.

Сўнгра бола эсини таниганида унга таълим бериш, балоғатга етганида, уни уйлаб қўйиш ёки турмушга чиқариш – булар ҳам алоҳида манзиллардир. Мана шу манзилларда ҳақларнинг жойлаштирилиши ота-она фарзандини доимий назорат қилишига мисол бўлади. Лекин ота-она кексайиб, фарзанд қўлига қараб қолганида, унинг ёрдамига ва парваришига муҳтож бўлганида, фарзандни ота-она қандай кузатади? Қандай назорат қилади? Қандай тарбия беради?

Ушбу саволларга жавоб тариқасида машойихлар айтадилар: “Бундай ҳолларда ота-она фарзандларини доимо дуолари билан қўллаб-қувватлайди. Дуоси билан назорат қилади. Айниқса, намозининг сўнгида ота-онани фарзанд учун қиладиган дуоси ниҳоятда катта мадад бўлади”.

Фарзандга тарбия шу қадар муҳим ўринга қўйилдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларни от минишга, сузишга ва камондан ўқ отишга ўргатинглар деб буюрганлар.

Набий алайҳиссалом ҳар бир ишни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб бошланглар, деб буюрганлар. От миниш, сузиш ва камондан ўқ отиш учун ҳам албатта, бисмиллаҳ айтилади. Аммо бу ишларда  “Бисмиллаҳ”ни айтиш ота-онанинг ёки устознинг ёдидан кўтарилган бўлса ҳам, бу ишлар қилинсин. Чунки бу ишлар фарзанднинг тарбиясида, унинг соғлом бўлишида жуда муҳимдир.

Албатта, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бу ҳақда кўплаб мисоллар ва кўрсатмалар келтирилган.

Пайғамбаримиз бу борада саҳобалар ёки ўзларининг набираларига тарбия бериш қандай бўлишини чиройли кўрсатиб берганлар.

Албатта, тарбия фарзандга ҳалол луқма едириш билан бошланади. Бу энг муҳимидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: “Ё Расулуллоҳ, менинг ҳақимга дуо қилинг”. У зот: “Луқмангни ҳалол қил, эй Анас, шунда дуоинг ижобат бўлади”, дедилар.

Демак, луқманинг ҳалол бўлиши нафақат дуонинг ижобат бўлишига, балки инсоннинг бу дунёда саодат топиб, охиратда нажотга эришишига сабаб бўлади.

Бугун биз фарзандларимизни боқиш вазифамиз экан, деб топганимиз ҳалолданми-ҳаромданми ёки у бировнинг ҳаққими, кимдир норози бўлиб беряптими – буларга қарамасдан едираверсак, бир куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобгарлик бўлганида шарманда бўламиз.

Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: “Ҳаромдан ўсган жасад дўзахга ўтин бўлишдан бошқага ярамайди”.

Аслида ҳалол ҳамма нарсани ҳалолга, ҳаром эса ҳаромга тортиб кетади. Шунинг учун биз фарзандимизга бераётган луқмамиз оз, лекин ҳалол бўлса, фарзандимизни ўқитиб, таълим-тарбия бериб, доно қилиб ўстирсак, бир куни ана шу фарзанд бизга ҳамма нарсани мукаммал қилиб беради. Аммо бунинг учун биз аввал фарзанд тарбияси ва таълимига эътиборли бўлмоғимиз лозим.

Аллоҳ таолодан фарзанд неъматини сўрар эканмиз, доимо унинг салоҳияти билан қўшиб сўрайлик: “Ё Роббал ъаламийн. бизга солиҳ фарзанд ато эт”, деяйлик. Ҳаётда “Аллоҳдан фарзанд тилаган эканмиз-у, лекин солиҳини сўрамаган эканмиз”, деб андуҳ чекаётганлар ҳам йўқ эмас.

Аллоҳ таоло барчамизга солиҳ ва салоҳиятли фарзандлар берсин.

 

Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР