
Шундай оилаларни биламизки, эр ва хотин бир уйда яшашса-да, узоқ вақт, ҳатто йиллаб бир-бирлари билан гаплашишмайди. Эр ёки хотин вафот этса ҳам, дафн маросимларига иштирок этишмайди. Динимизда бу ҳақда қандай ҳукмлар бор?
САВОЛ: Шундай оилаларни биламизки, эр ва хотин бир уйда яшашса-да, узоқ вақт, ҳатто йиллаб бир-бирлари билан гаплашишмайди. Эр ёки хотин вафот этса ҳам, дафн маросимларига иштирок этишмайди. Динимизда бу ҳақда қандай ҳукмлар бор?
ЖАВОБ: Албатта, эр-хотинлик, никоҳ ҳукмларига умуман тўғри келмайдиган нохуш ҳолатдир.
Аллоҳ таоло эрларни аёллари билан яхши, тотув турмуш кечиришга буюрган: “Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).
Оилада осудалик барқарор бўлиши учун аёлларнинг эрларига итоат қилиши лозимлиги таъкидланган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” (Нисо сураси, 34-оят).
Aллоҳ таоло оилада баъзида содир бўлиб турадиган тортишувларнинг ечимини ҳам баён қилган: «Arap улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор Зотдир. (Нисо сураси, 35-оят).
Пайғамбаримиз икки мусулмоннинг бир-бири билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши мумкин эмаслигини таъкидлаганлар. Эр-хотин йиллаб ганлашмай юрса оилада маънавий аҳвол қандай бўлади? У ерда вояга етган фарзанднинг тарбияси-чи? Мусулмонлик даъвосини қиладиган, ўлганидан кейин охират диёри ҳам борлигини, Аллоҳ таоло ҳузурида ҳамма қилмишлари учун бирма-бир ҳисоб бериши муқаррарлигига имон келтирган одам бу ишни қилмайди. Ақл эгалари учун шунинг ўзи кифоя!