Тавсия қиламиз

МУШРИК ВА ДЕҲҚОН

Мақолалар access_time18-март 2021, 12:22

  Ёшлигимда форс тилидаги ахлоқий китоблардан бирида "Мушрик ва…

Она мўътабар 

Мақолалар access_time21-май 2017, 14:49

Отаси вафот этгач, ўғли онасини қариялар уйига олиб бориб қўйди. Баъзи вақтларда…

Ҳалол касб

Мақолалар access_time20-сентябр 2017, 13:59

Ислом ақийдасига кўра ризқ ҳалол ва ҳаромга бўлинади, биродарлар. Инсон…

НАЖОТ – НАМОЗДА

access_time23-январ, 10:27 visibility1200

Бугунги давримиз ғала-ғовур, фитна-фасод, шовқин-сурон, уруш-тўполон, ғавғо-жанжал, ваҳимаю ташвишларга тўлиб кетди. Кимдан сўраманг, фақат ҳаётдан нолийди. Айниқса, Ғарб кишилари, ҳаётлари моддий жиҳатдан анча тўкис бўлишига қарамай, уларга нимадир, нималардир етишмаётгандай.  Ўзларича ўзларига чора ахтаришмоқда. Чораки, "демократия" номи остида ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, бир жинсли никоҳ... Афсуски, уларнинг бу чоралари биргина натижа беряпти. У ҳам бўлса, ўзини-ўзи ўлдиришдир.
Психологлар дунёларга сиғмай кетаётган кишига йога билан шуғулланишни тавсия этишмоқда. Америкалик руҳшуносларга кўра, аёллар ҳар куни бир соат тўқиш билан шуғулланиши асабий тарангликларга, ғам ва қайғуларга қарши энг яхши чора эмиш.
Лекин ҳамма ҳам бу ишни уддалайвермаслиги уларнинг эътиборидан четда қолганга ўхшайди.
Хўш, нима қилиш керак?
Агар бир киши сизга: "Ҳар куни сенга 24 та олтин танга бераман. Шундан 1 тасини мен учун сарфлайсан. Қолганини ўзинг биласан" деса, албатта, бундай таклифни бажонидил қабул қиласиз,  шундайми?
Буюк Раббимиз ҳам бизга бир суткада 24 соат олтиндан қиммат бўлган умр сармоясини беминнат берди. Бунинг эвазига ҳеч бўлмаганда бир соатни ибодатга айириб, намоз ўқишимизни буюрди.
Қуёш билан мусобақалашгандек тонг отмасдан уйғониб, покланиб, Аллоҳга  ибодат қилиш, зикр ва тасбеҳлар айтиш, илтижолар қилиш қанчалик завқли-мароқли... БОМДОД вақтининг ифорини туйишнинг гашти бўлакча... Бундай ибодат ёлғончи ва ўткинчи дунёга қарши кийилган мустаҳкам зирҳдир.
Куннинг серташвиш онларида, яъни ПЕШИН вақтида тирикчиликни бироз четга суриб, Набий алайҳиссалом "Кўзимнинг нури" (Имом Насоий ривояти) ва "Диннинг устуни" (Имом Дайламий ривояти), дея таърифлаган намоз сари чоғланамиз. Ибодатни адо этгач, ич-ичимиздан руҳий енгилликни туямиз. 
Дунё ҳаётининг бир кунлик йўлида "АСР" деб аталмиш "бекат"да тўхтаб, яна бироз тин оламиз-да, ожиз банда эканлигимизни, "Дунёда гўё ғариб ва йўловчи каби эканлигимиз" (Имом Бухорий ривояти)ни эсга олиб, Холиқ таолодан абадий саодатни умид қилиб, муножот айлаймиз.
Қош қорайгач, яна ихлос билан қиблага юзланамиз. Қуёш ботиши билан кунимиз ҳам поёнига етиши, вақти-соати келиб умримиз ҳам ниҳояланишини эслаб, ШОМ намозига қулоқ қоқамиз.   
Кунимиз билан дунёмиз ҳам тун бағрига ғарқ бўлган онларда, ўлимнинг иниси бўлган уйқуга ётишдан олдин яна бир бор жойнамоз устида туриб, гўё кунлик ҳисобот топширгандек кун давомида билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун истиғфор айтиб, чарчоқларни унутиб, меҳрибон ва раҳмли Раббимизнинг раҳмат уммонига ўзимизни отиб, ХУФТОН намозини адо этамиз.
Бир кунда барчаси жамланса ҳам бир соатдан ошмайдиган, инсонга ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик, ором ва оройиш берадиган энг мукаммал чора бу – НАМОЗдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд сураси, 28-оят), деб марҳамат қилган.
Намоз ўқиган одам руҳан тетик бўлади, Руҳан тетик бўлган одам ҳар қандай ташвишу муаммони ҳеч қийинчиликсиз енгиб ўта олади. 
Нобель мукофоти лауреати, инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: «Мусулмонларнинг намози 2000 йилларга келиб дунёдаги энг машҳур профессор-шифокорларнинг рецептидан жой олади..." деган эди.
Ҳа, бизнинг намозимиз нафақат инсоннинг соғлигига, айни пайтда руҳиятига ҳам кони фойдадир.

Толибжон НИЗОМ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР