Тавсия қиламиз

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚОРИЛАР XXXIV - ХАЛҚАРО ДУНЁ ҚОРИЛАР МУСОБАҚАСИДА

Янгиликлар access_time19-апрел, 16:51

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚОРИЛАР XXXIV - ХАЛҚАРО ДУНЁ ҚОРИЛАР МУСОБАҚАСИДА Жорий йилнинг…

Ҳазрат Фотиманинг вафоти

Мақолалар access_time9-июль, 21:24

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди. Ҳазрат…

Ўғри бўлиб кириб, амир бўлиб чиқди.

Мақолалар access_time31-октябрь, 14:31

 Кимга берсам экан, кимга? Ёлғизгина қизимни кимга турмушга берсамикан?…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бетоб бўлишлари ва вафот этишларидан олинадиган ибратлар

access_time30-май, 19:30 visibility613

Ҳижрий 11 йил, 28-29 сафар, душанба куни, мил. 632 йил май, вафотларидан 14 кун олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ қабристонидан бир жанозада иштирок этиб қайтаётганларида, йўлда бошларига оғриқ киради ва уйларида иситмалари кўтарилиб, тўшакларига ётиб қоладилар. Ҳижрий 11 йил, 10 рабиъул аввалгача бетоб бўлишларига қарамай, масжидда 11 кун имом бўлиб намоз ўқиб бериб турадилар.  Жами бемор бўлган кунлари 13 ёки 14 кун эди.

Умрларининг сўнги ҳафтаси

Ҳижрий 11 йил, 5 рабиъул аввал, душанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ёрдамида оёқларини судраб босганларича, Оиша онамизнинг уйига кўчиб ўтадилар ва ҳаётларининг сўнги ҳафтасини шу ерда ўтказадилар. Оиша онамиз муъаввизатайн (“Фалақ” ва “Нас” суралари)ни ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган дуоларни ўқиб, у зотга дам солар эди.

Вафотларидан беш кун олдин
Ўзларига келгач: “Турли қудуқларнинг сувидан етти меш сув олиб, устимдан қуйинглар, мен одамлар олдига чиқиб, уларга баъзи нарсаларни васият қилишим керак”, – дейдилар. У зотнинг устларидан то ўзлари бўлди, етар, демагунларича сув қуядилар. Шундан сўнг сал енгил тортадилар. Елкаларини бир чойшаб билан ўраган ва бошларини ёғли мато билан боғлаган ҳолда масжидга чиқадилар. Бориб минбарга ўтирадилар. Бу охирги марта минбарга ўтиришлари эди. Аллоҳга ҳамду сано айтадилар, сўнг: “Эй одамлар, яқинроқ ўтиринглар”, – дейдилар. Ҳамма у зотнинг яқинларига бориб ўтиради. Уларга панду насиҳат қиладилар. Гаплари орасида: “Кимнинг орқасига қамчи билан урган бўлсам, мана, менинг орқам, қасосини олсин. Кимни ҳақоратлаб обрўсини тўккан бўлсам, мана, менинг ҳам обрўм, ўчини олсин”, – дейдилар.
Сўнг минбардан тушиб пешинни ўқийдилар. Кейин яна минбарга чиқиб олдинги гапларини такрорлайдилар. Шунда бир киши: “Сизда менинг уч дирҳам пулим бор”, – деган эди “Эй Фазл, унга дирҳамларини беринг”, – дейдилар. 

Тўрт кун олдин
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардлари оғир бўлишига қарамай, то вафот этишларидан 4 кун олдин, пайшанба кунигача барча намозларни ўзлари имом бўлиб ўқиб берадилар. Шу куни шом намозини ҳам ўзлари ўқиб берадилар ва унда замсурага “Мурсалат” сурасини қироат қиладилар.
Хуфтон пайтига бориб дардлари кучаяди ва масжидга ҳам чиқа олмайдилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар намозни ўқидиларми?” – деб сўрадилар. “Йўқ, ё Расулуллоҳ, улар сизни кутишмоқда”, – дедик. “Бир идишга сув солиб беринглар”, – дедилар. Биз айтганларини қилдик. Шундан сўнг ғусл қилдилар. Кейин ўрниларидан тураётиб хушларидан кетдилар. Ўзларига келгач: “Одамлар намоз ўқишдими?”, – деб сўрадилар. Иккинчи ва учинчи марта ҳам ювиниб, масжидга чиқишга уринсалар ҳам аввалги сафаргидек хушдан кетиб қолар эдилар. “Абу Бакр одамларга намоз ўқиб берсин”, – деб бир кишини юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг қолган кунлари мобайнида 17 та намозни, яъни пайшанба куни хуфтон намозидан бошлаб, душанба куни бомдод намозигача Абу Бакр одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берди”.

Икки кун олдин
Абу Бакр розияллоҳу анҳу имом бўлиб намоз ўқиётган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб ортга чекинмоқчи бўлди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўрнингизда тураверинг, дегандек ишора қилдилар ва: “Мени унинг ёнига ўтқизинглар”, – дедилар. У зотни Абу Бакрнинг чап ёнига ўтқиздилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқий бошладилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу иқтидо қилиб, одамларга у зотнинг такбирларини эшиттириб турди.
Жон беришлари
Ҳаётларининг сўнги куни – 12 рабиъул аввал, душанба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар бомдод намозида турганларида у зот хонадон пардасини очиб жамоатга қарадилар, сўнг табассум қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқсалар керак, деган гумонда Абу Бакр розияллоҳу анҳу сафга қўшилиш учун ортга тисарила бошлайди. У зот қўллари ила намозингизни давом эттираверинглар, дегандек ишора қиладилар ва пардани тушириб

ичкари кириб кетадилар. 
Кейинги намоз вақтига етмадилар!
Қўлларини юқори кўтардилар, кўзларини шифтга қаратдилар ва лаблари қимирлай бошлади. Оиша розияллоҳу анҳо қулоқ тутганида у зот шундай деяётган эканлар:مع الذين أنعمت عليهم من النبيين والصديقين والشهداء والصالحين، اللهم اغفر لي وارحمني، وألحقني بالرفيق الأعلي . اللهم، الرفيق الأعلي “Ўзинг уларга инъом қилган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилгайсан. Аллоҳим, мени мағфират қил ва раҳматинга ол! Мени Рафиқи Аълога етказ! Аллоҳим, Рафиқи Аълога!” – деб сўнги калимани уч марта такрорлаб вафот этдилар. 
Бу воқеа ҳижрий 11 йил, 12 рабиъул аввал, душанба куни, чошгоҳ маҳали юз берди. У зот қамарий ҳисобда тўлиқ 63 йил, шамсий ҳисобда 61 йил-у икки ойча умр кўрдилар.

Абдул Азим Зиёуддин
Каналга уланиш

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР