Тавсия қиламиз

ҚУРЪОНИ КАРИМ Муҳаммад Али Собуний

Мақолалар access_time15-май 2017, 16:00

Аллома шайх Муҳаммад Али Собуний Қуръони Карим ва Расулуллоҳ суннатларини…

ИБРАТЛИ ҚИССА

Мақолалар access_time25-сентябр 2017, 13:30

Ҳикоя қилинишича, бир олим шайх шогирди билан боғ ичра сайр қилиб юришганди.…

ЭЪЛОН! ЎЗБЕКИСТОНДА ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИРОАТИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА ЎТКАЗИЛАДИ

Мақолалар access_time22-декабр 2017, 19:39

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари 2017 йил 1…

КЕЛ, ЭЙ ЯХШИЛИК ТАЛАБГОРИ!

access_time19-июнь 2017, 19:43 visibility665

Буюк ватандошимиз, машҳур муҳаддис имом Термизий ҳамда Ибн Можалар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:  
«Рамазоннинг илк кечаси киргандаёқ шайтонлар ҳамда жинларнинг ашаддий исёнкорлари занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: «Эй яхшилик талабгори, кел! Эй ёмонлик талабгори, ёмонлигингни бас қил!» деб нидо қилади. Бу ойда Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинувчи бандалари бўлади. Рамазоннинг ҳар кечасида шундай бўлади».  
Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида ривоят қилиб келтирган бошқа бир ҳадисда эса мазкур нидо қилувчи зотнинг фаришта экани, бу нидо Рамазон ойи ниҳоясига етгунга қадар ҳар куни такрорланиб туриши айтилади:  
«…ва унда то Рамазон тугагунча бир фаришта: «Эй яхшилик талабгори, кел! Эй ёмонлик талабгори, ёмонлигингни бас қил!» дея нидо қилиб туради».  
Мўмин-мусулмонлар нидо қилувчи мазкур фариштанинг овозини эшитмасалар-да, унинг шундай нидо қилишига чин дилдан ишонадилар. Зеро, бу ҳақда хабар берган зот асло ҳавою нафсидан гапирмайдиган, балки ҳар бир сўзи ваҳий бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Шундай экан, Рамазоннинг муборак кечаларида ушбу буюк нидони ҳис этайлик, унга ижобат қилайлик ва уни ҳаётимизда акс эттирайлик. Ўз аҳволимиз ва юриш-туришимизга тафаккур кўзи билан назар солиб, бу икки нидонинг қай бирига мансуб эканлигимизни билиб олайлик.  
Биз яхшилик талабгоримизми ёки ёмонлик талабгорими? 
Ушбу ҳадиси шариф инсон қалбининг икки хил бўлишига далолат қилади. Бири яхшилик истайдиган, эзгулик қилишга ҳарис қалб бўлса, яна бири ёмонлик излайдиган, доим кимгадир ёмонлик қилиш пайидан бўладиган ёмон қалб бўлар экан. Аллоҳ таоло қалбларимизни тўғри йўлга бошлаб, эзгулик толиби бўлган қалблардан қилсин!  
Қалб Аллоҳнинг назаргоҳидир. Уни мудом маънавий иллатлардан, ҳасад, бахиллик, гина-кудурат, адоват, бировга ёмонлик исташ каби жирканч, разил хислатлардан поклашга ҳаракат қилиш лозим. Акс ҳолда секин-асталик билан юқорида тилга олинган маънавий иллатлар уни маҳв этиб, ёмон қалбга айлантириб боради. 
Рамазоннинг ҳар кечасида мазкур фаришта «Эй яхшилик талабгори, келақол!» дея одамларга нидо қилар экан, гўёки лисони ҳол, яъни ҳол тили билан «Яхшилигингни кўпайтир, эй инсон! Яхши ишларда олға бос, аввалгидан-да кўпроқ эзгулик уруғларини соч, аввалгидан-да каттароқ шижоат билан, аввалгидан-да кучлироқ саховат билан одамларга эзгулик улаш, хайр тарат! Зеро, бунда қилган эзгу амалинг учун бошқа вақтлардан кўра кўпроқ ажр олурсан» дея солиҳ зотларни яхшиликда яна ҳам пешқадам бўлишга тарғиб этади. 
Бу нидо борасида бироз тафаккур юритадиган бўлсак, шуни англаб етамизки,  Рамазоннинг ҳар бир куни, ҳар бир дақиқаси ғаниматдир. Унинг ҳар бир лаҳзаси олам-олам яхшиликлар, ажру савоблар учун тайёрлаб қўйилган бир сандиқдир. Бу сандиқни қандай тўлдириш эса ўзимизга боғлиқ. 
Шундай экан, бу муборак ойда кўпроқ яхшиликлар қилиб олайлик, охират сандиғимизни тўлдириб олайлик. Зеро, бу фурсатлар асло қайтмайди. Янаги Рамазонгача эса ким бору, ким йўқ. Эҳтимол, кимлар учундир бу сўнгги Рамазондир. 
Фариштанинг иккинчи нидосига тегишли бўлиб қолишдан, «Эй ёмонлик талабгори, ёмонлигингдан тийил!» деган нидога нишон бўлишдан Аллоҳ асрасин! Зеро, шундай улуғ ва муборак ойнинг ҳурматини оёқости қилиб, ёмон ишларга, ёвузликларга, фисқу фужурга қўл урган кимса энг бадбахт одам бўлади. 
Аммо, Роббимизнинг карами кенг. Ушбу нидога лойиқ бўлган ёмонлик талабгори ҳам Рамазонда ёмонлигини қўйса, ажаб эмаски, Аллоҳ таоло унга марҳамат кўрсатиб, қалбини тўғрилаб қўйса… Ажаб эмаски, Аллоҳнинг иноятига сазовор бўлиб, яхши инсонлардан бирига айланса… Нафақат Рамазон, балки бошқа ойларда ҳам эзгуликлар қилишда бардавом бўлса... 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳу
@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР