Тавсия қиламиз

ДЕҲҚОНЧИЛИК – ЭНГ АФЗАЛ КАСБДИР

Мақолалар access_time10-декабр 2017, 18:29

Сизу биз бандалари учун ер юзидаги барча нарсаларни яратиб қўйган, тирикчилик…

Рамазoн ойи тунгги намозлар ва нафл ибодатлар ойи

Мақолалар access_time8-май, 01:11

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан…

Биз бундай савдога розимиз!

Мақолалар access_time7-феврал, 14:51

Саудиялик Раҳаф исмли қиз муртад бўлиб, Канададан қочоқлик сўради. Саудиянинг…

       Рамазондан кейинги нафл рўзаларнинг хосияти

access_time25-июнь 2017, 15:59 visibility3855

Луғатда “нафл” калимаси, “зиёда”, “ортиқ”, “қўшимча” каби маъноларни билдиради. Шариат истилоҳида эса: “Нафл фарз ҳам, вожиб ҳам бўлмаган ибодатдир. Нафл бу зиёда ибодат бўлиб, мустаҳаблар ва вақти тайин қилинмаган ихтиёрий ибодатларни ўз ичига олади”.

Инсон нафл ибодатларни бажара олмаса ёки нафл рўза тутмаса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо нафл ибодатлар фарз ибодатларнинг камчиликларини тўлдириши ва ўрни келганда баъзи гуноҳларга ҳам каффорат бўлишидан хабардор бўлган инсон кўпроқ нафл ибодатларни адо этишга эҳтиёж сезади.

Лекин инсон бу ибодатларни ўз билганича эмас, балки Набий алайҳиссалом томонидан собит бўлган нафл рўза ва бошқа нафл ибодатлар амалларига риоя қилиб адо этсагина, суннатга мувофиқ бўлади. Аксинча, суннат амалларидаги кўрсатмаларга айнан риоя қилинмаса, инсон ўзи билмаган ҳолда бидъатга йўл қўйиши мумкин.

Зеро, инсон бидъат амалларни қилиб, ўзининг тушунчаси буйича, Аллоҳга яқинлашаман деб ўйлагани сари, аслида Аллоҳдан узоқлашаверади. Натижада у ўзининг бидъат амаллари орқали ажр-мукофот олиш ўрнига Аллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлади.

Азизлар! Қуйидаги ҳадиси қудсийни эшитгач, нафл ибодатларга қандай бепарво бўлишингиз мумкин: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам нафл ибодатлари билан Менга қурбат (яқинлик) ҳосил қилаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Сўраса, бераман. Агар паноҳ тиласа, паноҳимга оламан. Дуо қилса, дуосини ижобат этаман!”  (Бухорий ривояти).

Яъни, Аллоҳ таоло нафл ибодатлар қилган бандасини яхши кўриб, ҳамиша унга мададкор бўлади. Уни бало-офатлардан асрайди. Ҳар бир ҳаракати ва ишида Ўзи унга кўмак беради.

Уламолар нафл рўзанинг савоби беқиёс даражада улкан эканини бу ибодат деярли махвий равишда, кишилар кўзидан пинҳона бажарилишини, бундаги холислик бошқа ибодатлардан кўра ҳам кучли эканини таъкидлайдилар.

 

Нафл рўзалар учун энг фазилатли кунлар қуйидагилардир:

  1. Душанба ва пайшанба кунлари.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун, мен пайғамбар қилиб юборилган ва менга Қуръон нозил қилинган кун», дедилар  (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан яна шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини яхши кўраман»  (Термизий ривояти).

2. Ҳижрий ойларининг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб, айтадилар: «Ҳалилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уч нарсани васият қилдилар: «Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш, Зуҳонинг икки ракъатини адо қилиш ва ухлашдан олдин витр (намози)ни ўқиш»  (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Насоий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким ҳар ойда уч кун рўза тутса бутун аср рўза тутгандек бўлади. «Айямул бийз» (Ёруғ кунлар) эса ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлардир».

"Айямул бийз" нинг луғавий маъноси "оппоқ, оқ кунлар" бўлиб, ойнинг энг чароғон ва тўлишган тунлари, яъни қамарий ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларига тўғри келади.

3. Шаввол ойидаги олти кун.  

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, гўё йил давомида рўза тутгандек бўлади» (Муслим ривояти). 

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар миқдорида яхшилик тайинлади. Шундай қилиб, бир ой рўза тутиш 10 ой рўза тутиш(га тенг бўлган) дек, олти кун рўза тутиш (билан) эса (60 кун рўза тутишга баробар), бир йилни ташкил этади» (Насоий, Ибн Можа ривоятлари).

Шунда жами бу рўзалар сони 360 кунга (1йилга) тенг.

Бироқ, шу ерда муҳим эслатма сифатида бир нарсани таъкидлаш лозимки, қачонки инсон Рамазон рўзасини бирор узрли сабаб билан қазо қилган бўлса,  у аввало уларни ўтаб қўйиши, шундан кейингина Шавволнинг олти кунлик рўзасини тутиши керак. Агар бунга риоя қилинмаса, «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, ...» дейилган ҳадисда зикр қилинган рўза тутувчилар сирасидан ҳисобланмайдилар.

4. Зулҳижжа ойининг ўн куни, хусусан (чин) Арафа куни.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким Арафа куни рўза тутса, кетма-кет икки йиллик гуноҳлари мағфират қилинади» (Табароний, Абу Яъло, Ибн Абу Шайба ривоятлари). Қатода ибн Нўъмондан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Арафа куни рўза тутса, келаси ва ўтган йилги гуноҳлари мағфират қилинади», деганларини эшитганман»  (Ибн Можа ривояти).

Маълумот учун:  Ушбу ҳадисларда фақат кичик гуноҳлар кечирилиши назарда тутилган.

5. Муҳаррам ойининг 9-, 10- чи ёки 10-,  11- чи кунлари. 

Абу Қатодадан ривоят қилинишича: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ашуро куни рўзасининг фазилати ҳақида сўраганида, У зот: «Мен Аллоҳдан умид қиламанки, у бир йиллик (гуноҳлар)га каффорат бўлади», дедилар»   (Аҳмад ривояти).

6. Шаъбон ойининг исталган кунлари.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: «Ё Расулаллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман», – дедилар.  (Насоий ривояти).

Булардан хулоса шуки, инсон Аллоҳ таолонинг ажру мукофотига эришиш учун ҳадисларда собит бўлган нафл (қўшимча) ибодатлар билан кўпроқ машғул бўлса ва бунинг учун барча имкониятларини ишга солса, Аллоҳ таоло уни қуруқ қолдирмайди. Зеро, У Қуръонда айтади: «Шак-шубҳасиз, Биз чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз» (“Каҳф” сураси, 30-оят).

Дарҳақиқат,  рўза ибодатининг алоҳида фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ деди: “Одам боласининг рўзадан ташқари барча амали ўзи учун. Батаҳқиқ,  у (рўза) Мен учун ва унинг мукофотини Мен бераман...”  (Бухорий ривояти).

Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло ваъда қилган ана шундай улкан ажр-мукофотларга эришиш учун Рамазондан бошқа пайтларда ҳам суннатда келган нафл рўзаларни тутишга одатланайлик!       

 Дониёр Файз

@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР