Тавсия қиламиз

ВАТАНПАРВАРЛИК

Мақолалар access_time12-январ, 09:48

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Сизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар…

Пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга ур

Мақолалар access_time6-ноябрь, 13:59

Никоҳ тўйи нима ўзи? Бу хурсандчилик нима сабабдан қилинади? Шуни билсак,…

Одам савдоси ёҳуд ўз боласи устидаги савдо

Долзарб мавзу access_time15-март, 20:47

Бир неча кун аввал интернет саҳифаларида тарқаган бир маълумот дилимизга…

Мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилиш фазилати

access_time14-март, 17:10 visibility1852

Анас ибн Молик (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилади: “Сабр мусибатнинг илк лаҳзаларида (қилинади) (Муслим, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Ҳақиқий сабр қандай бўлишини мана шу ҳадисдан билиб оламиз. Демак, банда бошига бирон юмуш тушганда илк дақиқаларда сабр қилиши, шошқалоқлик билан жазавага тушмаслиги ҳақиқий сабрдир. Зеро, мусибат эскирган сари банда уни унутиб юборади. Бундай “сабр”га ҳар кимнинг иложи етади. Сабрга мукофот олиш ва у туфайли мартабанинг кўтарилиши учун банда қийинчиликнинг аввалги босқичида, оғир вазиятда сабр қилиши ва ўзини йўқотиб қўймаслиги лозим.

Қуйида ушбу ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган воқеъани кўриб чиқамиз.

Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в.) қабр олдида йиғлаётган аёл олдидан ўта туриб: “Аллоҳга тақво қил ва сабрли бўл!” дедилар. У аёл: “Йўлингдан қолма. Сен бошимга тушган мусибатни қаердан билардинг”, деди. Аёл у зотни танимади. Кейин унга у зот Набий (с.а.в.) эканлари айтилганида, аёл Набий (с.а.в.) эшиклари олдига бориб, у ерда қоровулларни кўрмади. У: “Мен сизни танимабман!” деганида, Расулуллоҳ: “Албатта сабр мусибатнинг аввалги лаҳзаларида (қилинади)”, дедилар” (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Мусибат илк босқичда улкан ва оғирдек кўринади. Бу даврда сабр қилиш оғир. Вақт ўтган сари жароҳат битиб, дард-ситам ва айрилиқ азоби унутилган сари банда ўзини анча енгил ҳис эта бошлайди. Бу даврга келиб ким сабрли, ким жиззаки ёки шошқалоқ эканини билиб бўлмайди. Шу сабаб Аллоҳнинг имтиҳонидан муваффақиятли ўтиш учун мусибат янгилигида сабр қилиш талаб этилади.

Мазкур ривоятга кўра, бир аёл вафот этган яқини қабри бошида йиғлаб ўтирганида Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтиб қолдилар ва унга тасалли бериб, аёлни сабр қилишга чақирдилар. Сиртдан қараганда мусибатга сабр қилишдан кўра сабрли бўлишга чақириш осонроқ туюлади. Аёл ҳам шу нуқтаъи назардан Расулуллоҳ (с.а.в.) сўзларига эътироз билдириб, жаҳл ва ғазаб таъсирида, мусибатга учраган сен эмас, менман, сен дардимни қаердан ҳам тушунардинг, қабилида жавоб қайтарди. Ўша аёл Набий (с.а.в.)ни танимаган, агар таниганида у зотга бу оҳангда гапирмасди. Аёл кейин билса, тасалли берган киши Расулуллоҳ эканлар. Ўша аёл у зотнинг уйларига бориб, танимаганини айтади ва узр сўраган бўлади. Шунда Расули акрам мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилиш лозимлиги ва вақт ўтганидан кейинги “сабр” аҳамиятсизлигини билдирдилар.

Абу Умома (р.а.) Набий (с.а.в.)дан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло: “Эй Одам боласи, агар мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилсанг ва (Мендан) савоб умидида бўлсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, дейди” (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Аллоҳ таоло томонидан “банда учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман” дейилиши катта гап. Бу сабрлиларга жаннат вожиб бўлишига далолат қилади. Зеро Аллоҳ банданинг жаннатга киришига амр этар экан, бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.

Сабр – тоқат туфайли жаннатга киришнинг бир нечта шартлари бор. Булар:

– мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилиш;

– сабр қилгани учун Аллоҳдан савоб умидида бўлиш;

– шикоятни тарк қилиш.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимнинг балоғатга етмаган уч нафар фарзанди вафот этса, улар ўша банда учун дўзахдан сақловчи қалқон бўлади”, дедилар. Шунда Абу Зарр: “Менинг иккита фарзандим вафот этган”, деди. У зот: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар. Қорилар саййиди Убай ибн Каъб: “Менинг битта фарзандим вафот этган”, деди. Шунда Расулуллоҳ: “Битта бўлса ҳам. Лекин бу мусибатнинг илк дақиқаларида (сабр қилганлар учун)”, дедилар” (Термизий ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади заиф).

Бирон сабаб билан вояга етмаган фарзанди вафот этган инсон жаннатга кириши учун ҳам у мусибатнинг аввалги дақиқаларида сабр қилиши керак. Вақт ўтганидан кейин қилинган сабр бирон аҳамият касб этмайди. Чунки бунда инсон хоҳласа, хоҳламаса сабр қилишга мажбур бўлади. Қолаверса,  вақт ўтган сари мусибат унутилиб, банда “сабрли” бўлиб қолади.

Абу Салама ал-Ҳимсийдан ривоят қилинади: “Айтиладики, ҳар бир мусибат ва ҳар бир тўқнашувнинг илк дақиқаларида сабр қилиш лозим. Ким рози бўлса, унга ҳам розилик бўлади. Ким норози бўлса, унга ғазаб қилинади” (Вакийъ “Зуҳд”да ривоят қилган).

Мусибат илк дақиқаларида Банданинг ҳолатини билиши орқали ким тақдирдан рози ёки норозилиги маълум бўлади. Ким Аллоҳнинг қадаридан рози бўлса, мусибатга сабр қилса, Аллоҳ ҳам ўша бандадан рози бўлади. Қайси банда Аллоҳ тақдиридан норози бўлса, ғазабланса, Аллоҳни ҳам унга ғазаблантиради.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР