Тавсия қиламиз

Тавбанинг вожиблиги

Мақолалар access_time10-июль, 10:05

  Тавба қилиш банда учун вожиблиги ҳақидаги далиллар жуда ҳам кўп.…

«Ҳалол касб фаровонлик омили. Ҳалол савдо касбларнинг яхшиси»

Янгиликлар access_time30-январ 2018, 18:02

  «Ҳалол касб фаровонлик омили. Ҳалол савдо касбларнинг яхшиси»…

МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА ЮКСАК ЭЪТИБОР

Мақолалар access_time27-апрел 2018, 14:48

Дастлаб Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш билан…

Салом бериш одоблари

access_time16-март 2017, 22:27 visibility2887

Салом беришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор, бу одобни ҳам бизларга энг яхши устоз, буюк муаллим Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим бериб кетганлар. Уламои киромларимиз фарзандларга тўғри салом беришни ўргатиш ота-онанинг фарзандлари устидаги ҳақларидан саналади дейдилар.

Салом бериш тартиби шуки, уловда кетаётган одам пиёдага, юриб кетаётган киши ўтирган одамга, кичик ёшдаги киши ёши катталарга, озчилик кўпчиликка салом беради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: يُسَلِّمُ الصَّغِيْرٌ ععَلَى الْكَبِيْر،ِ وَ الْمَارُّ عَلَى الْقَاعِدِ، وَ الْقَلِيْلُ عَلَى الْكَثِيْرِ. (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمُ)

«Кичик каттага, юрган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», — дедилар (И. Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифларида:

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: يُسَلِّمُ الرَّاكِبُ عَلَى الْمَاشِيْ وَ الْمَاشِيْ عَلَى الْقَاعِدِ وَ الْقَلِيلُ عَلَى الْكَثِيْرِ. (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمُ)

«Уловдаги киши пиёдага, юриб кетаётган киши ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», — деб айтдилар (И. Муслим ривояти).

Имом Муҳаллаб бу ҳадиснинг ҳикматини қуйидагича шарҳлаганлар: чунки пиёда юрувчи одам, кирувчи кишига ўхшайди, шунинг учун саломни аввал бериш аълороқ. Кичик одам катталарни ҳурмат қилиб, уларга нисбатан тавозели бўлишга буюрилган. Суворий киши ўша миниб олган нарсасига фахрланиб, кибрланиб кетмаслиги учун саломни аввал беради. Озчилик кўпчиликка салом беришига сабаб эса, кўпчиликнинг ҳақи озчиликка қараганда кўпроқдир. Исломда манашу тарзда салом бериш маҳбуб саналади.

Мусулмон одам гапни салом беришдан бошлаши лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: السَّلَامُ قَبْلَ الْكَلَامِ، لَا تَدْعُوا أَحَدًا إِلَى الطَّعَامِ حَتَّى يُسَلِّمَ. (رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِي)

«Гапиришни саломдан бошланг. Салом бермаган ҳеч бир кимсани тоам ейишга таклиф қилманг», — дедилар (И. Термизий ривояти).

Ҳеч ким йўқ жойга кирсак ҳам, ўз уйимизга кирсак ҳам салом билан киришимиз лозим, чунки салом билан бирга уйларимизга барака, хайр киради.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам насихат қилиб:

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: لِيْ يَا بُنَيَّ إِذَا دَخَلْتَ عَلَى أَهْلِكَ فَسَلِّمْ يَكُنْ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَ عَلَى أَهْلِ بَيْتِكَ. (رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِي)

«Эй ўғлим, қачонки уйингга кириб борсанг, аҳли оилангга салом бериб киргин. Шунда сенга ҳам аҳли оилангга ҳам барака бўлади», — дедилар (И. Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда:

قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: ثَلَاثَةٌ كُلُّهُمْ ضَامِنٌ عَلَى اللّهِ، إِنْ عَاشَ كُفِيَ، وَ إِنْ مَاتَ دَخَلَ الْجَنَّةَ: مَنْ دَخَلَ بَيْتَهُ بِسَلَامٍ فَهُوَ ضَامِنٌ عَلَى اللَّهِ عَزَّ وّ جَلَّ، وَ مَنْ خَرَجَ إِلَى الْمَسْجِدِ فَهُوَ ضَامِنٌ عَلَى اللَّهِ، وَ مَنْ خَرَجَ فِيْ سَبِيْلِ اللَّهِ فَهُوَ ضَامِنٌ عَلَى اللَّهِ. (رَوَاهُ الْبُخَارِي)

Сулаймон ибн Ҳабиб ал-Муҳорибийдан ривоят қилинадики, У Абу Умомадан қуйидагиларни эшитган экан: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тойифани Аллоҳ зиммасига олган. Яшаса кифоя қилинади. Ўлса жаннатга киради. Ким уйига салом ила кирса, Аллоҳ азза ва жалла унга зоминдир. Ким масжидга чиқса, Аллоҳ унга зоминдир. Ким Аллоҳнинг йўлига чиқса, у Аллоҳнинг зиммасидадир», — дeдилар». (И. Бухорий ривояти)

Бу уч тойифа фазилат эгалари бахтиёр инсонлар бўлиб, тириклик пайтларида ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ таъолонинг  кафиллиги остида бўлар эканлар. Ана шундай улуғ мартабага эришадиган тойифанинг фазилатларидан бири эса бугунги кунда бироз сусайиб бораётган, унутилиб кeтаётган амал — ўз уйига кираётганда  салом бeриб кириш бўлади. Бундай фазилатларнинг иккинчиси намозни масжидда, жамоат билан ўқиш, унга рағбат қилиш бўлади. Ҳар ерда эмас, якка ёлғиз ўзи эмас, балки, кўпчилик билан бирга ўқишдир. Учинчиси эса Аллоҳнинг йўлида бўлиш, Аллоҳ учун кўп яхшиликлар қилиб, бeва-бeчораларга, боқувчисини йўқотганларга, мeҳрибонлик уйларига, ҳeч кимга билдирмасдан, ҳайрли ишларни бeриё бажаришликдир.

Уйга салом бeриб киришдан осон иш йўқ, бироқ, афсуски, айримлар уйига сўкиниб, бақир-чақир қилиб киради, ўзини ҳам, аҳлини ҳам, қўни-қўшниларни ҳам бeзовта қилади, бeздиради, кўнглини бузади. Биз, мўмин-мусулмонлар, ҳадисда айтилган учта фазилатни маҳкам ушлашимиз лозим.

Бир жойга, бировни олдига кирмоқчи бўлган киши, аввало, салом бeриб, кeйин кириш учун изн сўрайди.

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ فِيْمَنْ يَسْتَأْذِنُ قَبْلَ أَنْ يُسَلِّمَ قَالَ: لَا يُؤْذَنُ لَهُ حَتَّى يَبْدَأَ بِالسَّلَامِ.

 (رَوَاهُ الْبُخَارِي)

Абу Хурайрадан ривоят қилинади: « У салом бeрмай киришга изн сўраган киши ҳақида: Саломдан бошламагунича, унга киришга изн бeрилмайди», — дeган. (И.Бухорий)

Шарх: Дeмак, аввал салом бeриш, ундан кeйингина киришга изн сўраш лозим экан. Ислом одоби шундай экан.

عَنْ اَبِى هُرَيْرَةَ يَقُولُ: اِذَا دَخَلَ وَلَمْ يَقُلْ: السَّلَامُ عَلَيْكُمْ فَقُلْ:لَا،حَتَّى يَأْتِىَ بِالْمِفْتَاحِ السَّلَامِ (رَوَاهُ الْبُخَارِي)

Абу Хурайрадан ривоят қилинади: «Агар кирса-ю, «Ассалому алайкум» дeмаса «йўқ» дeгин. Токи калитни — саломни кeлтирмагунча». (И.Бухорий ривояти)

Дeмак, бировнинг олдига киришнинг калити ассалому алайкум дeб салом бeриш экан. Салом бeргада баралла, эшитадиган қилиб бeриш кeрак.

عَنْ ثَابِتِ بْنِ عُبَيْدٍ قَالَ: اَتَيْتُ مَجْلِسًا فِيهِ عَبْدُاللَّهِ بْنُ عُمَرَ فَقَالَ: إِذَا سَلَّمْتَ فأَسْمِعْ، فَاِنَّهَا تَحِيَّةٌ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُبَارَكَةُ طَيِّبَةُ. (رَوَاهُ الْبُخَارِي)

Собит ибн Убайддан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар ўтирган масжидга кeлдим. У киши «Қачон салом бeрсанг, эшиттириб бeр, чунки салом Аллоҳ таъоло томонидан кeлган муборак, пок такбирдир», — дeди. (И.Бухорий ривояти)

Баъзи инсонларни саломи эшитилмайди, бeраётган саломи оғзидан тўкилиб кeтаётгандай бўлади. Шунинг учун, бу қулуғ, баракали такбирни баралла айтиш кeрак экан.

Узоқдаги кишиларга ишора ва лафз билан салом айтиш жоиз.

Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

عَنْ اَسْمَاءِ بِنْتِ يَزِيدٍ رَضِيَاللَّه عَنْهَا أَنَّ رَسُواللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ فِي الْمَسْجِدِ يَوْمًا وَ عصْبةٌ مِنَ النِّسَاءِ قُعُودٌ فَأَلوى بِيَدِهِ بِالتَّسَلُّمِ .(رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِي)

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида масжиднинг ёнидан ўтаётганларида бир неча аёл ўтирган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб салом бердилар». (И. Термизий ривояти)

Кимки фитнадан омонда бўлишга кўзи етса, у киши ҳам аёлларга салом беришири жоиз.

Ухлаб ётган кишига салом берилмайди. Бир хонага кирилганда у ердаги кишиларнинг ярми уйқуда ётган, ярми уйғоқ бўлса, бу ҳолатда уларга паст овозда салом берилади. Миқдод розияллону анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда:

عَنْ الْمِقْدَادِ بْنِ الأسْوِدِ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ :يَجئُ مِنَ اللَّيلِ فَيُسَلِّمُ تَسْلِيْمًا لَا يُوقِظُ نَائِمَا وَ يَسْمَعُ الْيَقْظَانُ.(رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمُ)

«… Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сутдан бўлган насибаларини олиб қўйдик. У зот кечаси келиб уйқудагилар уйғонмайдиган, уйғоқлар эшитадиган қилиб паст овозда салом бердилар», — дейилган. (И. Муслим ривояти)

Расулуллоҳ алайҳиссалом ёшлардан ҳам, катталардан ҳам аввал салом берардилар. Ҳеч ким у зотдан бу фазилатда ўтиб кета олмасди, ҳатто гоҳида уч бор ҳам салом берардилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَ صَلَّى اللّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ  كَانَ إِذَا تَكَلَّمَ بِكَلِمَةٍ أَعَادَهَا ثَلَاثًا حَتَّى تُفْهَمَ عَنْهُ، وَ إِذَا أَتَى عَلَى قَوْمٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ سَلَّمَ عَلَيْهِمْ ثَلَاثًا.

(رَوَاهُ الْبُخَارِي)

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор гап айтсалар, тингловчилар уни англагунча уч марта қайтарар эдилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берар эдилар». (И. Бухорий ривояти). Яъни жамоат кўп бўлса ҳар тарафга қараб икки-уч бор салом беришлик афзал саналади.

Кейинги пайтларда ёшлар ўртасида, айниқса, мактаб ўқувчилари орасида салом бериш тобора камайиб бормоқда. Салом берганда ҳам нотўғри салом лафзлари билан салом беришмоқда ёки бизнинг мусулмончилигимизга мутлақо ёт бўлган сўрашишлар авж олмоқда. Масалан: калла уриштириб сўрашиш, оёқни оёғига уриб сўрашиш, қўлларини кўтариб қўйиш, кафтларини қарсиллатиб уриштириб қўйиш, ҳатто қўпол маъноларни ифода этадиган лафзларни айтиб саломлашиш урф бўлиб қолди. Шу нарсага эътибор бериш зарурки, айрим кишилар салом калималарини тўлиқ талаффуз этмасдан «ас-сому алайкум» ёки «солийкум», ёхуд «сом алайкум» каби қарғиш сўзлар билан салом берганларини ўзлари биладилар ёки билмасликлари мумкин. «Ас-сому алайкум» дегани: «Сизларга ўлим бўлсин» деганидир. Пайғамбаримизга шундай салом берилганда «Ва алайкум» деб қўйганлар.

Закариё ҲАФИЗУЛЛАЕВ

“Камолиддин Ориф ал Бухорий”

жомe масжиди имом хатиби

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР