Тавсия қиламиз

Ажойиб дуо.

Мақолалар access_time13-ноябрь, 16:19

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: Ҳазрат…

Онлайн

Мақолалар access_time23-сентябр, 15:09

Онлайн ЁМОН ГУМОНЛАРДАН ЎЗИНГИЗНИ АСРАНГ... «Ҳозиргина онлайн эдинг,…

“Мирза Юсуф” (бодомзор) жоме масжидида умумҳалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Масжид access_time12-март, 18:03

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши…

СИНОВ ВА ИМТИҲОНЛАР ҲАР КИМНИНГ БОШИДА БОР

access_time11-август, 17:13 visibility1672

Азизлар, мавзу бошида аввало «ғам-ташвиш», «хафалик», «қайғу» тушунчаларининг луғавий маъноси ҳақида маълумот бериб ўтсак.

«Ғам-ташвиш» – маҳзунлик ҳолати бўлиб, ҳали содир бўлмаган, лекин кутилаётган ишлар оқибати ҳақидаги хавотир бўлса, «хафалик» эса ўтган ишларни ўйлайверишдан ҳосил бўладиган дарддир. «Қайғу» инсон бошидан кечираётган мусибатлардир.  

  Инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло томонидан турли хил дард ва ғам- ташвишлар билан синалади. Инсоннинг бирор дардга чалиниши ёки бошига турли хил ташвишлар тушишининг сабаблари кўп. Улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларни қилиб юрган инсонларни огоҳлантириш, уларни ҳушёр торттириш ёки жазолаш учун юборилса, баъзилари эса мўмин инсонларга шунчаки синов тариқасида берилади.

  Аслида, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг адолатидан, бандаларига меҳрибонлигидан, шу синовлар орқали бандасининг даражасини кўтариш ва яна ажру мукофотлар  ҳам беришидан  далолатдир.

  Бошига турли синовлар тушган баъзи инсонлар Аллоҳ таолога юзланишни тарк қиладилар, ўз тақдирларидан норози бўлиб, бу ҳақда ҳаммага шикоят қиладилар. Лекин ўз қилган гуноҳларини тан олиб тавбага шошилиш, дуода бўлишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бундай ҳолатга тушиш бадбахтлик аломатидир.

  Бошқа бир инсонлар эса ундай пайтларда дарров ҳушёр тортиб, тавбага, истиғфорга шошиладилар. Уларнинг юзида ғам-ташвиш аломатлари намоён бўлса-да, тилларида Аллоҳдан шикоят қилиш, дилларида нафратланиш деган нарса бўлмайди. Аксинча, аввалгидан ҳам кўпроқ зикр ва ибодат билан машғул бўладилар. Бу ҳолат Аллоҳнинг ўша бандага муҳаббатининг зиёдалиги ва охиратда унинг даражасини юқори кўтаришининг аломатидир.

  Бу дунё ғам-ташвиш ва синовлардан холи эмасдир. Шундай экан, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон билан соғлик ва касаллик, хурсандчилик ва хафагарчилик, роҳат ва ғам-ташвиш бирга юради. Яъни, инсон ўзига жон ато этилганидан бошлаб токи ўша жони танасини тарк этгунича синовлар гирдобида, фақат сабр-тоқат билан ва машаққатда ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик» («Балад» сураси, 4-оят).

 Аллоҳ таоло дунё ҳаётини яратди ва уни ғам-ташвишлар, дард-аламлар, меҳнату машаққатлар ҳовлиси қилди. Шу фикримиз билан боғлиқ бир ҳадиси шарифни келтирамиз.

  Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (ерга) тўртбурчак шакл чизиб, унинг ўртасидан учини ташқарига чиқариб яна бир чизиқ чиздилар. Сўнг ана шу ўртадан ўтган чизиқнинг ёнига калта чизиқлар тортдилар-да: «Мана бу ўртадан ўтган чизиқнинг тўртбурчак ичидаги қисми инсондир. Уни ўраб турган тўртбурчак эса инсоннинг ажалидир. Ўртадан ўтган чизиқнинг ташқарига чиққан қисми инсоннинг орзу-умидларидир. Мана бу калта чизиқлар (ҳар хил) кўргиликлар бўлиб, буниси тегмай қолса, унисига йўлиқади. Унисидан қутулса, бунисига йўлиқади», дедилар  (Бухорий ривояти).  

  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйлардиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!»   («Анкабут» сураси, 2, 3- оятлар).

  Мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан турли синовлар ўзидан олдин ўтган пайғамбарлар ва солиҳ инсонларга ҳам етганини билса, кўнгли анча тасалли топади. Уларнинг ҳатто энг қаттиқ синовларга сабр қилишларидан ўрнак олиш инсонларнинг ўз ғам-ташвишларини енгишларида яхши сабоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, улардан кейин солиҳ зотлар, кейин уларга яқинлар, кейин уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳонга солинади, агар динида салобат бўлса, синови ҳам зиёда қилинади, агар динида енгиллик бўлса, синови ҳам енгил қилинади. Бандага синовлар келаверганидан, охир бориб ер юзида гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган бўлади» (Термизий ривояти).

  Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган зотлар, яъни пайғамбарлар, жумладан, Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом, Юсуф алайҳиссалом, Айюб ва Мусо алайҳиссаломга берилган қаттиқ синовлар ҳақида Қуръони каримдаги бир неча оятларда зикр қилинган.  

  Хусусан, Аллоҳ таолонинг энг суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай оғир синовлардан холи бўлмаганлар. Улар билан боғлиқ ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлим талвасасидаги оғриқлари кучайганида Фотима розияллоҳу анҳо: «Вой, отамни азият чулғаяпти», дедилар. Буни эшитган У зот алайҳиссалом: «Бу кундан кейин отангизга ғам, азият йўқдир», дедилар  (Бухорий ривояти).

  Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, У зот алайҳиссалом йигирма уч йиллик Нубувват (Пайғамбарлик) ҳаётларида кўп оғир кунларни бошдан кечирганлар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ўз Расулининг ҳаётини бошдан-оёқ беташвиш, қайғусиз, фаровон этиб қўйишга, шу дунёнинг ўзини у киши учун жаннатга айлантириб беришга ҳам қодир эди. Лекин булар Аллоҳнинг  хоҳиши билан бўлган ишлардир.

  Аллоҳ кимгадир иймон ва соғлик, кимгадир молу дунё, кимгадир солиҳ фарзандалар, кимгадир мансаб-мартаба ва яна кимгадир бошқа неъматлар бериб синайди. Худди шунингдек, кимгадир дард, кимгадир ноинсоф эр ёки хотин, кимгадир ноқобил фарзандлар ва яна кимнидир фарзандсиз қилиб синайди. Эҳтимол шу синов орқали Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилиб, ёмонликни ундан буриб юборгандир.  Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз». («Бақара» сураси, 216-оят).

  Шундай экан, мўмин инсон ўзига етган турли ғам-ташвишлар тагида бир ҳикмат борлигини ва унинг гуноҳларига каффорат ва даражалари кўтарилишига сабаб бўлишини билиши ҳам унга далда бўлади. Бу ҳақда Набий алайҳисссалом айтганларидек: «Бирор мусулмон кишига етган машаққат, касаллик, ғам-ташвиш, хафагарчилик, азият, ҳатто баданига кирган бир тикан сабабли ҳам, Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

  Баъзи бир синовлар банданинг Аллоҳга янада яқинлашишига сабаб бўлади. Ҳадисда айтилишича: «Нисо» сурасининг: "Кимки ёмонлик қилса, жазосини олур" ояти нозил бўлганда, кўп саҳобалар қийин аҳволда қолишган экан. Ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақида мурожаат қилиб:

 – Бу оятдан кейин ўзимизни қандай ислоҳ қиламиз, ҳар бир ёмонлик учун жазоланаверсак ҳолимиз не кечади? – дедилар.

 – Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Бакр. Ахир, касал бўлмайсизми, ғам-қайғу чекмайсизми, очликдан силлангиз қуримайдими?

– Албатта, шундай.

– Ўшалар сизларга берилган жазодир», – дедилар    (Ибн Ҳиббон ривояти).

  Бу ҳадис мазмунидан маълум бўлишича, мўмин инсоннинг умри давомида чеккан азоблари, касалликлари, бошдан кечирган ғам-ташвишлари ҳам қилган гуноҳларига каффорат бўлар экан.

  Фақиҳ Иброҳим ат-Тамимий айтдилар: «Бирор киши бу дунёда ғам-ташвишсиз бўлса, жаннат аҳлидан бўлмай қолишидан қўрқиб туришлиги лозим бўлади. Негаки, жаннат аҳлларининг жаннатга киришдаги биринчи сўзлари: «... Биздан (дунёдаги) ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин... дерлар»  («Фотир» сураси, 34-оят).

  Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис ҳам мавжуд бўлиб, унда шундай дейилади: Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийнинг бобосидан қилинган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ёзилган бўлса-ю, банда амали билан унга етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ёки молида, ёки боласида бало (мусибат)га гирифтор қилади. Сўнгра уни ана шунга, токи Аллоҳдан унинг учун ёзилган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», – дедилар»   (Абу Довуд ривояти).

  Демак, ғам-ташвиш, қайғу мусибат, турли касалликлар мўмин инсонга шунчаки синов, бало-офат эмас, мукофот экан, аслида. 

  Ҳақиқатан ҳам, ўзи ёқтирмаган бирор мусибатга дучор бўлган инсон, ҳадисда келганидек: «Қоддараллоҳу ва маа шаа' а фаъла» «Аллоҳнинг тақдир (ўлчов)и ва У (Ўзи) хоҳлаган ишни қилади», деб иймонида собит турса, сабрли бўлса, тақвосини кучайтириб, тавба-истиғфорда бардавом бўлса, унинг учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот эшиклари очилади, иншааллоҳ.

  Китобларда нақл қилинишича, Мусо алайҳиссалом: «Эй Раббим, мен сенга қаерда йўлиқаман?», деб сўраганларида, Аллоҳ таоло: «Сен менга ғам-ташвишдан кўнгиллари синиқ бўлганларнинг ҳузурида йўлиқасан», деб жавоб берди.

   Бу ердаги «кўнгиллари синиқ» дейилганда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бошларига ғам-ташвиш тушганда сабр қиладиган, бирор касалликка учраганда ёлғиз Аллоҳдан шифосини сўрайдиган ва унинг орқасидан эришадиган ажр-мукофотдан умид қиладиганлардир.

  Бу дунёнинг ҳақиқатини англаш, унинг вафоси оз, лаззатлари вақтинчалик  эканини, у ҳеч кимга абадий кулиб боқмаслигини, хурсандчилигидан хафагарчилиги кўпроқлигини, мўмин киши унда гўё бир маҳбус эканини билиш ҳам ғамларга яхши малҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Дунё мўминнинг зиндони ва кофирнинг жаннатидир» (Муслим ривояти).

  Мўмин киши фақат дунёдан ажралиш билангина ҳақиқий роҳатга эришиши мумкин. Бу борада Ҳасан Басрий шундай деганлар: «Мўминга фақат Аллоҳга йўлиққандагина роҳат бўлади».

 

Ғам-ташвиш билан имтиҳон қилинган вақтда мўмин инсон  амал қилиши керак бўлган ишлар ҳақида уламолар шундай кўрсатмалар берадилар:

1. Аллоҳ таоло тарафидан турли синовлар берилганда ва имтиҳон қилинганда банда Унинг Ўзига юзланиши, Ўзидангина мадад сўраши ва улар орқали  Унинг ажр-мукофатига эришишдан умидвор бўлиши керак.

2. Худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек нафл намозига шошилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Сабр (қилиш) ва намоз (ўқиш) билан (Мендан) ёрдам сўранглар!»  («Бақара» сураси, 45-оят)

3. Қуръони Карим тиловатида бўлиш. Зеро, Аллоҳнинг каломи нажотдир, шифодир.

4. Аллоҳ таоло юборган мусибат, ташвиш, синовларга сабр қилиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бандаларига шундай марҳамат қилади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад!) Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», дейдилар» («Бақара» сураси, 155 – 156‑оятлар).

5. Дунё ва охират ишларида кўмак берадиган содиқ, вафодор дўст орттириши.

Чунки, мусулмон мусулмоннинг биродари бўлиб, ғам-ташвишларига шерик ва ҳамдард бўлади. Набий алайҳиссалом бу ҳақда: «Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино  кабидир» деганлар (Бухорий ривояти).

6. Ғам-ташвишлардан қутилиш восталариларидан яна бир тақводир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ким Аллоҳга тақво қилса, (яъни У зотдан қўрқса) У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни пайдо қилур»  («Талоқ» сураси, 2-оят).

7. Ғам-ташвиш, турли мусибатлар орқасида албатта бир ҳикмат борлигини англаш.

8. Ташвиш ва хафаликдан қутилишнинг яна бир чораси дуодир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қайғу-ғам келганда кўп дуо қилар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қай бир банда ўзига ғам-ташвиш етганида: «Аллоҳумма! Инний ъабдук, вабну ъабдик, вабну аматик, наасиятий би ядик, маадин фийя ҳукмук, адлун фийя қазооук, ас-алука би куллисмин ҳува лак, саммайта биҳи нафсак, ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқик, ав анзалтаҳу фий китаабик, ав истаъсарта биҳи фий илмил ғойби ъиндак, ъан тажъалал Қуръана робийъа қолбий, ва нууро содрий, ва жалааъа ҳузний, ва заҳааба ҳаммий» , яъни:

«Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Қазо (амр-ҳукминг) менинг устимда адолатдир. Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайман. У исм билан Ўзингни номлаган эдинг ёки Китобингда нозил қилган эдинг ёки уни бирон бандангга билдиргандинг ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйган эдинг. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, маҳзунлигимни кетказувчи ва ғам-ташвишимни аритгувчи қилгин» деса, албатта Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвиши ва маҳзунлигини кетказади ва ўрнига шодликни алиштириб беради». (Саҳобалар): «Ё Расулуллоҳ, бу дуони ўрганиб олсак бўлар экан», дейишганида: «Ҳа, уни эшитган киши ўрганиб олиши лозим», деганлар.   (Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Изоҳ: Муфассир уламолар ушбу дуони қуйидагича шарҳлайдилар: "Мен сенинг қулингман! Қулингнинг ўғлиман. Чўрингнинг ўғлиман!" – дейиш билан, банда ўзининг ҳақиқий қул эканлигини эътироф этишидир. Чунки, нафақат ўзи, балки ота ва онасининг ҳам қуллар эканлигини, ўзининг эса ўша қулларнинг фарзанди эканлигини тан олаяпти, албатта бу ўта ҳокисорликдир. "Пешонам сенинг қўлингдадир!" – дегани, ҳукминг менинг устимда жорийдир, деган маъжозий маънони англатади. "Менинг устимда қилган қазоинг адолатдир", яъни адолат Сенинг сифатинг бўлганлиги учун, фақатгина адолат билан ҳукм қиласан. Адолатнинг асл маъноси эса ҳар нарсани ўз ўрнига қўймоқдир. Зулм эса унинг зидди бўлиб, қўйиш лозим бўлган ўриндан бошқа ўринга қўймоқдир. Дуонинг охирида эса Аллоҳ таолонинг исмларини васила қилиб ҳожатини сўрайди. У исмлар билан Аллоҳ таоло Ўзини ўзи номлаганми ёки китобида нозил қилганми ёки қайсидир Пайғамбарига ёки бандаларидан кимгадир билдирганми ёки ҳеч кимга билдирмай, уни ғайб илмида сақлайдими, хуллас барча исмлари васила қилинади. Шунингдек, Қуръон тиловати  банданинг қалбига баҳор каби кириб, уни шоду хуррам қилади ва ғаму ғуссалардан қутқаради. Қалбнинг нурафшон бўлиши ҳам унинг ёзилишига боғлиқдир. Кейин эса Аллоҳдан бутун хафагарчилигини кетказишини сўрайди.

  Ушбу мавзу юзасидан оят ва ҳадисларда келтирилган ва муфассир уламолар томонидан берилган шархлар ва шахсий фикрларимиз асосида мухтасар маълумот беришга ҳаракат қилдик.

  Энди бу мавзуни ҳозирги замонамизга боғлаб фикр юритсак. Ҳозирги тинч ва тўкин-сочин замонамизда оиласи, фарзандлари, топиш-тутиши ва оиласининг таъминоти юзасидан бошига бирор ғам-ташвиш ёки синов келганда, инсонлар қандай йўл тутаяпдилар?  

   Афсуски, бундай вазиятларда борига шукр қилиб, ақл-идрок ва сабр-тоқат билан бошга тушган синовларни енгиш, кўпроқ Аллоҳ таолога юзланиб паноҳ сўраш ва ибодат қилиш ўрнига, турли енгил йўллар билан ўзини хароб қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

   Жумладан, ичкилик, ёки гиёҳвандликка берилиш, ҳаром пул топиш йўлига ўтиб, бу йўлда ҳатто фирбгарлик ёки товламачилик қилиш, бировнинг ҳаққидан қўрқмаслик, омонатига хиёнат қилиш кабилар кенг тарқалмоқда.  

   Наҳотки ўтмишдаги аждодларимизнинг бундай вазиятларда тутган йўлларидан ибрат олиш ўрнига, ўзимиз учун енгил туюлган нотуғри йўлдан юриб, унинг оқибатлари ҳақида ўйламай катта гуноҳларга йўл қўйсак?!

  Мавзу юзасидан сизга илинган фикр-мулоҳазаларимиз ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриб ва ҳозирги ҳаётимизда гувоҳ бўлаётган аянчли ҳолатлардан сабоқ олиб, улардан тўғри хулоса чиқариш сиз азизларнинг ўзингизга ҳавола.

   Аллоҳ таолодан ғамлардан паноҳ беришини, қалбларимиздан ташвишларни аритишини, ишларимизни осонлаштиришини, аҳволимизни ислоҳ қилишини сўраймиз.

   Эй Раббимиз! Бизларни яхшиликларга муваффақ эт, ёмонликлардан Ўзинг асра, бандаларингга бирон синов истасанг, бизларни фитналанмаган ва шарманда бўлмаган ҳолда жонимизни ол!

   Аллоҳим, пайғамбаримизга у зотнинг аҳлу оилалари ва асҳобларига бизлардан салавоту саломлар йўлла!

  Дониёр Файз

@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР