Тавсия қиламиз

2018 йилнинг 28 апрел шанба куни Косонсой қурилиш ва уй жой коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежида

Мақолалар access_time28-апрел, 22:45

2018 йилнинг 28 апрел шанба куни Косонсой қурилиш ва уй жой коммунал хўжалик…

Ўзингизни Қуръони Карим билан даволанг

Мақолалар access_time18-июнь 2017, 20:08

Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), кўксингиздаги нарсага…

Eтимга яхшилик қилиш

Мақолалар access_time12-август 2017, 11:45

Eтимга яхшилик қилиш  Eтимга яхшилик қилиш энг улуғ фазилатлардан экан,…

ИСТИҚЛОЛ ЙИЛЛАРИДАГИ ҲАЖ ВА УМРА ИБОДАТЛАРИ

access_time31-август 2017, 11:05 visibility353

ИСТИҚЛОЛ ЙИЛЛАРИДАГИ ҲАЖ ВА УМРА ИБОДАТЛАРИ

Маълумки, ҳаж ибодати Исломнинг беш устунидан бири бўлиб, муайян шарт-шароитларга эга бўлган мўмин-мусулмон учун умрида бир марта адо этиладиган фарз амалдир. Фиқҳ китобларимизда кишига ҳаж фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши таъкидланган: мусулмон бўлиш, балоғатга етган бўлиш, оқил бўлиш, йўл харажатларига қодир бўлиш, соғ-саломат бўлиш, йўлнинг хавф-хатардан омонликда бўлиши ҳамда аёл кишига алоҳида маҳрамнинг ҳамроҳ бўлиши.

Кимда ушбу шартлар топилмаса, унга ҳаж фарз бўлмайди. Бу шартлар мавжуд бўлган одам эса тезлик билан ҳаж қилмоғи лозим бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақидаги оятда шундай дейилган:

“Йўлга қодир бўлганларнинг зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Гарчанд оятда йўлга қодир бўлиш шарт қилинган бўлса-да, тафсир китобларда ҳажга бориб келгунча бажариш лозим бўладиган шарт- шароитлар ҳам зикр қилинган. Бу эса ҳаж қилмоқчи бўлган одам юқорида санаб ўтилган барча имкониятларга эга бўлиши, шунингдек, шароит ҳам ҳажни осонлаштирадиган ҳолда бўлиши керак деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Йўлга қодир бўлиш нима?» деб сўрашганда, у зот: «Йўл учун етарли маблағ ҳамда улов», деб жавоб берганлар. Маълум бўладики, ҳаж ва умра ҳам молиявий, ҳам баданий ибодатдир.

Ҳаж ибодати Ислом арконларининг бешинчиси, яъни сўнггисидир. Бу ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, ҳаж амалларини бажаришни истаган киши аввалги арконларни ҳам адо этиб келаётган бўлиши, ўзининг гўзал хулқу одоби билан атрофдагиларга намуна бўладиган, қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқадиган инсон бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

«Бас, ким шу (ҳаж) ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Аммо энг яхши озуқа эса тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй оқиллар!» (Бақара сураси, 197-оят).

Ана шундай илоҳий кўрсатмаларга риоя қилиб, пок ният билан, эзгу мақсадлар билан адо этилган ҳаж ибодатига бу дунёда бериладиган энг улуғ мукофотлардан бири гуноҳлардан тўлиқ покланишдир. Ҳажнинг у дунёда бериладиган мукофоти ҳақида эса Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳаж сафарини ихтиёр этган ҳар бир киши қалбига пок эзгу ниятларни жо этиб, бу дунёнинг роҳат-фароғати, мол-мулки, ғам-қайғусидан воз кечиб, чин қуллик либосида Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат этишга чоғлансин. Ана шундагина қилган ибодати Аллоҳ таъолонинг ҳузурида мақбул бўлғусидур, иншааллоҳ.

Ҳажга кетаётган инсон қайсидир бир оиланинг аъзоси, қайсидир бир қишлоқ ёки шаҳарнинг аҳли, маълум бир мамлакатнинг фуқароси сифатида боради. Шундай экан, ҳар бир юртдошимиз ҳаж амалларини қандай бажариши, ибодатлари, кундалик юриш-туриши, ўзини тутиши, ҳаж арконларини тўлиқ адо этиши билан Ватанининг обрў-эътибори зиёда бўлишига ҳисса қўшган бўлади. Ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанга қайтгач эса, қолган ҳаётини ҳожи деган улуғ, муборак номга муносиб ҳолда, иймон-эътиқод билан, меҳр-мурувват билан, силаи раҳм, хайру саховат билан, бор-йўғини хайрли ва савобли ишларга бахшида этиб яшаши лозим бўлади

Ислом арконларининг бешинчиси, энг сўнггиси бўлмиш ҳаж ибодати ўзининг буюк фазилатлари билан бошқаларидан ажралиб туради. Бунинг сабабларидан бири шуки, ҳажнинг рукнлари махсус макон, яъни Қуръон нозил бўлган маконларда, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қадамлари етган улуғ заминда адо этилади. Бинобарин, ҳаж амалларини бажаришга ният қилган киши Ислом динининг барча кўрсатмаларига амал қиладиган, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқадиган, атрофидагиларга ўзининг гўзал хулқу одоби билан намуна бўладиган инсон бўлиши лозим. Шунга кўра, ҳажни ният қилиб эҳромга кирган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Кимки Аллоҳ учун ҳаж қилса ва ҳаж давомида уят, фаҳш ва аёлга яқинлик қилишга оид сўзларни айтмаса, бирор кимса билан тортишиб, жанжаллашмаса ва сўкишмаса, уйига онасидан туғилган янги чақалоқдек бегуноҳ бўлиб қайтади».

Имом Бухорий ривояти.

Демак, ҳажнинг қабул бўлиш шартларидан бири одоб-ахлоқ экан. Шуни унутмаслик керакки, ҳаж ибодати кўпроқ жисмоний саъй-ҳаракат билан адо этиладиган ибодатдир. Бунда ҳожилар Каъбаи Муаззамани тавоф қилиш, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилиш, Жамаротда тош отиш, Арафот ва Мино водийларида бўлиш каби машаққатли вазифаларни адо этадилар. Бундай ҳолатда ҳожидан улкан сабр-бардош талаб этилади. Шу амаллар мобайнида ҳожи бетоқат бўлиб, оғзидан бирор марта «уф, чарчадим» деган гап чиқса, барча сарф-харажатлари ҳавога учиб, бажарган амаллари ҳабата бўлиб қолиши мумкин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳнинг шиорлари бўлмиш мазкур маконларнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, у ерлардаги ибодатларни мукаммал адо этса, бу унинг қалбининг тақвосидандир».

Ҳаж амалини тўлиқ адо этган шахс бу қадар улуғ мақомга сазовор бўлар экан, умрининг қолган қисмини ҳам ҳажнинг ҳурматини кетказмай, шу мақомга муносиб равишда ўтказмоғи лозим бўлади.

Ҳаж ибодатиниг яна бир муҳим жиҳатларидан бири шуки, у бандага Аллоҳга яқин бўлиш учун берилган буюк имкониятдир. Ҳажга ният қилган киши оиласидан йироқда бўлади, соғлиғини, мол-мулкини хатарга қўяди, йўл машаққатларини бўйнига олиб ҳажга отланади. Шундай экан, ҳаж нияти билан йўлга чиққан банда умрида бир бўладиган ушбу муборак сафарни, ҳаётининг энг сермазмун онларини ғанимат билмоғи, кўпроқ вақтини ибодатга ажратмоғи лозим. Макка ва Мадина кўчаларидаги тўкинлик, кўзни қамаштирадиган турли ноёб мол-мулклар уни сеҳрлаб қўймасин. Аксинча, унга ер юзининг ҳеч қаерида топилмайдиган буюк амаллар доимий ҳамроҳ бўлиши керак. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз истиқлолга эришгандан буён Ватанимиздан ҳаж сафарига бораётган ҳожилар бу масалада катта имкониятларга эгадирлар. Юртимизда ҳаж ва умра сафарларини ташкил қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ўзбекистонлик ҳожилар учун йўл ҳужжатларини расмийлаштириш, сафар харажатларини тўлаш, меҳмонхонага жойлашиш, овқатланиш, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча муаммолар бартараф қилинган. Бу борада ҳукуматимизнинг беқиёс кўмагини алоҳида эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Давлатмиз раҳбари фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, жумладан, уларнинг муборак ҳаж амалларини адо этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида мунтазам ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Муборак ҳаж зиёратига борувчиларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қарори ана шу эзгу мақсадларга қаратилган. Бунда Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон ҳаво йўллари ва бошқа кўпгина мутасадди ташкилотлар беғараз ёрдамлари билан яқиндан кўмак бермоқдалар.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг сўнгги дини бўлмиш Исломнинг бешинчи фарзи – ҳаж ибодатини бекаму кўст адо этишни насиб айласин, бу хайрли ишга бош-қош бўлаётган барча азизларимизни улкан ажру савоблар билан мукофотласин, омин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

@mehrob.uz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР