Тавсия қиламиз

Чиройли хулқ - инсоний фазилат

Мақолалар access_time13-август, 10:45

Чиройли хулқ - инсоний фазилат Инсоннинг ҳурмат қозониши, кишилар ўртасида…

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ВАКИЛИ 

Янгиликлар access_time21-июнь, 02:46

2017 йил 20 июнь куни Сурхондарё вилоятида имом-хатиблар йиғилиши бўлиб…

"Мирза Юсуф" жоме масжидида Қуръони карим хатмонаси

Янгиликлар access_time21-июнь, 17:51

Бугун қадр кечаси "Мирза Юсуф" жоме масжидида Қуръони карим хатмонаси…

«ОНАСИ ТЎЙГА КЕТСА...»

access_time6-сентябр, 16:01 visibility377

Яратганга беадад шукурлар бўлсин, замонамиз тинч, юртимиз фаровон, дас¬турхонлар тўкин-сочин. Бозорларимиз ноз-неъматларга тўла. Тўю тантана, байрамларда шоҳона дастурхонлар тузаймиз. Аммо негадир одамлар қоринлари тўқ бўлса-да, назари оч бўлиб бораётгандай. Эътибор қилсангиз, айрим давраларда хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, кексаю ёш фақат таомдан гапиради. Кеча қанақа тансиқ таом егани, меҳмондорчилик қандай ўтгани ҳақида мақтанади. Китоб ёки газета ўқигани ҳақида умуман гапирмайди.
...Тўйга кундузи соат ўн иккига чақирил¬ган эдик. Биз – қўшни аёллар бир стол атрофига ўтирдик. Удумга кўра, тўй бошловчиси “дастурхон очиқ” деб эълон қилгач, меҳмондорчилик бошланарди. Аммо аёллар мулозаматни кутиб ўтиришмади. Худога шукр, дастурхонда ҳамма нарса бор: салатлар, пишириқлар, сомса, ширинлик¬лар, бодом, шўрданак, писта, яхна гўшт, товуқ гўшти, тандир гўшти, ҳўл мевалар… Меҳмонлар гўё неча кунлаб оч қолиб кетган одамлардек ташланишди. Ёнимиздаги стол ҳам ноз-неъматларга тўла, фақат ҳали ҳеч ким ўтирмаган эди. Ўз столини бўшатганлар қўшни столдаги егуликларни олдига ташиб олишлари жуда хунук кўринаркан. Суюқ, қуюқ таомлар келди, идишлар бўшатиб қайтарилди.
Айримлар қоринларига еганлари етмагандай, конфетлардан чўнтакларига, сумкаларига солишди, “кичкинамга бераман” деб. Хаёлдан беихтиёр: “Ўша кичкина ҳам ҳозирдан кўзи оч бўлиб қолади-ку. Онаси тўйга кетса, бирон ширинлик олиб келади, деган хаёл билан яшашга ўрганади”, деган фикр ўтади.
Француз ёзувчиси, профессор Марсель Брион Султония шаҳри епископининг Амир Темур Кўрагон билан суҳбатлари ҳақидаги эсдалик ёзувларини Франция Миллий кутубхонасидан топган. Унда шундай сатрлар бор:
“...Темурбек ислом дини арконларига қатъий амал қилади. Ҳар куни канда қилмай беш вақт намозни адо этади. Рамазон ойи рўза тутади. Мен унинг шароб ичганини кўрмадим.
...Темурбек ерда ўтириб таомланади, ерга тўшама солиб ётади, унинг столда ўтириб овқатланадиган одати йўқ. Таомномаси асосан гуручли овқатлар, от сутидан тайёрланган қатиқ, ёқтирган ичимликлари сирасига яна от сути, асал шарбати киради...”
Амир Темур Озарбойжоннинг Ардабил шаҳрига борганда, одатига кўра, у ернинг шайхи билан суҳбат қилади. Жумладан, бундай мулоқот бўлиб ўтади:
«...Мен дедим: “Эшитдимки, сен хонақо муршиди – бу ердаги одамларнинг диний раҳнамоси экансан, айт-чи, одамларга нималарни ўргатасан?”
Хонақо муршиди жавоб қилди: “Эй Амир, инсоннинг қалби ҳеч қачон ҳеч нарсадан қониқмайди. Бори билан қаноатланмайди ҳам. Масалан, тинимсиз еган одам ҳеч қачон тўйдим, демайди. Лаззатга майл қўйса, яна ва яна хоҳлайверади. Бу эса жуда кўп кулфатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Мен одамларга эҳтиросларини жиловлашни ўргатаман. Аввало, кам ейишни тавсия этаман. Оз еган одам оз ухлайди. Йўқчиликка чидамли бўлади. Ўткинчи ¬дунё ҳою ҳавасларига берилмайди. Ҳашам ва лаззатбахш ишларга муккасидан кетмайди”.
Мен дедим: “Офарин сенга, эй меҳрибон одам! Мен ўз ҳаётий тажрибамдан биламан бу ҳақиқатни. Мен ҳамиша оз ухлаб, кўп ишламоқчи бўлсам, кам ейман...”»
Бу фикрлар изоҳга, тўлдиришга муҳтож эмас. Ҳар биримиз Ҳақ ризоси учун яшаймиз. Уни топмоқ учун нафсимиз – қорнимизни эмас, қалбимизни озиқлантирайлик. Пай¬ғам¬баримиз (сол-лаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада берган таълимларини замонавий тиббиёт ҳам такрорлайди, таъкидлайди: қорин тўймасдан туриб овқатланишни тўхтатмоқ керак. Шифокор олимларнинг аниқлашича, инсон вужуди жисмоний меҳнатдан эмас, овқатни ҳазм қилишдан чарчаб, кўп қувват йўқотар экан. Келинг, танамизга, руҳимизга озор етказмайлик.

“ҲИДОЯТ” журналидан олинди.
@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР