Тавсия қиламиз

РИЁКОР ҚОРИЛАР ҚИСМАТИ

Мақолалар access_time3-август 2017, 15:15

Ўзини одамларга кўз-кўз қилиш, улардан мақтов эшитиш пайида бўлиш риёдир.…

БИЛАСИЗМИ:Мия - инсоннинг энг мураккаб...

Биласизми access_time1-июль 2017, 12:06

  Мия - инсоннинг энг мураккаб ва энг кам ўрганилган тана аъзоси. Биз…

Маънавий жиноятларнинг хатари 

Мақолалар access_time15-январ, 16:04

Бугун, ҳижрий 1439 йил Робиъус-саний ойининг 24 кунидаги жумъа мавъизамиз…

МАЪСИЯТДАН ТЎХТАШГА ЁРДАМ   

access_time11-сентябр 2017, 13:02 visibility583

 Бир киши Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига келиб: 
 – Эй Абу Исҳоқ, нафсим ҳаддидан ошиб кетди, гуноҳ ишлар қилиб қўйяпман, сизда нафсимни гуноҳ-маъсиятлардан тўхтатадиган бирор нима борми? – деди. Иброҳим: 
 – Агар мендан бешта хислатни қабул қилсанг ва уларни бажара олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бера олмайди, – деди. У: 
 – Айтинг, эй Абу Исҳоқ, – деди. Шунда Иброҳим: 
 – Биринчиси: Агар Аллоҳ азза ва жаллага осий бўлмоқчи бўлсанг, Унинг ризқини емагин, – деди. У: 
 –Унда ризқни қаердан оламан, ахир, Ер юзидаги барча нарса Унинг ризқидан-ку! – деди. Иброҳим: 
 – Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! – деди. У: 
 – Йўқ, иккинчиси айтинг, – деди. Иброҳим: 
 – Агар Унга осий бўлмоқчи бўлсанг, Унинг ерида истиқомат қилма, – деди. У: 
 – Эй Иброҳим, буниси аввалгисидан ҳам қийинроқ-ку! Ахир машриқу-мағриб ва булар орасидаги ҳамма жой Уники бўлса, унда мен қаерда яшайман? – деди. Иброҳим: 
 – Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, Унинг ерида яшаб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! – деди. У: 
 – Йўқ, учинчисини айтинг, – деди. Иброҳим: 
 – Агар Унга осий бўлмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойни топиб, шу ерда гуноҳ қилгин, – деди. У: 
 – Эй Иброҳим, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Ахир У зот барча сирлардан хабардор, қалбдаги яширин нарсаларни ҳам билади-ку, Унга бирор нарса махфий эмас-ку! – деди. Иброҳим: 
 – Эй биродар, ўйлаб кўр, Унинг берган ризқидан еб турган бўлсанг, Унинг ерида яшаб турган бўлсанг ва яна У сени кузатиб турган бўлса, Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! – деди. У: 
 – Йўқ, тўртинчисини айтинг, – деди. Иброҳим: 
 – Агар жонингни олиш учун ўлим фариштаси келса, сен унга: «Кечиктириб тур, тавба қилиб олай», дегин, – деди. У: 
 – Ўлим фариштаси менинг бу гапимни қабул қилмайди, – деди. Иброҳим: 
 – Агар ўлимнинг кечикмасдан, тўсатдан келишини билсанг ва тавба қилиб олиш учун уни ортга суришга имконинг бўлмаса, қутилиб қолишни қандай умид қиласан?! – деди. У: 
 – Бешинчисини ҳам айтинг, – деди. Иброҳим: 
– Агар Қиёмат куни сени дўзахга олиб кетиш учун забониялар (яъни, азобловчи фаришталар) келишса, улар билан бормагин, –деди. У: 
 – Улар бунга кўнмайдилар-ку! – деди. Шунда Иброҳим: 
Ундай бўлса, қандай қилиб нажотдан умид қиласан?! – деди. У: 
 – Эй Иброҳим, етарли бўлди, менга шу кифоя, энди Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан, – деди.

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Каналга уланиш учун линкни устига босинг!

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР