Тавсия қиламиз

Имоми Аъзам ва тақво

Мақолалар access_time4-апрел 2017, 18:06

Мазҳаббошимиз тақво борасида барча мусулмонларга ўрнак бўла оладиган ҳаёт…

ҚУРЪОННИНГ УЧДАН БИРИГА ТЕНГ СУРА

Мақолалар access_time5-август 2017, 12:28

 Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг…

Азизлар хушҳабар!

Янгиликлар access_time15-март 2017, 17:10

Азизлар хушҳабар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Юнусобод…

Ҳалол касб

access_time20-сентябр 2017, 13:59 visibility787

Ислом ақийдасига кўра ризқ ҳалол ва ҳаромга бўлинади, биродарлар. Инсон ҳаром ризқ учун гуноҳкор бўлади, дунёда ҳам, қиёматда ҳам бунинг учун жавоб беради. Ҳалол ризқдан эса баҳраманд бўлиш билан бирга савобга ҳам қолади. Ризқ ҳалол бўлиши учун унинг ўзи ҳам, уни топиш йўли ҳам ҳалол бўлиши шарт қилинган. Шунинг учун бутун инсониятга йўлбошчи бўлиб юборилган барча пайғамбарлар касб-ҳунар қилганлар. Ҳазрати Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача ўтган барча пайғамбарларнинг ҳалол касблари бўлган. Бу ҳақда ҳаммамиз ўқиганмиз.  
Масалан, Иброҳим алайҳиссалом газмол сотганлар, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор бўлганлар, Идрис алайҳиссалом хаттот бўлганлар, Довуд алайҳиссалом эса темирчи бўлганлар. У зот темирга ишлов беришни йўлга қўйганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида чўпонлик қилганлар, кейин савдогар бўлганлар. Кўриниб турибдики, инсонларни тўғри йўлга чорлаган зотлар, инсониятнинг энг афзали бўлган зотлар ҳам ҳалол меҳнат, ҳалол касб эвазига ҳаёт кечирганлар.  
Энг севиб истеъмол қилинадиган таом, энг ширин нон – бу инсоннинг ўз пешона тери билан топган нонидир, дунёда ундан-да ширин, ундан-да лаззатли нон бўлмаса керак!  
Имом Муслимдан ривоят қилинади:  
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг Ўзи покдир ва покнигина қабул қиладир», деганлар.  
Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарларига буюрган нарсасини барча мўминларга ҳам буюрди.  
Аллоҳ таоло пайғамбарларга шундай хитоб қилади:  
«Эй пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар» (Мўминун сураси, 51-оят).  
«Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсаларимиздан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар» (Бақара сураси, 172-оят).  
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишининг мисолини келтириб айтдилар:  «Узоқ ҳаж сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, «Эй Роббим, эй Роббим», дейди, дуо қилади, ваҳоланки егани ҳам ҳаром, ичгани ҳам ҳаром, кийгани ҳам ҳаром, ҳаромдан озиқланган… Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?!».  
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу борада Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга айтган насиҳатлари бор: «Эй Саъд, таоминг ҳалол бўлишига эътибор бергин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан».  
Имом Табароний бошқа бир ҳадисни ривоят қиладилар: 
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқма ташласа, унинг қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси бир банданинг жисми ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир». 
Демак, ҳаромдан ўсган жасад дўзахга ўтин бўлишдан бошқа нарсага ярамайди. Аллоҳ асрасин! 
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир», дедилар.  
Имом Байҳақий бу ҳадисни «Шаъбул-иймон» китобида келтирганлар.  
Имом Муҳаммад илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.  
Ҳаром касб қилган одам шу ишни қилганига ҳам жавоб беради, ўша ҳаромдан ўзи еганига ҳам, бошқаларнинг ейишига сабаб бўлганига ҳам, бунинг оқибатида амаллари қабул бўлмай қолганига ҳам, шу аҳволга ўз ихтиёри билан тушганига ҳам жавоб беради. Шунинг учун кимки ҳалол касб қилса, каттами, кичикми, оддийми, мураккабми ҳалол йўл билан ризқ топса, шиори ҳалоллик бўлса, олий саодатга эришибди. Зеро, инсон айнан мана шу нарсага буюрилган. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ
@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР