Тавсия қиламиз

Қалбнинг моҳияти нимадан иборат?

Мақолалар access_time12-сентябр, 14:48

Бу ўта ҳассос мавзуни яхшилаб тушуниб олиш ҳар бир инсон учун жуда ҳам муҳимдир.…

ЕТТИ МЎЪЖИЗА

Мақолалар access_time25-июль, 10:25

Бир мактабда “Дунёнинг етти мўъжизаси” мавзусида дарс ташкил…

НИКОҲ ТЎЙИНИ ҚИЛИШ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

Мақолалар access_time14-ноябрь, 10:27

НИКОҲ ТЎЙИНИ ҚИЛИШ КИМНИНГ ЗИММАСИДА? Авваллари бу савол ўртага ташланмаган,…

МЕН СИЗДАН КЎРГАН ФОЙДА СИЗ МЕНДАН КЎРГАН ФОЙДАДАН КЎПРОҚДИР

access_time20-ноябрь, 14:44 visibility807

Илму маърифат инсонни қанчалик юксакликка кўтарса, дину диёнат, чин эътиқод соҳиби бўлиш, шунга интилиш ҳам кишини саодатга етаклайди.

Бугун улкан мамнуният билан айтишимиз лозимки, мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Фарзандларимизнинг таълим ва тарбияси, дунёқараши, юриш-туришига нафақат ота-она, мактаб, маҳалла, шу билан бирга кенг жамоатчилик вакиллари ҳам бирдек масъулмиз. Бу борада, айниқса, муқаддас ислом дини моҳиятини теран англаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш, ота-боболаримизнинг шану шавкатига муносиб бўлишга ҳаракат қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш кўзда тутилган. Буларнинг бари фақат эзгуликка, яхшиликка хизмат қилиши муқаррар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон — буюк алломалар юрти. Табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, фозилу фузалоларнинг номини бутун дунёда яхши билишади. Бобокалонларимиз билан нафақат фахрланиш, балки уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бурчимиздир. Бинобарин, Президентимизнинг ушбу масалага юксак эътибор қаратишлари ҳар биримизга ўрнак бўлмоғи лозим. Мустақилликдан аввал бутун умрини дину диёнатга бахшида этган бобокалонларимиз номи кўпчилик билмас эди. Илму тафаккури билан жаҳонга машҳур муҳаддислар, астрономлар, табибларимиз борлигини билганлар ҳам улар ҳақида лом-мим деёлмасдик. Эътибор беринг: тўққизинчи асрда дунёга машҳур олти нафар муҳаддис ўтган бўлса, шулардан уч нафари юртимизда туғилган, камолга етган. Булар Имом ал-Бухорий, Имом ал-Доримий, Имом ат-Термизийдир. Ўша давр эса ҳадисшуносликнинг “Олтин даври” деб эътироф этилишида ана шу аждодларимизнинг хизмати беқиёс аҳамиятга эга.

Шунинг учун ҳам бугун хорижлик мутахассислар давлатимиз раҳбарининг алломалар меросини ўрганишга қаратаётган эзгу ишларини ҳам ана шу олтин даврнинг қайтишига менгзаяптилар. Бундай эҳтиром ёшларимиз орасидан Бухорийлар, Фарғонийлар, Замахшарийлар, Ибн Синолар, Берунийлар, Хоразмийлар етишиб чиқишига улкан замин яратиши, шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб аталиши барча қатори, биз имом хатибларни ҳам кўпроқ одамлар орасида бўлишдек эзгу ишларга даъват этаяпти. Турли таълим муассаларида бўлганимизда ёшларга бугунги ҳаётимизда рўй бераётган маънавий ислоҳотлар ҳақида гапириб бераяпмиз. Яқинда бир мактаб ўқувчиси: “Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг тарихий учрашуви ҳақида гапирганларини эшитиб жуда таъсирландим. Ўша воқеани айтиб берсангиз” деб қолди.

Очиғи, бу таклиф бизни беҳад қувонтирди. Негаки, ўғил-қизларимиз ҳеч нарсага бефарқ эмас. Ёшлар тарбияси, эртанги истиқбол, ёши улуғларга, устозларга эҳтиром ҳақида гап кетганда, бу ривоятни бот-бот тилга олсак арзийди, албатта. Яъни, 864 йилда Нишопур шаҳрида тарихий бир воқеа юз беради: қирқ йиллик хориж сафарларидан юртига қайтаётган Имом Бухорий ва Нишопурдаги олти улуғ муҳаддиснинг яна бири — Имом Муслим сафига Имом Термизий ҳам қўшилади. Уч буюк муҳаддиснинг бу тарихий учрашуви, маънавий қувватларнинг бирлашуви, мана, ўн икки асрдан буён ислом олами учун энг ишончли манбалар сифатида эзгуликка ва инсон камолотига хизмат қилаётган саҳиҳ ҳадислар тўпламларининг яратилишида беқиёс омил бўлган.

Абу Исо ат-Термизий Имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош бўлиб, янада камол топади. Бир неча йиллик самарали илмий ҳамкорлик, аввало, уларнинг ўзига, қолаверса, халқимизга, ислом оламига, умуман, бутун инсониятга фойдали бўлди. Имом Бухорий шогирдининг мукаммал илми, маънавий салоҳияти ва бошқа кўплаб фазилатларига шундай юксак баҳо берган: “Мен Сиздан кўрган фойда Сиз мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”. Ўз навбатида, Имом Термизий ҳам бир умр устозига жуда юксак ҳурмат ва садоқатда яшаб ўтган. Айрим манбаларда келтирилишича, у айнан буюк устози вафотидан сўнг жуда оғир ғам-қайғу ва изтироблар туфайли кўзи ожиз бўлиб қолган.

Тарихимизда бундай ибратли воқелар, таъсирли ҳикоялар жуда кўп. Азиз-авлиёлар, улуғ муҳаддислар ҳаётига мансуб бу сингари лавҳалардан ибрат олиш эса инсонни фақат комилликка элтади. Бинобарин, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ҳамда шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни, илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини янада кучайтиришдан иборат. Бу эса уларнинг ислом қадриятлари ҳамда маданиятини тўғри англаши, турли ақида масалаларида йўлдан озмаслигида ҳам катта аҳамиятга эга.

Садриддин АБДУРАШИДОВ,

Олмазор тумани бош имом-хатиби

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР