Тавсия қиламиз

Тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даражалари.

Мақолалар access_time4-феврал, 17:48

Уламоларимиз тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даражаларга…

ЗАКОТ ҚАНДАЙ ИБОДАТ?

Мақолалар access_time12-июнь 2017, 18:28

"Закот" сўзи луғатда "поклик" ва "ўсиш" деган…

МЕҲР ҚЎРҒОНИНИНГ ФАЙЗУ БАРАКАСИ

Мақолалар access_time27-ноябрь 2017, 14:55

Президентимиз жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси…

Тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даражалари.

access_time4-феврал, 17:48 visibility606

Уламоларимиз тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даражаларга бўлиб чиққанлар.   
Биринчиси фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишдир. Бу иш фарздир. Инсон бу ишни қўйиб, бировларнинг ҳисобига кун кўришга, тиланчиликка ўтиб олса, бу иш унга асло ҳалол бўлмайди. Чунки мусулмон банданинг зиммасига ўзининг ва аҳли оиласининг нафақаси юклатилган. Шунинг учун мўмин инсон шунга ҳаракат қилиши, уларни етарли даражада таъминлайдиган даражада мол-мулк топиши фарздир.  
Иккинчи даража – мустаҳаб даража. Бу фақир-мискинларга, муҳтожларга ёрдам бериш, дўст-ёру яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида бироз мол-дунё орттиришга қилинган ҳаракатдир. Бунда ўзининг ва оиласининг эҳтиёжидан ортиб, бева-бечоралар, етим-есирларга эҳсон қилиш, ёр-дўстларга ёрдам қилиш мақсадида бироз мол-мулк тўпланади. Бу амал мустаҳабдир.  
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳга энг маҳбуб одам – одамларга энг кўп манфаати етадиган кишидир». 
Бошқа ривоятда «Аллоҳ таоло қайси бандага яхшиликни раво кўрса, унга бошқаларнинг иши тушадиган қилиб қўяди», дейилган. Аллоҳ насиб қилиб, бизга одамларнинг ҳожати тушадиган бўлиб қолса, буни малол олмаслигимиз, пешона тириштирмаслигимиз керак экан. Аксинча, бу Роббул оламин, Парвардигори олам бизни яхши кўраётганининг белгиси бўлади. Қўлимиздан келганча яхшилик қиламиз, ёрдам қиламиз, иши тушиб келган одамнинг ҳожатини раво қилишга интиламиз. Қўлимиздан келмаса, ҳеч бўлмаса ширин сўз билан, яхши муомала, хайрли дуоимиз билан муносабатимизни билдирамиз.  
Учинчи даража – мубоҳ даражадаги касбу кор билан шуғулланиш. Фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттириш мубоҳдир. Демак, динимизда бой-бадавлат бўлиш, тўкинчиликда яшаш мубоҳ экан. Шу мақсадда тижорат қилиш, касб-кор қилиш, хизмат кўрсатиш мубоҳ бўлиб, буни ҳеч ким чеклай ёки тақиқлай олмайди. Бунинг биргина шарти – бу бойликларга ҳалол йўл билан эришиш ва аслий эҳтиёждан ортган молдан фарз ва нафл садақотлар қилиб туришдир.  
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи ой тўлган кечадаги ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади». 
Имом Сарахсийнинг «Мабсут» китобида келтирилган. 
Бировларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш, қўни-қўшниларга мурувват, саховат кўрсатиш учун ҳалол касб-кор қилиб, ҳалол мол-дунё топган одам Аллоҳ таолога юзи ойдек порлаган ҳолда рўбарў келиш бахти билан мукофотланар экан.  
Тўртинчиси макруҳ, ёмон кўрилган даража. Бу даражадаги касб-кор қилиш – манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топишдир. Молини ҳалолдан топаётган бўлса ҳам, нияти мана шундай ёмон бўлса, одамларга мақтаниш, кибрланиш бўлса, бу макруҳ даражага айланар экан.  
Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссолату вассалом шундай деганлар:  
«Кимки мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога У Зот унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади».  
Эрта туриб, ҳалол ризқ топай деб, шу орқали бола-чақамни боқаман деган эзгу ният, пок ният билан ишга йўл олган инсонга Аллоҳ таоло албатта улуғ ажрлар ёзади.  
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди». 
Имом Ибн Асокир ривояти.  
Инсонни ниҳоятда хурсанд қиладиган ушбу ҳадисда айтилмоқдаки, ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб-чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунар экан. Инсон ишдан чарчаб келиб, уйида ухлаяпти. Мана шу уйқу унинг гуноҳига мағфират бўлган ҳолдаши уйқу бўлар экан, иншааллоҳи карим.  
Динимизда бу мавзудаги, яъни инсонни ҳалол ризқ топишга ундайдиган, бунинг фазилатлари, ажру савоблари баён қилинган ояти карималар, ҳадиси шарифлар ниҳоятда кўп. Аллоҳ таоло Қуръонда кундузни тирикчилик манбаи қилиб қўйганини, ер юзини инсон ишлаб, меҳнат қилиб, ризқ топиши учун муҳайё қилиб қўйганини кўп ўринларда баён қилган. Пайғамбарларнинг барчалари ҳалол касб-кор қилгани ва бу борада ўз умматларига шахсий намуна бўлганлари ҳақида ҳам жуда кўп ривоятлар келган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари чўпонлик қилганлари, тижорат қилганлари барчамизга маълум. Буларнинг барчаси сизу биз учун ўрнак ва намуна бўлмоғи керак экан.

@mehrob.uz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР