Тавсия қиламиз

Ҳар бир ишнинг, ҳар бир нарсанинг албатта савол-жавоби бўлади

Мақолалар access_time7-октябрь 2017, 13:00

Инсон умрини яшаб бўлиб, ҳаётининг поёнига келганда кўп нарсадан армон қилади,…

Хушхабар АБДУЛҚОДИР ҚОРИ БОДОМЗОР ДАҲАСИДАГИ "МИРЗА ЮСУФ" ЖОМЕ МАСЖИДИГА ИМОМ-НОИБИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ.

Янгиликлар access_time3-ноябрь 2017, 19:39

#Хушхабар АБДУЛҚОДИР ҚОРИ БОДОМЗОР ДАҲАСИДАГИ "МИРЗА ЮСУФ" ЖОМЕ…

#БИЛАСИЗМИ: Нима учун Қyръон ўқиймиз?

Мақолалар access_time25-май 2017, 14:10

  Нима учун Қyръон ўқиймиз? 1. Биз Аллоҳнинг амрига бўйсуниш учун Қyръон…

Ҳотамул Асам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари ва насиҳатлари

access_time4-феврал, 17:49 visibility595

Ҳотамул Асам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари ва насиҳатлари

Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, шайтон сизни гоҳида илм билан (амалдан) кечиктириб қўяди», дедилар. Шунда (саҳобалар): «Эй Аллохнинг Расули! Бу қандай бўлади?» деб сўрашди. У зот жавоб бердиларки: «Шайтон сизларга: «Илм ўрган, лекин мукаммал билмасдан туриб амал килма», дейди. Шундай қилиб, илмни гапириб, амални орқага сўришда давом этади. Ҳатто ҳеч қандай амал сиз ўлиб кетади».

Ҳасанул Басрий (р.а.) айтадилар: «Хоҳлаганингизча илм ўрганинг Аллоҳга қасамки, амал қилмагунингизча, Аллоҳ сизга савоб бермайди. Чунки эси пастларнинг ҳиммати ривоятдир, олимларнинг ҳиммати риоят - амал килишдир».

Охират олимларининг аломатларидан бири ейиш-ичишда исрофга, кийинишда ҳаддан ошишга ҳамда уй-жой ва жиҳозларда чиройли бўлишга майл кўрсатмасликдир. Балки бу ишларнинг барчасида иқтисодни устун қўйиш ҳамда салафларга ўхшаш ва уларнинг барчасида оз миқдор билан кифояланиш лозим. Шу озлик томонга майл зиёдалашгани сари, Аллоҳга яқинлик ҳам зиёдалашиб боради ва охират олимлари гуруҳига қўшилади.

Ҳотамул Асом (р.а.) талабаларидан бўлган Абу Абдуллоҳ Ҳавосдан (р.а.) ривоят килинган қўйидаги воқеа ҳам шунга далолат этади. Абу Абдуллоҳ (р.а.) айтадилар: «Мен Ҳотамул Асом (р.а.) билан Рай шаҳрига кирдим. Биз билан бирга ҳажни ният қилган 320 киши бор эди. Уларнинг устларида юпқа кийимлари бўлиб, (ундан бошқа) ковушлари ҳам, ёнларида таомлари ҳам йуқ эди. Мискинларни яхши кўрадиган дарвешсифат бир тужжор кишининг уйига қўндик. Ўша кеча у бизни меҳмон қилди. Эртаси куни (хонадон соҳиби) Ҳотамга: «Бир фақиҳимизни зиёрат қилмоқчи эдим. Ҳозир у бетоб.  Бирор хизмат бўлса айтинг», деди. Ҳотам: «Касални кўришда фазилат бордир. Факиҳнинг юзига боқиш эса ибодатдир. Шунинг учун мен ҳам сен билан бирга бораман», дедилар. Ўша бетоб киши Рай шаҳрининг қозиси Муҳаммад ибн Муқотил (р.а.) эканлар. Фақиҳнинг дарвозасига етиб борганимизда катта ва чиройли қасрга рўбарў бўлдик. Ҳотам (р.а.) олим кишининг дарвозаси шундай бўладими, деб ўйланиб қолди. Кейин изн берилди ва у киши ичкарига кирдилар. Ҳовли чиройли, шинам, кенг ва барча қулайликлари мухайё эди. Жуда чиройли пардалар ҳам кўзга ташланди. Ҳотам яна ўйланиб қолди. Кейин бемор ётган хонага кирди. У ерда юмшоқ гиламлар тўшалган эди. Бемор ўша гиламлар устида юмшоқ ўринда ётар ва бош томонида бир хизматкор қўлида елпиғич билан елпиб турар эди. Зиёратга келган киши унинг боши олдида ўтириб, ҳол-аҳвол сўради. Ҳотам эса тик тураверди. Шунда Ибн Муқотил у кишига ишора қилиб, ўтиришга буюрди. Ҳотам эса: «Ўтирмайман», деди. У киши: «Бирор эхтиёжинг борми?» деб сўради. Ҳотам: «Ҳа», деди. «Нима эҳтиёжинг бор?» деди. «Сендан бир масала ҳақида сўрамоқчиман?» деди. Ҳотам: «Сўрайвер», деди. Ҳотам: «Туриб тўғри ўтир, кейин сўрайман», деди. У киши тўғри ўтириб олди. Ҳотам: «Бу илмингни қаердан олгансан?» деб сўради. У киши: «Ишончли олимлардан олганман. Улар менга айтиб беришган», деди. Ҳотам: «Улар кимдан олишган?» деб сўради. У киши: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларидан», деди. Ҳотам: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайхи васаллам) саҳобалари қаердан олганлар?» деди. У киши: «Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам)», деб жавоб берди. Ҳотам: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кимдан олганлар?» деб сўради. У киши: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброилдан (а.с.), у эса Аллоҳ таолодан олган», деб жавоб берди. Шунда Ҳотам: «Айт-чи, Жаброил (а.с.) Аллоҳдан олиб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларига, саҳобалар ишончли кишиларга, ишончли кишилар сенга етказган ўша илмда данғиллама уйлари ва жуда кўп қулайликлари бўлган кишилар учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида бундан буюкроқ манзил бўлиши ҳакида бирор raп эшитдингми?» деди. У киши: «Йуқ», деб жавоб қилди. Ҳотам: «(Бу Ҳақда) қандай сўз эшитгансан?» деб сўради. «Эшитдимки, ким дунёни тарк килса, охиратга рағбат қилса, мискинларни севса ва охират амалларини биринчи ўринга қўйса, ўша киши учун Аллоҳ ҳузурида буюк мақомлар бордир», деди. Шунда Ҳотам: «Ундай бўлса, бу ишинг билан сен кимга эргашдинг? Расулуллоҳгами (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёки у зотнинг саҳобаларигами? Ё солиҳ кишиларгами? Ёки биринчи бўлиб ғишт ва тошдан иморат қўрган Фиръавн ва Намрудларгами? Эй ёмонлик олимлари! Дунёга қизиққан жоҳиллар сизга ўхшаганларни кўриб: «Олим киши шу ҳолатда бўлса, мен ундан ёмонроқ бўлайинми?» дейди». Кейин Ҳотам унинг ҳузуридан чиқиб кетди. Натижада Ибн Муқотилнинг касали кучайди. Рай шаҳри аҳлига Ҳотам билан Ибн Муқотил ўртасидаги можаро маълум бўлди.

Шунда улар Ҳотамга: «Қазвин шаҳридаги Танофусий (исмли факиҳ киши) бундан ҳам дабдабали яшайди», дейишди. Ҳотам (р.а.) эса, йулга тушиб, ўша ерга етиб борди, унинг ҳузурига кириб: «Сизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин! Мен бир ажамий кишиман. Динимнинг боши ва намозимнинг калити бўлган таҳоратни менга ўргатишингизни хоҳлайман. Намозга қандай таҳорат олишим керак?» деб сўради. Танофусий: «Хўп бўлади, жоним билан Эй хизматкор! Менга бир обдаста сув келтиринглар!» деди. Унга сув келтиришди ва у ўтириб ҳар бир аъзосини уч мартадан ювиб таҳорат қилди. Кейин: «Шундай таҳорат қил», деди. Ҳотам эса: «(Илтимос), шу ерда турсангиз. Мен ҳузурингизда таҳорат қилиб кўрсатсам. Хатоларимни тузатиб қўясиз», деди. Танофусий ўрнидан турди ва Ҳотам ўтириб таҳорат қила бошлади. Кейин аъзоларини тўрт мартадан ювди. Шунда Танофусий: «Эй биродар, исроф қилдинг», деди. Ҳотам: «қандай қилиб?» деб сўради. У киши: «Аъзоларингни тўрт мартадан ювдинг», деди. Шунда Ҳотам: «Субҳоналлоҳ (во ажаб)! Мен бир ҳовуч сувни кўп ишлатиш билан исроф қилган бўлсам, сен шунча нарсаларинг билан исроф қилмаяпсанми?» деди. Танофусий унинг мақсади ўрганиш эмас, балки шу нарсани билдириш эканини билди ва уйига кириб кетди, сўнг қирқ кун одамлар олдига чиқмади.

Кейин Ҳотам (р.а.) Боғдодга келди. Боғдод аҳли унинг ёнига тўпланиб: «Эй Абу Абдурраҳмон! Сиз ажамий кишисиз. Ким сиз билан гаплашса, албатта, мағлуб қиласиз», дейишди. Ҳотам айтдики: «Менда уч ҳислат бор, улар билан рақибим устидан ғолиб бўламан: аввало, рақибим тўғри фикр айтса, хурсанд бўламан; ҳато қилса, хафа бўламан; унга жоҳиллар каби муомала қилишдан эҳтиёт бўламан».

Бу хабар Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга (р.а.) етганида у киши: «Субҳоналлоҳ! Нақадар ақлли экан. Тўринглар, биргаликда унинг ҳузурига борайлик», дедилар. Ҳузурига кирганларидан кейин унга: «Эй Абу Абдурраҳмон! Дунёдан саломат бўлиш (чораси) нима?» деб сўрадилар. Ҳотам жавоб берди: «Эй Абу Абдуллоҳ! Сизда (қуйидаги) тўрт ҳислат топилмагунича, дунёдан саломат бўлмайсиз: қавмнинг жоҳилликларини кечирасиз; улардан ўзингизнинг жоҳиллигингизни тиясиз; ҳамма нарсангизни уларга сарфлайсиз; уларнинг нарсаларидан умид қилмайсиз. Шундай қилсангиз саломат бўласиз».

Кейин (Ҳотам) Мадинага йул олди. Мадина аҳли унинг истиқболига чиқди. Ҳотам: «Эй қавм! Бу қайси шаҳар?» деди. Одамлар: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шаҳарлари», дейишди. У: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қасри қаерда? у ерда намоз ўқимоқчиман», деди. Улар: «у зотнинг қасри бўлмаган, балки пастаккина кичкина уйлари бўлган, холос», дейишди. «Ундай бўлса, саҳобаларининг қасрлари қаерда?» деб сўради. Яна улар: «Уларнинг ҳам қасрлари бўлмаган. Пастак кулбалари бўлган, ҳолос», деб жавоб қилишди. Шунда Ҳотам: «Эй қавм! Бу Фиръавннинг шаҳри экан», деди. Одамлар уни тутиб, волийнинг олдига олиб бориб: «Бу ажамий одам Мадинани Фиръавннинг шаҳри, деяпти», дейишди. Волий ундан: «Нега бўндай дединг?» деб сўради. Ҳотам шундай деди: «Менга жазо беришга шошилманг! Мен ажамий ғариб одамман. Шаҳарга кириб, бу кимнинг шаҳри деб сўрадим. Одамлар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шаҳри, дейишди. Мен эса у кишининг қасри қаердалигини сўрадим...» Шундай қилиб, у булган воқеани айтиб берди. Охирида эса Аллоҳ таолонинг:

«Албатта, сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарларида гўзал намуна бордир»

(Аҳзоб сураси, 21-оят), деган оятини ўқиб: «Сизлар кимдан намуна оляпсизлар. Расулуллоҳданми? (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёки биринчи бўлиб ғишт ва тошдан уй қўрган Фиръавнданми?» деди. Шунда уни қўйиб юборди».

Салафларнинг камтарлик ва зеб-зийнатни тарк этиш каби сийратларидан юкоридаги маъноларга далолат қилувчи иборалар яна келади. Бу борадаги ҳақиқат шуки, мубоҳ нарсалар билан зийнатланиш ҳаром эмас. Лекин, унга чуқур киришиш унсиятни пайдо килади. Натижада уни тарк килиш қийинлашади.

Зийнатланиш фақат унинг сабабларига риоя этиш билан мумкин бўлади. Кўпинча унинг сабабларига риоя этмаслик мудоҳана (муроса, ҳушомадгўйлик), ҳалқнинг хоҳишига риоя қилиш, риёкорлик ва бошка манъ қилинган ишлардан иборат гуноҳларни келтириб чиқаради. Бу гуноҳлардан қўтулишнинг чораси зийнатланишдан сакланишдир. Чунки ким дунёга шунғиса, албатта, ундан саломат чиқмайди. Агар дунёга шунғиш билан бирга, ундан саломат қолиш мумкин бўлганида эди, Расулуллох (соллаллоху алайхи васаллам) дунёни тарк этишда муболага қилмас эдилар.

Исо (а.с.) айтганлар: «Илм ўрганиб, унга амал килмаган кишининг мисоли яширин зино килиб, ҳомиладор бўлган, кейин ҳомиласи билиниб, шарманда бўлган аёл кабидир. Чунки илмига амал қилмаган кишини Аллоҳ киёмат кунида гувоҳлар ҳузурида шарманда этади».

Муоз (р.а.) айтадилар: «Олимларнинг адашишидан эҳтиёт бўлинглар. Чунки одамлар наздида уларнинг қадри юқори бўлгани учун ҳатоларига эргашиб кетади».

Умар (р.а.) айтадилар: «Қачон бир олим тойилса, унинг тойилиши билан мавжудотдан бир олам тойилади».

Яна Умар (р.а) айтадилар: «Замонанинг бўзилишига сабаб бўлувчи уч нарса борки, унинг биринчиси олимнинг тойилишидир».

Ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: «Олимлар бошига яқинда шундай замон келадики, унда қалбларнинг ширинлиги таҳирга айланади. Ўша кунда олим ҳам, талаба ҳам илмдан фойдалана олмайди. Олимларнинг қалби шур ер каби бўлиб қоладики, унга осмондан қанча сув тушса ҳам, тузи кетмайди. Қачонки олимларнинг қалби дунё муҳаббатига ва дунёни охиратдан устун тутишга мойил бўлса (ўша кунлар келади). Ўшанда Аллоҳ уларнинг қалбидан ҳикмат чашмаларини олиб, ҳидоят чироқларини ўчириб қўяди. Уларнинг олимларига рўбарў келганингда, тили билан Аллоҳдан қўрқишини айтади. Ҳолбуки, амалида гуноҳлар кўриниб турибди. Ўша кунда тиллар нақадар бой, диллар нақадар қашшоқ. Ундан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, бунинг сабаби муаллимлар Аллоҳдан бошқаси учун таълим бергани, мутааллимлар Аллоҳдан бошқаси учун таълим олганидир».

Каъбул Ахбор (р.а.) айтадилар: «Охир замонда шундай олимлар бўладики, улар одамларга дунёни тарк қилдирадилар, лекин ўзлари тарк қилмайдилар, одамларни қўрқитадилар, лекин ўзлари қўрқмайдилар, амирлар атрофида бўлишдан қайтарадилар, бироқ ўзлари бораверадилар, дунёни охиратдан устун қўядилар ва тиллари орқали (ризқ топиб) ейдилар, фақирларни қўйиб, бойларга яқин бўладилар, хотинлар эркакларни рашк қилгани каби, улар ҳам илмларини қизганадилар, ўша олимлардан бири муҳлисларидан бирортасининг бошқаси билан ҳамсуҳбат бўлганини билса, унга газабланади. Ана шулар Раҳмоннинг душмани бўлган золим кишилардир».

Молик (р.а.) айтадилар: «Илм талаб килиш жуда яхши. Ният тўғри бўлса, уни ёйиш ҳам жуда яхши. Лекин сен эртадан кечгача ўзингга лозим бўлган ишларга қара ва ҳеч нарсани вазифангдан устун қўйма».

Ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: «Қуръон амал килиниши учун нозил этилган. Сизлар эса уни ўрганишни амал қилиб олдингизлар. Яқинда шундай қавмлар келадики, улар Қуръонни сув қилиб ичиб юборадилар. (Лекин) улар яхшиларингиз эмас. Илмга амал қилмайдиган олим давони сифатлаган бемор ёки таомларнинг лаззатини сифатлаган оч одам кабидир».

Аллоҳим барчаларимизни бу воқеа ва ҳодисалардан тўғри маънода фойдаланишни насиб айлагин. Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.

Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кабинет мудири ва Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жомеъ масжиди имом ноиби Уролназар Мустофо тайёрлади.

 

 

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР