Тавсия қиламиз

БИЛАСИЗМИ: Исмоил алайҳиссалом. 137 йил яшаганлар.

Биласизми access_time10-май 2017, 16:00

Қуръони  Каримда зикр қилинган пайғамбарлар      1.…

ТЎЛОВСИЗ НЕЪМАТ

Мақолалар access_time20-июнь 2017, 20:02

  Қария саксон ёшга етганида кар бўлиб қолди. Дўхтирлар унга бу касалликни…

КЎЗНИ ТИЙИШ – ҚАЛБ УЧУН РОҲАТ 

access_time17-феврал, 11:58 visibility2990

Аллоҳ таоло инсон танасининг айрим жойларига қарашни ман этган. Бунинг фойдалари бисёр. Номаҳрамларга қарашдан кўзини тийган одамнинг қалби ҳам, танаси ҳам саломат бўлади. Қолаверса, нигоҳни номаҳрамлардан тийиш билан жуда кўп ёмонликлар олди олинади, оилалар тинч бўлади. Бунинг биз билган-билмаган ҳикматлари кўп. 
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар ! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан Хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар). 
Одатда, мусулмон эркаклар учун айтилган гап муслима аёлларга ҳам тегишли бўлади. Аммо мазкур масала ўта муҳимлигидан эркакларга алоҳида, аёлларга алоҳида мурожаат этилмоқда. 
Оятдаги “мана шу улар учун энг тоза (йўлдир)” жумласига эътибор қаратамиз. Уламолар таъкидлашича, номаҳрамларга ёмон кўз билан қарамаслик, бузуқ ишлардан узоқ юриш қалб поклиги учун муҳимдир. 
Айтишларича, ким кўзини ҳаромдан тийса, Аллоҳ унинг басиратида бир нур пайдо қилади . 
Арабча “басират” сўзи “ақл-идрок”, “заковат”, “қалб кўзи”, “тажриба”, “ҳужжат”, “ибрат” каби маъноларни англатади. 
Ислом дини ўзида поклик, иффат каби фазилатларни мужассам этган. Мазкур қайтариқда ҳам қалб тозалиги, нафс софлиги, ният холислиги, амал мақбуллиги бор. 
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Номаҳрамларга) назар солиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Аллоҳдан қўрқиб уни тарк этса, У Зот азза ва жалла шундай имонни беради. Унинг ҳаловатини қалбида ҳис қилади ”. 
Бир ўйлаб кўрайлик: намозда, умуман ибодатларда ҳузур-ҳаловат тополмаётганимизга сабаб кўзни тия олмаслик эмасмикан?! 
Аллоҳ таоло бизга намозни шунчаки ўқиб қўйишни эмас, тўкис адо этишни буюрган. Намозда хушуъни топаман, деган одам биринчи навбатда кўзини, тилини, қулоғини, борингки, барча аъзоларини ҳаромдан сақлайди. Шунда секин-аста хушуъсизлик дардидан халос бўлади. 
Қуръони каримда айтилишича, номаҳрамлар билан бузуқ иш қилиш нияти бор одамнинг қалби касалдир. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй, Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмассизлар (яъни, бирон аёл фазл-мартабада сизлар каби бўлолмайди). Агар тақводор бўлсангиз (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида касаллик бўлган кимса тама қилиб қолади. Яхши – тўғри сўзни сўзланг!” (Аҳзоб сураси, 32-оят). 
Яъни: эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Бегона эркаклар шаҳватини қўзғайдиган тарзда майин овозда гапирманг. Қалбида касаллик бор кимса сизлар билан бу оҳангда гаплашса, нияти бузилади. 
“Яхши – тўғри сўзни сўзланг!” 
Яъни, қалбида касаллик бор кимса сиз ҳақингизда ёмон хаёлга борадиган ҳар қандай гапни гапирманг, балки энг яхши, ҳар қандай шубҳадан холи сўзларни сўзланг! 
Соғлом қалб эгаси зинони, ҳар қандай бузуқликни рад этади, ёмон хаёлларга бормайди. Касал қалб соҳиби эса гуноҳга мойил бўлади, бегоналарга ёмон кўз билан қарайди. 
Бир нарсани айтиб ўтиш керак: кўзни ҳаромдан тийиш дегани эркак киши бегона аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, бир номаҳрамга беихтиёр кўзи тушиб қолса, назарини дарҳол бошқа томонга бурсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки бегона аёлга кетма-кет қараш шаҳвоний ҳирсни уйғотади, инсон хаёлини чалғитади, бузуқликка чорлайди. 
Ҳадисларнинг бирида шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон (кишининг бегона) аёл гўзаллигига бир бор кўзи тушганда, нигоҳини четга қаратса, Аллоҳ (ўша инсон) учун бир ибодатни пайдо қилади. Унинг ҳаловатини (қалбида) топади ”. 
Биз Аллоҳнинг амрига итоат этсак, У Зот дилимизга ихлос неъматини солади. Унинг ҳаловатини ибодат чоғида сезамиз. Дунёда имон лаззатидан ҳам қадрлироқ, кўнгил хотиржамлигидан-да тотлироқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло барчамизни мустаҳкам имон, ихлос, офият неъмати билан ярлақасин! 

"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР