Тавсия қиламиз

ВАТАН МУҚАДДАС МАСКАН 

Мақолалар access_time1-сентябр 2018, 13:37

Маълумки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у Зотнинг зурриёдларини…

Шаъбон ойи фазилатлари

Мақолалар access_time10-май 2017, 18:37

Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир.…

ПОДШОҲ БИЛАН АСИР

Мақолалар access_time6-сентябр 2017, 13:23

Подшоҳ бегуноҳ бир асирни ўлимга ҳукм қилди. Жонидан умидини узган асир,…

ҚУРЪОННИ ТЕЗ-ТЕЗ ТАКРОРЛАБ ТУРИШ ЛОЗИМЛИГИ 

access_time19-феврал 2018, 14:47 visibility953

 
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни такрорлаб туринглар! Жоним измида бўлган Зотга қасамки, (Қуръон) арқонига боғлаб қўйилган туядан ҳам тезроқ қочиб кетади”, деганлар . 
Туя боғлаб қўйилгач, тез-тез хабар олиб турилмаса, арқонини шартта узиб бир зумда кўздан ғойиб бўлади. Қуръонни ёдлагандан кейин муттасил такрорлаб турилмаса, хотирадаги оятлар секин-аста унутила бошлайди. Қорининг масъулияти ҳам шунда. 
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръон соҳиби боғлаб қўйилган туянинг эгасига ўхшайди. Агар маҳкам тутиб турса, ушлаб қолади. Мабодо бўш қўйса, қочиб кетади”, дейилган . 
Қуръонни такрорлаш фойдаси кўп. Жумладан: 
1. Қуръон ўқигани учун савоб олади; 
2. Қуръонни унутиб юбормайди; 
3. Кўп такрорлагани учун тил келишмайдиган сўзларни яхши ўқийди; 
4. Қуръон маъноларини тушунади, аввал идрок этмаган оятлар маъносини шуурига сингдиради, билмаганини тафсир китобларидан ўқиб ўрганади. 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси бир одам Қуръон ўқиётганини эшитиб: “Аллоҳ унга раҳм қилсин! Менга унуттирилган фалон-фалон суралардаги фалон-фалон оятни ёдимга солди”, дедилар . 
Пайғамбар алайҳиссалом Қуръондан бирон оятни унутишлари мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло: “Биз сизга қироат қилдирамиз, Сиз зинҳор унутмайсиз”, деб ваъда берган. Бу ерда оятлар жойлашиш ўрни, кетма-кетлиги назарда тутилмоқда, десак хато бўлмайди. Зеро, Қуръон Фотиҳадан Носгача оятма-оят тартиб билан нозил қилинмаган. Бир оятдан кейин бошқа сура ояти тушган. Расулуллоҳ котибларга айтиб, оятларни тегишли ўринларга ёздириб қўйганлар. 
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирон киши: “Фалон-фалон оятларни унутдим”, дейиши нақадар ёмон! Лекин (аслида) унга унуттирилган бўлади. Қуръонни эслаб туринглар! (Каломуллоҳ) кишилар қалбидан қозиғига танғиб қўйилган туядан ҳам тез қочиб кетади”, деганлар . 
Уламолар айтишича, уч хил сабабга кўра “Қуръонни унутдим” дейиш мумкин эмас: 
1. Бу билан мусулмон одам Қуръонни тарк этган бўлади. 
2. “Қуръонни унутдим”, деган одам ўз зарарига гувоҳлик беради. 
3. Аллоҳ амалларнинг Яратувчисидир. Банданинг ёдлашини ҳам, унутишини ҳам Аллоҳ яратади. 
Машаққат билан Қуръон ёдлагандан кейин бепарво бўлиб унутиб юбориш яхши эмас. Аллоҳ сақласин, шундай бўлган тақдирда: “Фалон оятни унутиб қўйдим”, дейилмас экан. Зеро, унутиш тарк этиш дегани. Ҳақиқий мўмин банда Қуръонни тарк этмайди, Аллоҳнинг Каломига бир умр ошно бўлади. 
 
"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР