Тавсия қиламиз

Совчилик масаласи

Мақолалар access_time28-октябрь 2017, 13:32

Совчиликни умр савдоси дейдилар. Савдода эса молнинг айбини айтиб сотиш…

Ҳар бир ибодатда инсон манфаати бор

Мақолалар access_time19-апрел 2017, 17:31

Динимиздаги ибодатларни бир таҳлил қилиб кўрсак, ҳар бирининг замирида албатта…

Фирибгарлик – оғир жиноят!

access_time6-март, 13:35 visibility476

Фирибгарлик – оғир жиноят!

«Фириб» сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади.
Динимиз – ҳақ дин, чунки бу Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг динидир. Шундай экан, ҳар қандай ёлғон нарса динимизга мутлақо ёт бўлади, унинг энг кичик кўринишидан тортиб энг каттасигача шариатда қатъиян тақиқланган бўлади. 
Фирибгарларнинг энг каттаси қиёматга яқин чиқадиган дажжолдир. Дажжол ўзи фирибгар дегани. Дажжолга фириб қилишга бир марта имконият берилади, шу бир марта фирибда у кўпчиликни – ўзига ўхшаган дажжолларни эргаштиради ва дўзахнинг қаърига қулайди. Қуръони Карим бизга гоҳ тарихдан, гоҳ келажакдан кўп хабарлар беради. Келажакда бўладиган ишларга иймон келтириш эса шариатимизнинг буйруғидир. Ана шундай ишлардан биттаси дажжолнинг чиқишидир. У ҳали чиқмаган, лекин чиқиши аниқ. Дажжолнинг феъли, сифатлари, фириблари ҳақида Қуръон ва Суннатда маълумотлар берилган. Нима учун? Ўша дажжолга ўхшамаслик учун, дажжол чиқадиган замонда  яшаб қолсак, дажжолни таниб, унга эргашмаслик учун. Лекин, азизлар, иблиснинг шайтонваччалари кўп бўлганидек, дажжолнинг ҳам дажжолчалари кўп бўлади. Ҳеч бир замон, ҳеч бир аср бу дажжолчалардан холи бўлмайди. 
Фирибгарликнинг асоси ёлғондан бошланади, унинг асоси эса иймонсизликдан, ишончсизликдан бошланади. 
Ризқига иймон келтирмаган ёки бу ҳақда саҳиҳ маълумотга эга бўлмаган банда ризқ топишда шошилади, пала-партиш ҳаракат қилиб, ризқи ҳалолдан келяптими, ҳаромдан келяптими – ажрата олмайди. Тўғрироғи, унга осонлик билан ҳаромдан ризқ келаётган бўлса, кўпинча буни ажратгиси ҳам келмайди. Ҳолбуки, ризқ ҳалол ва ҳаромга бўлинади. Ҳалол ризқ учун савоб оламиз, ҳаром ризқ учун иқоб оламиз. Иймони ноқис банданинг ризқи осонлик билан, лекин ҳаромдан келаётган бўлса, бу ризқдан осонликча воз кеча олмайди. Ҳаромдан қуйилиб, оқиб келаётган ризқдан воз кечиш учун инсоннинг қалбида  мустаҳкам иймон бўлиши керак. Ризқни Аллоҳнинг беришига ишонган одам, ризқнинг ҳалол ёки ҳаром бўлишига, бирига савоб, бирига гуноҳ бўлишига аниқ ишонган одам ёлғончилик қила олмайди, ҳаромхўрлик қила олмайди, фирибгарлик қила олмайди.
Фирибгарлик асосан ризқни нотўғри излаш устига бино қилинади, биродарлар. Шунинг учун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида инсон қўлидан келган ишда фирибгар бўла олади. Демак, одам қўлидан келмаган ишда фирибгар бўла олмайди. У фақат ўзига маъқул бўлган,  осон бўлган ишга киришади ва шу йўлда, шу ишдан келаётган ризқига қаноат қилмай, кўпроқ мол топиш, кўпроқ обрў топиш учун шу йўлга қадам босади. Чунки обрўнинг замирида ҳам барибир ўша ризқ ётади. 
Бугунги мавзу бўйича мавъизалар тезиси чиққан кундан бери турли соҳа вакиллари билан гаплашиб, уларга бир хил савол бердим: «Сизнинг соҳангизда қандай фирибгарлик бўлиши мумкин?» Машина олиб-сотувчилар ҳам қолмади, таксичилар ҳам қолмади, шифокор ҳам, инженер ҳам, савдогар ҳам қолмади. Кўпчилик билан гаплашиб чиқишга ҳаракат қилиб, ҳар бирига шу саволни бериб чиқдим. Афсуслар бўлсинки, фирибгарлик ҳамма соҳада бор экан. Масжиддек муборак жойда ҳам, бегуноҳ, покиза инсон дунёга келадиган туғруқхонадек масканда ҳам фирибгарлик бўлганидан кейин, бошқа жойда ҳам бўлар экан. Минг афсуслар бўлсин.
Бозорни-ку энди қўяверинг, у ерда фирибгарликнинг неча-неча турлари бор. Биз бозордагилардан ҳам юқоридаги саволни сўрадик, лекин у ерда қандай фирибгарликлар борлигини айтишни ўзимизга эп кўрмадик. Эҳтимол, фирибгарликнинг бу турларини билмаганлар, бундан бехабарлар бўлса, уларни хабардор қилиб қўймайлик, янги бир фирибгарликка сабабчи бўлиб қолмайлик деб, қулоқларимиз фирибгарликка кўникиб қолишига сабабчи бўлиб қолмайлик деб, бунга журъатимиз етмади. 
Дажжолга инсоф сўрай олмаймиз, аммо мусулмон бўла туриб, хато қилиб юрган, адашиб юрган, фириб билан ризқ топаман деб, фириб билан жойимни сақлаб қоламан деб юрганларга тўғри йўл, инсоф-тавфиқ сўраб қоламиз. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР