Тавсия қиламиз

МАЪСИЯТДАН ТЎХТАШГА ЁРДАМ   

Мақолалар access_time11-сентябр 2017, 13:02

 Бир киши Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига келиб:   – Эй…

АЛЛОҲНИНГ КИТОБИ УЧУН НАСИҲАТ

Мақолалар access_time14-август 2017, 13:21

АЛЛОҲНИНГ КИТОБИ УЧУН НАСИҲАТ  "У Зотнинг Китоби учун" насиҳат…

ЕР КУРРАСИНИ УСТИНГИЗГА ЮКЛАБ ОЛМАНГ

Мақолалар access_time14-январ, 14:26

 Бир тоифа одамлар бор, ҳаёт ҳодисаларидан асабийлашгани асабийлашган.…

Мўмин-мусулмонлар бир-бирини кўрмаса ҳам, уларнинг руҳи бир кунлик масофадан бир-бири билан мулоқот қилиб туради

access_time7-март, 20:01 visibility1728

Мўмин-мусулмонлар бир-бирини кўрмаса ҳам, уларнинг руҳи бир кунлик масофадан бир-бири билан мулоқот қилиб туради

Бола тарбиясига аввало унинг софлигини сақлаган ҳолда ёндашмоғимиз зарур экан, биродарлар. Унинг софлигини сақлаган ҳолда, тўғри ёндашган ҳолда, унга қўядиган талабларни тўғри қўйиш билан тарбия қилишимиз керак. Тарбияда фақат қўл билан эмас, онг билан, қалб билан, ният билан қилинади. Бугунги ахборот асрида, технология асрида сенсор деган нарсани билдик. Сенсор ҳозир кўп нарсада ишлаяпти. Масофавий таъсир ўтказишда инсон суперсенсор экан. 
Имом Бухорий «Адабул муфрад» асарида ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларини келтирганлар: «Мўмин-мусулмонлар бир-бирини кўрмаса ҳам, уларнинг руҳи бир кунлик масофадан бир-бири билан мулоқот қилиб туради».
Мана шу суперсенсор алоқа ота-она билан бола ўртасида албатта мавжуд бўлади. Ота-она билан фарзанд орасида то у балоғатга етгунича, онги, ақли жойига келгунича мана шу боғланиш бор бўлади. Фарзандга едирилаётган луқманинг тарбияга таъсирини тушунсак, суперсенсор тушунчасини ҳам тушуниб оламиз. Бола еган луқма унинг феълига таъсир қиляпти. Таом – бу модда, кўриниб турган жисм, хулқ эса кўзга кўринмай турган нарса. Демак, модда руҳга таъсир қилар экан-да? Ҳаром еб ўсган бола барибир ҳаромга тортиб кетади, ҳалол еб ўсган бола барибир ҳалолга тортиб кетади. Мана шу бизнинг кўзимизга кўринмаётган таъсирдир. Бир-биридан бегона, лекин мўмин-мусулмон биродарлар орасида руҳий алоқа бўлар экан, жондош, қондош ота-она билан боланинг мулоқоти бўлмайдими? Албатта, бўлади. Шунинг учун биз биринчи ўринда фарзандга нисбатан ниятимизни тўғри қилишимиз, муносабатимизни тўғри қилишимиз лозим. Боланинг руҳини кўтарсак, уни хайрли ишларга шижоатлантира олсак, мана шу тарбиядаги энг муҳим қадам бўлади. Нима учун бир вақтлар бизнинг халқдан буюк уламолар, улуғ фотиҳлар, шижоатли саркардалар кўп етишиб чиққан? Чунки ота-оналар уларга тўғри тарбия бера олган, боладаги қобилият, иқтидор, истеъдодларни тўғри йўналтира олган. Бу борада дунёни забт этган Амир Темур ҳазратларини эсласак, кифоя. У зотлар бунчалик жасоратни қаердан олишган? Нима учун бугун бизнинг фарзандларимиз қўрқоқ бўлиб ўсяпти? Чунки ўзимиз уларни ёшлигидан қўрқоқ қилиб тарбиялаб қўйяпмиз? Бир нарса қиламан деса, фақат қайтарамиз. «Юқорига чиқма, йиқиласан», деймиз. Нима учун? Ўша йиқилишни унинг онгига ўзимиз қуйиб, салбий таъсир ўтказяпмиз. Ваҳоланки, уни қайтариш эмас, бу йўл яхши, тўғри йўл эмаслигини кўрсатиб беришимиз керак. Телевизорнинг устига чиқаман деяптими, чиқаринг. Чиқсин, бир марта чиққанидан кейин, ўша қизиқиш йўқолади. Қайтарсангиз эса, инсон тақиқланган нарсага ўч бўлади, сиз йўғингизда чиқади, ана шунда ростдан ҳам йиқилиб тушиши мумкин. Аммо сиз борингизда чиқаман деса, чиқсин. Телевизорнинг устига чиққани билан гуноҳкор бўлиб қолмайди. Бу бир мисол, азизлар. Албатта, жиддий шикаст етадиган нарсадан қайтариш керак. Лекин ҳар бир ҳаракатини қайтараверсак, болада иштиёқ, интилиш, изланиш йўқолиб қолади. Ҳаддан ташқари эҳтиёткор, ланж, қўрқоқ, мижғов бўлиб қолади. Уларни қайтаравериб, қайтаравериб, охири лоқайд қилиб қўйяпмиз. «Борма, тушиб кетасан. Ташқарига чиқма, шамоллаб қоласан», деявериб, ҳар бир ишдан шаштини қайтариб қўймайлик, демоқчимиз холос. Болада ҳали қўрқув йўқ, қўрқув бўлмагани учун у бирпасда шамолламаслиги ҳам мумкин, тушиб кетмаслиги ҳам мумкин. 

Хуллас, тарбия фақат тақиқлаш, тергаш, чеклаш билан эмас, ундаш, қизиқтириш, зиммасига масъулият юклаш билан ҳам олиб борилиши керак. Ана шундай руҳиятда тарбия олиб борсак, ана шу руҳиятда болани шижоатли, қалбини ҳур, фикрини кенг қилиб ўстирсаккина, иншааллоҳ, келажакда улардан улуғ зотлар, комил инсонлар етишиб чиқади. Ҳамма нарсадан қайтарилган, қўрқитилган, фикри эркин бўлмаган боладан қандай қилиб улуғлар чиқсин? Унда фикр эркинлиги ҳам йўқ. Болангиз бирор маслаҳат берса, «Отанга ақл ўргатма!» деб уришиб бераверсангиз, охири у фикрламайдиган бўлиб қолади, қилаётган ишингизга бефарқ бўлиб қолади. Ўз фикри билан иш қилишдан безиб қолади. Биров буюрсагина, биров айтсагина қиладиган, бўлмаса ўзи мутлақо ташаббус билдирмайдиган бўлиб қолади. Маслаҳат бераётган бўлса, эшитиб кўринг, тўғри бўлса қабул қилиб, кўнглини кўтаринг, нотўғри бўлса яхши гап билан тушунтириб, янада фикрлашга унданг. Инсонда доим нимагадир интилиш, юқорилаш иштиёқи бўлади. Биз ана шу нарсани синдириб қўймаслигимиз керак. Айниқса бугунги кунимизда бу нарса жуда зарур бўлиб турибди.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР